Йўл қурилишига хусусий сектор жалб этилади
Президентимизнинг 2023 йил 10 октябрдаги “Йўл хўжалиги соҳасини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-330-сонли қарори қабул қилинди. Ушбу қарорга кўра, 2024 йилнинг 1 январидан автомобиль йўлларида бажариладиган иш турлари қуриш ва реконструкция қилиш, таъмирлаш ҳамда сақлашдан иборат бўлади. Лойиҳа-смета ҳужжатларини тайёрлаш, йўл-қурилиш ишларини амалга ошириш, шунингдек, уларни қабул қилиб олишда ҳажм ва сифат кўрсаткичларини назарда тутадиган тизим (“ҳажм услуби”) жорий этилади.
Шунингдек, автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш ишлари якунланган объектларнинг асосий конструктив элементлари бўйича камида уч йиллик кафолатли хизмат қилиш муддати жорий этилади. Йилнинг ҳарорат юқори бўлган вақтларида автомобиль йўлларида юк ташувчи транспорт воситалари ва автопоезд (тиркама)ларнинг (махсус транспорт воситаларидан ташқари) ҳаракатланишига мавсумий чекловлар ўрнатилади. 2024 йилдан хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўллари, шаҳарлар, шаҳар посёлкалари, қишлоқлар ва овуллар кўчаларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш учун бюджет маблағлари фақат “Менинг йўлим” дастури орқали ажратилади.
Энди “e-auksion shop” орқали сотилади
Вазирлар Маҳкамасининг шу йил 4 октябрдаги 526-сонли қарори билан “Давлат даромадига олинган мол-мулкларни соддалаштирилган аукцион тамойиллари асосида “E-auksion shop” электрон савдо дўкони орқали сотиш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланди. Ушбу Низом билан давлат даромадига олинган мол-мулкларни (озиқ-овқат маҳсулотлари, автомототранспорт, кўчмас мулк ва қонунчилик ҳужжатларида белгиланган бошқа мулкий ҳуқуқлар бундан мустасно) соддалаштирилган аукцион тамойиллари асосида “E-auksion shop” электрон савдо дўкони орқали сотиш тартиби белгиланди.
Савдода иштирок этиш учун буюртмачи ва иштирокчи савдо платформасида рўйхатдан ўтади. Савдода иштирок этиш учун закалат пули мол-мулк бошланғич нархининг 5 фоизи миқдорида белгиланади ва тегишли миқдордаги маблағ операторнинг банк ҳисобварағига ўтказилади. Буюртмачи оператор билан электрон дўконда савдолар ўтказиш бўйича хизматлар кўрсатиш юзасидан савдо платформаси орқали шартнома тузади. Дастлабки савдо ўтказилиши тўғрисидаги хабарнома жойлаштирилган вақтдан 30 календарь кун давомида савдо объекти сотилмаса, автоматик тарзда савдо объекти буюртмачига қайтарилади.
Далолатномаларни қайд этиш соҳасидаги ҳужжатлар тизимлаштирилади
Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 20 октябрдаги “Никоҳ, оила ва фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тизимлаштириш тўғрисида”ги 550-сонли қарори қабул қилинди.
Ушбу қарорга кўра, қуйидагилар тасдиқланди:
– Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари тўғрисидаги низом;
– Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари ходимларининг сонини белгилаш тартиби тўғрисидаги низом;
– Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш қоидалари;
– Туғилганликни қайд этиш билан боғлиқ комплекс давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламенти;
– Ўлимни қайд қилиш билан боғлиқ композит давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламенти.
