Дарахтлар саломатлик улашади. Агар бу дарахтлар саломатлик масканида бўлса-чи? Унда унинг аҳамияти икки ҳисса ортади. Чунки бу ердаги дарахтлар беморларнинг тоза ҳаводан эркин нафас олиши йўлида муҳим аҳамият касб этади.
Карантин пайтида очилган Зангиота 1-юқумли касалликлар шифохонасининг ҳозирда иккита биноси бўлиб, иккинчисида болалар ихтисослаштирилган маркази очилган.
Ўтган ҳафтада туман Ёшлар ишлари агентлиги ташаббуси билан маҳалла Ёшлар етакчилари, корхона ва ташкилотлар масъуллари шифохонада даволанаётган беморларга “тоза ҳаво улашиш” мақсадида бу ерга 150 туп “павлония” ва 3 минг тупдан зиёд манзарали дарахт кўчатлари экишди.
– Энди яхши ниятлар билан экилган дарахт кўчатларининг тутиб кетиши бизга боғлиқ, – дейди кўчат экишда фаол иштирок этган “Боғзор” маҳалла фуқаролар йиғини Ёшлар етакчиси Шоҳсанам Мелиқўзиева. – Шунинг учун ҳам кўчатларни парваришлаш масъулияти ҳам ёшларнинг зиммасига юкланди. Ишонамизки, ёшларимизнинг меҳр билан эккан кўчатлари, албатта, кўкариб, келгусида барчага саломатлик улашади.
Ўз мухбиримиз.
