Ҳуқуқий эслатмалар

Ҳуқуқий эслатмалар

Қонунчиликка кўра, “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га кирган оилаларнинг хотин-қизларига ажратиладиган таълим кредитлари учун гаров ва кафилликлар талаб этилмайди.
Таълим кредитининг асосий қисми талабанинг расмий ўқиш муддати тугагандан сўнг еттинчи ойдан бошлаб 7 йил давомида қайтарилади.

* * *

Мерос очилганда мерос қолдирувчига тегиш­ли бўлган, унинг ўлимидан кейин ҳам бекор бўлмайдиган барча ҳуқуқ ва мажбуриятлар мерос таркибига киради.
Қуйидагилар мерос қолдирувчининг шахси билан боғлиқ ҳуқуқ ва мажбуриятлар ҳисобланади ҳамда мерос таркибига кирмайди:
– тижорат ташкилотлари ва бошқа ташкилотларга аъзолик, уларда иштирок этиш ҳуқуқлари;
– ҳаётга ёки соғлиққа етказилган зарар учун товон ундириш;
– алимент ҳуқуқлари ва мажбуриятлари;
– пенсия, нафақа ва бошқа тўловлар олиш ҳуқуқи;
– шахсий номулкий ҳуқуқлар.
Мерос қолдирувчининг шахсий номулкий ҳуқуқлари ва бошқа номоддий бойликлари мерос­хўрлар томонидан ҳимоя қилиниши мумкин

* * *

Кўп квартирали уйлардаги таянч ва тўсиқ конструкцияларни қонунчиликни ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларни бузган ҳолда ўзгартириш ва реконструк­ция қилиш, шу жумладан кўп квартирали уйларда ва уларга туташ ерларда ўзбошимчалик билан иморатлар (иншоотлар) қуриш:
– фуқароларга БҲМнинг 20 бараваридан 30 бараваригача (6 млн. сўмдан 9 млн. сўмгача) миқдорда;
– мансабдор шахсларга БҲМнинг 40 бараваридан 50 бараваригача (12 млн. сўмдан 15 млн. сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.