“Ҳукумат тили шу ҳукуматнинг хўжаси бўлғон халқнинг она тилидур”. Ўзбек тилининг бой ва бетакрорлигини Алишер Навоий олти аср олдин бутун дунёга исботлаган эди. Аммо кейинги даврларда араб ва форс тилларида ижод қилиш кўлами кенгайиб, ўзбек тили иккинчи даражали тилга айлана борди. Мактаб ва мадрасаларда ҳам ўзбек тили фан сифатида ўқитилмади. Бу эса тилимизни жар ёқасига келтириб қўйди. Фақатгина ХХ аср бошларига келиб, жадидлар ўзбек тилининг Алишер Навоий давридагидек мавқейини тиклашни ўз зиммаларига олди. Унинг мавқейини тиклаш, давлат тили даражасига кўтариш учун ҳаракат бошлашди. Туркистон тараққийпарварлари биринчи навбатда ёши улуғ уламоларнинг ўзбек тили қолиб, форсчада, ёшларнинг усмонли ва татар тилида сўзлашишларини, ёзишларини танқид қилди.
Жумладан, жадид намоёндаси Ашурали Зоҳирий “Садойи Фарғона” газетасининг 1914 йил 13 апрель сонида чоп қилинган “Она тили” мақоласида “Нечукки, олимларимиздан бири бирор ерға хат ёзса ёки бировға берган нарсасини хотира дафтарига ёзса ўз она тилини қўйиб форс тилида ёзадурлар. Ёшларимиз бўлсалар ўз ерликларидан бирини зиёфатиға чақуриб хат ёзсалар усмонлича ёки татарча ёзадурлар. Буларнинг сабаби ҳам равшандурки, биринчилари: ўзларининг Эрон адабиёти таъсири билан нурлаган бўлсалар, иккинчилари: татар ва усмонли адабиёти воситаси билан фикрларини очгандурлар. Шунинг учун ҳам ҳар икки гуруҳ ҳам ўзларининг “тур” олғон тарафлариға қараб тортадурларда ўз она тиллариға ҳақорат назари билан боқуб кундан кун эсдан чиқармоқға бошлайдурлар”, деб куюниб ёзади.
Жадидлар форс, араб, рус ва бошқа тилларни ўрганиш давр талаби эканини қайд қилиб, ёшларни тил ўрганишга даъват қилганлар. Аммо дастлаб она тилини билиши кераклигини таъкидлаб, ўз тилини яхши билмаган бошқаларни ҳам яхши ўргана олмайди, дея ҳисоблаган. Жумладан, Ашурали Зоҳирий Лутфий ва Навоийларнинг ўзбек тили ривожидаги хизматларини эътироф этиб, “Мавлоно Лутфий, Алишер Навоийдек зотлар қирққа яқин асарлари билан она тилимизнинг бошқа тиллардан анча бойлиғини шеърда берилғон мазмунини, мусиқадаги латофатини “Мезонул авзон” ва “Муҳокаматул луғатайн”лари билан билдурғон эрдилар”, деб ёзади.
Маълумки, биринчи жаҳон уруши даврида Усмонли турк салтанати ҳудудининг катта қисмидан айрилади. Ашурали Зоҳирий ўзбек тилининг ўз давридаги аҳволини Туркиянинг йўқотилган сарҳадларига қиёслайди ва “Туркияни дўст тутқон киши жуғрофияни ўқуб кўруб, Туркиянинг шунча ерлари қўлдан чиқиб кетганига юраги ёниб жони сиқилганидек она тилиға муҳаббати бор киши ҳам Алишер Навоий асарларини ўқуб кўрганда тилимиз аввалда шунча бой ва мукаммал экан, нима қилдикки ул латофат, ул нафосатларини йўқотиб киши танимайдурғон бир ҳолға келтуруб қўйдук деб оҳлар тортур”, деб таъкидлайди.
Ашурали Зоҳирий халқни тил муҳофазасига чақиради: “Нечукки, ҳар бир инсоннинг жонидан азиз нарсаси дин ва миллатидур, дин ва миллатни муҳофазати ҳам ҳар инсонға вожибдур. Уни муҳофазати она тили муҳофазати билан бўлур. Қачонки бир миллат тилини йўқотса, ул вақт динини ва миллатини ҳам йўқотур. Бунинг бирлан миллат ўзини дунёда борлиғини билдуруб она тилида ўқутмоқ ва таълим бермоқ масалалари чиққанда ўзиға айрим тили борлар қаторидан ҳисоблануб, тили йўқлар қаторига кириб қолмас”.
