Бешта лойиҳа – 6 миллиард 240 миллион сўм

Бешта лойиҳа –  6 миллиард 240 миллион сўм

Юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар доирасида аҳолини бюджет маблағларини тақсимлаш жараёнига фаол жалб этиш ҳамда аҳоли ва маҳаллий ҳокимият органлари ўртасида конструктив мулоқот ўрнатиш ҳамда очиқ майдончаларни ташкил этиш орқали уларнинг фуқаролик жамияти ҳаё­тидаги иштирокини фаоллаштиришга жиддий эъти­бор қаратилмоқда.

Open Budget сайтининг маълум қилишича, “Ташаббусли бюджет” лойи­ҳасининг иккинчи мавсумига овоз бериш якунларига кўра, мамлакат бўйлаб жами 1 минг 187 та лойиҳа ғолиб деб топилди ва уларни амалга ошириш учун 1,4 триллион сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилиши белгиланди. Жараённинг биринчи босқичида 1 минг 666 та лойиҳа ғолиб бўлганди. Натижалар аҳолининг Open Budgetга бўлган ишончини ва уларнинг тобора фаоллашиб бораётганлигини кўрсатмоқда. Сайтда қайд этилишича, Open Budget портали орқали 33 минг 489 та ташаббус учун жами 16,2 миллион овоз берилган.

– “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси фуқаролар манфаати ва жамоатчилик назоратининг таъсирчан механизмлари асосида бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш воситасидир, – дейди туман Иқтисодиёт ва молия бўлими бош мутахассиси Иброҳимхўжа Асхўжаев. – Аҳоли Open budget.uz платформаси орқали маҳалласи, аҳоли пункти ва туманидаги у ёки бу ижтимоий муаммони ҳал этиш бўйича ўз таклифларини фаол билдирмоқда.

Дарҳақиқат, жорий мавсумда туманимиз ҳудудидан таклиф этилган 5 та лойиҳа бўйича жами 15 минг 218 та овоз тўпланиб, ушбу лойиҳалар ғолиб деб топилди. Энди ушбу хайрли ишларни амалга ошириш учун жами 6 миллиард 240 миллион сўм миқдорида маблағ йўналтирилади. Жумладан, 8-умумтаълим мактаби биносининг кириш қисми, ўқув синф ва лаборатория хоналари ҳамда маъмурият хоналари замон талаби даражасида жиҳозланиб, таъмирланиши белгиланган, шунинг­дек, 10 та замонавий электрон доска ва барча синф хоналари учун кузатув камералари ўрнатилади. Бу ишлар учун Фуқаролар ташаббуси жамғармаси молиявий манбалари ҳисобидан жами 1 миллиард 200 миллион сўм миқдорида маблағ ажратилиши режалаштирилган.

Тошкент вилояти “Ягона буюртмачи хизмати” Давлат унитар корхонаси буюртмаси билан Бўзсув ҳудудидаги “Маданият” маҳалласи ҳудудидаги маънан эскирган ёғоч устунларни 250 та бетон устунларга алмаштириш ҳамда электр таъминоти узлуксизлигини барқарор таъминлаш мақсадида 2 та янги трансформатор ўрнатилиши белгиланган. Бундан ташқари 13 минг метр масофада SIP кабеллар ва 7 минг метр юқори кучланишни кўтарадиган алюмин кабеллар тортилиб, тунда аҳолига қулайлик яратиш учун 100 та ёритиш чироқлари ўрнатилади. Бу мақсадлар учун 1 миллиард 320 миллион сўм миқдорида маблағ сарф­ланади.

Кейинги йилларда Зангиота ҳудудининг “Эски қалъа” маҳалласидаги айрим кўчалар таъмирталаб ҳолга келганди. Тошкент вилояти Минтақавий йўлларга буюртмачи хизмати Давлат унитар корхонаси буюртмасига асосан ҳудуддаги “Гулобод” кўчасининг 960, “Мардона” 1-3 тор кўчаларидаги 780, “Эски қалъа” кўчасининг 100, “Шукрона” 1-3 тор кўчаларининг 370, “Қалб” кўчасининг 240, “Амир Темур” кўчасининг 90, жами 2 минг 540 метр қисмига асфальт қопламаси ётқизилади. Бу ишлар учун 1 миллиард 200 миллион сўм миқдорида маблағ ажратилади.

Худди шундай асфальт қопламаси ётқазиш бўйича “Эркин” ҳудудидаги “Бодомзор” маҳалласининг “Янгийўл” кўчасига 560, “Камолон” кўчасига 942, “Камолон” 1-берк кўчасига 130, “Нурафшон-2” кўчасининг 320, “Янгийўл” 2-берк кўчасининг 194, жами 2 минг 348 метр қисми таъмирланади. Ушбу ишларга Фуқаролар ташаббуси жамғармаси томонидан 1 миллиард 200 миллион сўм маблағ йўналтирилади. Шунингдек, Бўзсув ҳудудидаги “Аччисой” маҳалласининг “Семурғ” кўчасидаги 650, “Ҳимоячи” кўчасидаги 1 минг 100, “Янги ҳимоячи” кўчасидаги 500 метр пиёдалар йўлакчаси таъмирланади. “Аччисой” ҳудудига кириш қисми ободонлаштирилиб, арка ўрнатилади. Ушбу ишларга жами 1 миллиард 320 миллион сўм миқдорида маблағ сарфланади.

Бугун фуқаролар инфратузилмаларни яхшилаш, йўлларни қуриш, мактабларни таъмирлаш ва жиҳозлаш ҳамда бошқа ташаббусли лойиҳаларга овоз бериш орқали маҳаллий бюджетнинг бир қисмини тақсимлашда фаол иштирок этишмоқда. Шундай қилиб, ижтимоий бюджетлаштиришни у орқали жамиятнинг устувор мақсадлари давлат сиёсатини ишлаб чиқиш, айниқса, давлат бюджетида ўз аксини яхшироқ топадиган жараён, дейиш мумкин. Бу эса ижтимоий-иқтисодий соҳаларда йиғилиб қолган муаммоларни жойларда ҳал этишдаги янгича ёндашувдир.

Ҳасан САЪДУЛЛАЕВ.