Янги гербли гувоҳномалар берганлик учун (ўлим ҳақидаги гербли гувоҳномалар ҳамда етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни тарбия муассасаларига жойлаштиришда берилган туғилганлик ҳақидаги гербли гувоҳномалар бундан мустасно) герб йиғими БҲМнинг 15 фоизи миқдорида ундирилади. Шунингдек, фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органларининг архив маълумотларини рақамлаштириш натижасида турли йиллар давомида бир хил серия ва рақамли туғилганлик ҳақидаги гувоҳномалар расмийлаштириб берилганлиги ҳолатлари аниқланган тақдирда, ушбу гувоҳномаларни қайта расмийлаштирганлик учун герб йиғими ундирилмайди;
ФҲДЁ органлари тегишли ёзувлар орқали туғилганлик, никоҳ тузиш, никоҳдан ажралиш ҳамда ўлим ҳақидаги фуқаролик ҳолатлари далолатномаларини қайд этади. Фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувлари давлат аҳамиятига молик ҳужжатлар ҳисобланади, бир нусхада тузилади ва ФҲДЁ органларида қайд этилган вақтдан бошлаб 75 йил мобайнида сақланади. Фарзандликка олиш, оталикни белгилаш, фамилия, исм ва ота исмини ўзгартириш, жинсни ўзгартириш каби воқеа ва фактлар юқорида санаб ўтилган фуқаролик ҳолатлари далолатномаларида уларга тегишли ўзгартиришлар киритиш орқали акс эттирилади.
* * *
Жорий йилнинг 1 ноябридан айрим тўлов ставкалари қуйидаги миқдорда белгиланади:
– Автотранспорт воситаларига рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгилари (РЎДРБ) учун – БҲМнинг 3,5 баравари миқдорида;
– Мототранспорт воситалари, мотороллерлар ва тиркамаларга РЎДРБ учун – БҲМнинг 1,75 баравари миқдорида;
– Транзит РЎДРБ учун – БҲМнинг 25 фоизи миқдорида;
– Яроқсиз ҳолга келган, бузилган ёки шикастланган бир жуфт РЎДРБ ўрнига янги РЎДРБ бериш учун – БҲМнинг 3,5 баравари миқдорида;
– Яроқсиз ҳолга келган, бузилган ёки шикастланган бир дона РЎДРБ ўрнига янги РЎДРБ бериш учун – БҲМнинг 1,75 баравари миқдорида.
* * *
Қонунчиликка кўра, ўзини ўзи банд қиладиган фуқароларга айрим турдаги фаолиятни амалга ошириш (касаначилик, ҳунармандчилик, иссиқхона қуриш ва шу кабилар учун зарурий хом ашё, эҳтиёт қисм ҳамда қурилиш молларини сотиб олиш) мақсадида 5 миллион сўмгача миқдорда кредит маблағи нақд пулда берилиши белгиланган.
* * *
Тадбиркорлик субъектларининг маҳаллаларда, шу жумладан, ташкил этилган микромарказларда ишлаб чиқаришни, хизмат кўрсатиш соҳасини ва ҳунармандчиликни ҳамда аҳоли билан кооперация ва касаначиликни кенгайтиришга йўналтирилган лойиҳалари учун ҳоким ёрдамчиларининг тавсияномаси асосида ажратиладиган кредитлар миқдори амалдаги 225 миллион сўмдан 300 миллион сўмгача оширилиши белгиланган. Бунда, ташаббускор лойиҳада камида 30 фоиз улуш билан иштирок этиши лозим.
* * *
Қонунчиликка кўра, қуйидаги педагоглар мажбурий аттестацияга жалб этилмаслиги белгиланган:
педагогик фаолият бўйича 25 йил ва ундан кўп иш стажига эга педагог ходимлар;
ёшга доир пенсияга чиқиши учун 5 йилдан кўп бўлмаган муддат қолган педагог ходимлар.
* * *
Қуйидаги шахсларга нисбатан, яъни:
пенсия ёшига етган шахсларга;
– ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларга;
– ҳомиладор аёлларга;
– уч ёшга тўлмаган болалари бор аёлларга;
– биринчи ва иккинчи гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга;
– доимий ишга эга шахсларга;
– ҳарбий хизматчиларга ҳақ тўланадиган жамоат ишлари қўлланилмайди.
Саҳифани Саид ҲАСАНОВ тайёрлади.
