Қутуриш касаллиги қадимдан маълум бўлиб, ўткир кечадиган юқумли касалликдир. У марказий асаб тизимининг оғир шикастланиши билан ифодаланади. Бунда қўзғалиш аломатлари ва кейинчалик фалажлик кузатилиб, охири ўлим билан тугайди. Табиатда қутуриш вирусининг асосий манбаи итлар ва итсимонлар оиласига кирувчи бўри, тулки, чиябўрилар ҳисобланади. Лекин, ҳамма иссиққонли ҳайвонлар – сигир, от, қўй, эчки, чўчқа, мушук, кемирувчилар ҳам одамга ва бошқа ҳайвонларга ушбу касалликни юқтириши мумкин.
Одамга касаллик қутуриш касаллигига чалинган ҳайвон, яъни ит, мушук каби ҳайвонларнинг тишлаши ва сўлаги, камдан-кам ҳолларда эса, тирнаши натижасида юқади. Ушбу касалликда сезиларли мавсумийлик кузатилмайди. Сўлак тери ичига киргач вирус нерв толалари орқали марказий нерв тизими хужайраларига етиб боради ва нерв тўқимасини жароҳатлайди, натижада қутуриш касаллиги юзага келади. Ит тишлаган жароҳат қанчалик бош мияга яқин бўлса, касалликнинг даври шунча қисқа – 15-20 кун бўлади, аксинча, жароҳат оёқ ва қўл учларида бўлса, касалликнинг яширин даври узоқ – бир неча ой давом этиши мумкин.
Одатда, ҳайвон ёки одамни тишлаган ит қутурган бўлса, 10 кун ичида ўлади ёки бедарак йўқолади. Қутурган итни овқат емай қўйиши, безовталаниши, бўғиқ овозда хурушидан билса бўлади. Бундай пайтда у эгасига итоат қилмайди, дуч келган нарсани ғажийди, қопоғон бўлади, сўлаги жуда кўп оқади. Кейинроқ дуч келган ҳайвон ва одамни, ҳатто, эгасини тишлашга ҳаракат қилади, сўнгра оёқларида фалажланиш пайдо бўлиб, тинчланиб қолади. Ҳайвонларнинг қутуриш касаллигига диагноз клиник белгиларга, эпизоотологик маълумотларга ва албатта, лабораториявий текшириш натижалари асосида қўйилади.
Касалликнинг олдини олиш учун хизматдаги ва хонадондаги итларни ўз вақтида қутуришга қарши эмлатиш, болаларни итлар билан ўйнашига йўл қўймаслик, хонадондаги итларни кўчага қаровсиз қўйиб юбормаслик, уларни кўчага бўйинбоғ ва тумшуқ-тасмада олиб чиқиш, ҳайвон ёки одамни тишлаган итни, албатта, туман Ветеринария бўлими мутахассислари кузатувига олиб бориш зарур. Ит тишлашидан жабрланган одам шу заҳотиёқ тиббий ёрдамга мурожаат қилиши зарур. Акс ҳолда, озгина эътиборсизлик ёмон оқибатларга олиб келиши мумкин.
Бугунги кунда бўлимимиз томонидан ушбу касалликнинг олдини олиш мақсадида ҳудудий ветеринария участкаларида қутуришга қарши эмлама, гижжасизлантириш учун антигелъминтиклар, паспорт бланкалари ва жетон захиралари яратилган. Зарурат туғилганда қарамоғингиздаги уй ҳайвонларини эмлатиш учун ҳудудлардаги ветеринария муассасасига мурожаат этиш мумкин.
Яҳё ХОЛЛИЕВ,
туман Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими мутахассиси.
