Куйдирги ўткир кечувчи ўта хавфли юқумли касаллик бўлиб, у билан барча турдаги уй ва ёввойи ҳайвонлар, баъзи ҳолларда одамлар ҳам азият чекади. Одамлар асосан куйдирги билан касалланган ҳайвон маҳсулотларидан (гўшт) овқат тайёрлаш жараёнида, ўлган ҳайвонни ёриб кўриш ёки уни кўмиш жараёнида қон ва гўштдаги споралар билан зарарланади. Касалликни ташқи кислородли муҳитда спора ҳосил қилувчи микроб-бацилла (таёқча) қўзғатади. Споралар билан ифлосланган тупроқ, гўнг, тери, жун ҳаттоки, касаллик қўзғатувчиси билан ифлосланган тери ва жун маҳсулотлари: телпак, пальто ёқаси, жунли бўйинбоғ каби нарсалар кишининг тилинган терисига ёки шиллиқ пардаларига тегса, бациллалар организмга кириб, касаллик қўзғатиши мумкин. Кўпинча одамлар тери ошлаш ва бўяш пайтида куйдирги билан оғриган ҳайвон териси орқали касалланади.
Касаллик ҳайвонларда шиддатли, ўткир, ярим ўткир ва сурункали кечиши мумкин. Шиддатли ўтганда ҳайвоннинг тўсатдан нафас олиши оғирлашади ва бурун бўшлиқларидан кўпик оқа бошлайди. Ҳайвон ҳолсизланиб ҳушини йўқотади ва 1-2 соат орасида нобуд бўлади. Бундай ҳолат кўпроқ қўй, эчки ва қорамолларда учрайди. Агар ҳайвон тез нобуд бўлса ёки мажбурий сўйилса, юзада жойлашган тешиклардан қон чиқса, қон ва мурда қотмаса, албатта куйдиргига гумон қилиниши ва мутахассис томонидан текширилиши керак. Шунинг учун ҳам хонадонда сўйилган уй ҳайвонларини ветеринар мутахассис кўригидан ўтказмасдан истеъмолга чиқариш қатъиян тақиқланади. Хулоса қилиб шуни айтиш лозимки, куйдиргига қарши курашиш ва ундан инсонларни ҳимоялаш, ҳамма учун бажарилиши мажбур бўлган ва юқорида кўрсатилган қонун-қоидалар асосида олиб борилиши зарур. Бу кенг жамоатчиликни ҳушёр бўлишини тақозо этади.
Шариф АСРАҚУЛОВ,
туман бош Давлат ветеринария назоратчиси.
