Маълумки, Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2023 йил 16 март куни Анқара шаҳрида бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилотининг фавқулодда саммитида нутқ сўзлаган эди. Унда Президентимиз бир таклиф билдирганди: ”Талафот кўрган ҳудудлардан ёши улуғ инсонлар ва нуронийларнинг юртимизда соғлиғини тиклаши ва дам олишлари, шунингдек, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Баҳоуддин Нақшбанд каби буюк аждодларимиз қадамжоларини зиёрат қилишлари учун барча қулай шарт-шароитларни яратиб берамиз. Бу гуруҳларга Ташкилотимиз Оқсоқоллар кенгаши бошчилик қилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди”. Мазкур таклифга биноан, юртимизга Туркиянинг талафот кўрган ҳудудларидан 24 нафар ёши улуғ инсонлар ташриф буюришди ва улар сешанба куни туманимиздаги Занги ота зиёратгоҳида ҳам бўлишиб, унинг тарихи билан яқиндан танишдилар.
– Дуога қўл очганимизда тинчлик, хотиржамликни сўраймиз Яратгандан. Бунинг замирида жуда катта маъно борлигига бошимга ташвиш тушганда билдим, – дейди туркиялик Эмине Аксу, – табиий офатда бутун оиламдан ажралдим, кўргилик экан, буни айтиш ҳам осон эмас мен учун. Яратгандан сабр сўраяпман. Фарзандларим хотираси учун кутубхона ташкил этдим. Кутубхонага келаётган болалар билан чалғияпман. Улар соғинчимга малҳам бўлаяпти.
Мана бу саёҳат ҳам юрак ғуборларимни анча аритаяпти. Ташкилотчиларга катта раҳмат. Ҳа, Аксу сингари саёҳатчиларнинг барининг дили яра. Инсон қадри улуғланган юртда улар бу ғамларини унутгандек бўлдилар. Зилзила ва офатлар пайтида кўрсатилган дўстона ёрдам, мазкур саёҳатни ташкил этиш таклифини илгари сурган Ўзбекистон Республикаси Президенти ва саёҳат ташкилотчиларига ўз миннатдорчиликларини билдиришди, ҳар икки халқ дўстлиги ва ҳамкорлиги абадий бўлишини тиладилар.
Ўз мухбиримиз.
