(Охири. Бошланиши ўтган сонда)
У Мунавварқорига таъриф берар экан, “Жаҳолат уйқусина ботмиш туркларни уйғотибдир ва миллатга нажот йўлини кўрсатибдир”, деб ёзади ва Мунавварқорини Исмоил Гаспиралидан кейинги энг машҳур сиймо ўлароқ келтиради. Хусусан, у ушбу мўътабар шахс ҳақида қуйидагиларни ёзади: “Мунавварқори бизнинг Туркистонда миллий маориф, миллий нашриёт ва миллий мафкурачиликнинг соғлом уруғларини сочғон ва минг турли оғирлиқ ва тўсқинлиқларға қарамасдан буларни кўкартиришға муваффақ бўлғон бир зотдир. Унинг очғон миллий мактаблари Туркистоннинг мингларча болалариға миллий руҳ берган ва уларни юрт ҳам миллат севгиси ила қураллантирғондир.
Ушбу сатрларни қораловчининг ўзи ҳам Мунавварқорининг Тошкентдаги “Наъмуна” мактабида 6 йил ўқиғондир. Шунингчун мен, устозимиз Мунавварқорининг Туркистонимизнинг ҳар томониға ёйғон жадид мактабларининг ич-юзини яхшироқ танийман десам, янглишмасам керак. Бизнинг ўз Туркистон болалари, турк болалари, Чингизхон ва Темур ўғиллари эканлигимизни илк топқир зеҳнимизга ўрунлаштирғон ва бизга юрт ҳам миллат севгисини берган мактаблар шул “Наъмуна” каби миллий ўчоқлар бўлғондир…
Мунаввар, ўз исмига ярашатурғон нодир бир хилқат эди. Унинг фитрий заковатидан сочилғон нурлар Туркистоннинг қора муҳитини кўпдан ёруғлантириб, халқимизнинг юмуқ кўзларини очмишдир. Уйғонган халқимиз ўз йўлини аниқ белгилаб, ўз миллий аъмоли орқасидан югурмакдадир. Душманнинг қиличи, тўпи уни бу йўлдан тўхтата олмади… Буюк устозимиз Мунавварқорининг пок руҳига фотиҳалар…”. Абдуваҳоб Ўқтойнинг юқоридаги сўзларидан яққол кўриниб турибдики, унинг ўз устози бўлмиш Мунавварқорига нисбатан бўлган меҳр-муҳаббати, ҳурмати чексиз бўлган. Буни биз ушбу мақоласи остига “Бурунғи “Наъмуна” мактаби ўқувчиларидан: Абдуваҳоб” деб имзо қўйганлигидан ҳам билишимиз мумкин.
Шу билан бирга Ўқтойнинг “Туркистон култур асарларининг оқибати” деб номланган мақоласи ҳам долзарб аҳамиятга эгадир. Муаллиф ушбу мақоласида Совет ҳукумати томонидан ўлка халқининг миллий-маданий меросига нисбатан ваҳшиёна хиёнатларини очиқ-ойдин танқид қилган. Жумладан, у “ХII-ХV асрлардан ҳозирги кунгача сақланиб келинган тарихий бинолар динамит воситаси ила ҳароб этилиб, ҳавоға учирилмакда ва Туркистоннинг хонсаройлари деворлари остидағи мармар тошлар қўпорилиб, кўприклар учун ишлатгани олиб кетилмакдадир. Масалан, Хива шаҳриндаги “Гўрунушхона”нинг мармар безаклари маҳаллий хўжалиқ бўлими тарафидан кўчирилиб, кўприкка ишлатилган бўлса, Ҳўқанддаги Муҳаммад Алихон мадрасаси бузилиб унинг ҳам деразалари кўприкка ишлатилгандир” деб ёзиб, миллатнинг маданий меросига нисбатан болшевиклар томонидан кўрсатилаётган варварларча муносабатга кескин норозилигини билдирган.
Абдуваҳоб Ўқтой 1962 йилнинг 12 июлида Истанбул шаҳрида чексиз Ватан соғинчи билан вафот этди. Гарчи у юртга қайтолмаган бўлса-да, доимо қалбида Туркистонга нисбатан чуқур муҳаббат билан яшади, ўзининг бутун ҳаёт фаолияти давомида устози Мунавварқорига берган ваъдасига содиқ қолди. Унинг юраги доимо Туркистон деб урди, ёшларни юрт учун жон беришга тайёр туришга, душмандан қўрқмасдан мардларча курашишга чорлади.
Муслимбек АЛИЖОНОВ,
Қатағон қурбонлари хотираси
давлат музейи катта илмий ходими.