* * *
Жадидлар илк бор янги усул мактабларида ўзбек тилида ўқитишни кенг жорий қилдилар. Форс ва араб тилидаги дарсликлар ўрнини ўзбекча ўқув қўлланма ҳамда дарсликлар билан босқичма – босқич тўлдириб бордилар. Туркистон жадидчилик ҳаракатининг таниқли намоёндаларидан бири Абдурауф Музаффарзода “Садойи Туркистон” газетасининг 1914 йил 4 июль сонидаги “Тил ҳам дин” мақоласида “Ўзимизнинг она тилимиз ила мактабларимизда дин ўқутмак ниҳоятда фойдали ва шояд керакли бир тадбирдир. Мусулмон болаларини дин руҳи ила тарбия қилмак ва қалбларига иймон ва аркони исломияни сингдурмак учун бундан фойдали тадбир йўқдур. Тилимизнинг энг керак ери ҳам шул масаладир”, деганда айнан ўзбек тилини мактабларда жорий қилинганини назарда тутган эди.
Абдурауф Музаффарзода “Садойи Туркистон” газетасининг 1915 йил 19 февраль сонида чиққан “Тил ва имло масаласи” номли яна бир мақоласида матбуот ҳамда адабиётнинг яхши тил ва имлога муҳтожлиги масалалари ҳақида фикр юритади. Одам боласи сўзлашиш учун тилга қанчалик муҳтож бўлса, матбуот, адабиёт ҳам яхши имлога шунчалик муҳтож, деб ҳисоблайди. У ўзбек тилини ривожлантириш борасидаги ҳаракатлар суст кетаётгани, мактаб муаллимлари имло масалаларига жиддий эътибор қаратмаётгани, матбуотда тил-имло бўйича жиддий муҳокамалар бошланмаганидан афсусланади.
У мактаб ва мадрасаларда ўқитиш тили ўзбек тили асосига қурилмагани, ўқувчиларга фанлар араб, форс тилларидаги дарсликлар, ўқув қўлланмалардан ўқитилиши, бу ҳолатнинг ҳамон давом этаётгани, сўзлашувда, ёзувда араб ҳамда форс тилидаги сўзлардан фойдаланиш ўзбек тили нуфузининг пасайишига хизмат қилди, деб ҳисоблайди: “Она тилида ҳеч бир дарс ўқутулмади. Зотан ул мадрасаларда дунёда таҳсил ва таълим шундан иборат деб ўйланур эди. Бас она тилининг қиймати илмий доираларда кундан-кун камайди. Она тили илмий ишларда истеъмол қилинмади, шунинг учун унинг саломатлигига эътибор қилган киши ҳам бўлмади. Истеъмолдан маҳрум қолғон бир нарсанинг бекор туруб кундан-кун унутулмоғи ва аҳамиятдан тушуб ниҳоят бутунлай битмоғи маълум бир ҳақиқатдир.
Шунинг учун она тилимиз ҳам йилдан-йил заифланди.Ўқуғанларимиз тил бузулмоғига хизмат этдилар. Арабий ва форсий қанча луғат билсалар шуни бир фазилат санаб тилларига қабул этдилар. Кўп нарсаларға ҳеч бир узрсиз арабча ва форсча исмлар қўйдулар. Шул тариқа тилимиз бузилди. Ва истеъмолдан маҳрум бўлуб кўп сўзларимиз унутилди. Туркистон боласи уялмади. Ўзининг энг чиройлик сўзларини тилидан қувлаб чиқарди. Бўш қолғон жойларга ўгай болалар кетуруб ўтурди. Энди ҳозирда биз тилсиз қолдук. Сарф ўз тилимиз ила мақсадимизни англатмакдан ва бир керакли нарса ёза билмакдан маҳрум қолдук”.
Дилноза ЖАМОЛОВА,
ЎзРФА Тарих институти директорининг
илмий ишлар бўйича ўринбосари.
