9 февраль – ғазал мулкининг султони Алишер Навоий таваллуд топган кун. Оразин ёпқоч, кўзумдан сочилур ҳар лаҳза ёш…

9 февраль – ғазал мулкининг султони Алишер Навоий таваллуд топган кун. Оразин ёпқоч, кўзумдан сочилур ҳар лаҳза ёш…

Мозийга юзланадиган бўлсак, кўз олдимиздан қаторлашиб мутафаккирлар, давлат арбоблари, шоирлар, адиблар бирма-бир ўта бошлайди. Улардан қолган, бизгача етиб келган мерос эса ҳамиша қалбларимизни нурлантириб туради. Шундай буюк инсонлардан бири Алишер Навоий эди. Алишер Навоий (тахаллуси; асл исми Низомиддин Мир Алишер) (1441.9.2. – Ҳирот – 1501.3.1) – буюк ўзбек шоири, мутафаккир, давлат арбоби ҳисобланади. Бу ном мактаб ўқувчиларига дарсликларидан яхши маълум. Алишер Навоийнинг болалигига назар ташлайдиган бўлсак, Шоҳрух ҳукмронлигининг сўнгги йилларига тўғри келган. У темурийзодалар, хусусан бўлажак подшоҳ Ҳусайн Бойқаро билан бирга тарбияланган. 4 ёшида мактабга бориб, тез савод чиқариб, туркий ва форсий тилдаги шеърларни ўқиб, ёд ола бошлаган. Ўзбек тили билан бир қаторда форсий тилни ҳам мукаммал эгаллаган. Алишер Навоий шеъриятга ғоят қизиқди, у 10-12 ёшларидан шеър ёза бошлаган. Тарихчи Хондамирнинг ёзишича, ёш Алишер Навоийнинг истеъдодидан мамнун бўлган мавлоно Лутфий, унинг:

Оразин ёпқоч, кўзумдан
сочилур ҳар лаҳза ёш,
Бўйлаким, пайдо бўлур
юлдуз, ниҳон бўлғач қуёш
матлаъли ғазалини тинг­лаб: «Агар муяссар бўлса эди, ўзимнинг ўн-ўн икки минг форсий ва туркий байтимни шу ғазалга алмаштирардим…» деган.

Алишер Навоий 15 ёшида шоир сифатида кенг танилган. Шеърларини туркий (Навоий тахаллуси билан) ва форсий (Фоний тахаллуси билан) тилларида ёзган. Буюк инсонпарвар Алишер Навоий ўрта асрдаги Уйғониш даврининг бошқа улуғ зотлари сингари бутун ҳаёти билан ҳақиқий инсон қандай бўлиши лозимлигини кўрсатди. У ўз давридаги ноҳақликка, адолатсизликка қарши курашди, амалдорларнинг ўз вазифаларини суиистеъмол қилишларини ва таъмагирликларини фош этди, ожиз, муҳтож кишиларни ўз ҳимоясига олди. Султон Ҳусайн Бойқаро подшоҳлик қилган, Алишер Навоий ҳукуматда бош вазир вазифасини эгаллаган пайтларда ҳеч бир мамлакатга қарши босқинчилик уруши олиб борилмади. Бош вазир Алишер Навоий маданият ва санъатнинг чинакам ҳомийси сифатида танилади. Унинг фаолиятида ижтимоий-сиёсий масалаларни тўғри ҳал этишга интилиш, жамиятдаги барча ижтимоий қатламларга, барча қавмларга бир хил муносабатда бўлиш, ҳеч қайси бирини камситмаслик, ҳамманинг манфаатига баробар хизмат қиладиган жамоат биноларини қуришга алоҳида эътибор бериш олдинги ўринга чиқа бошлади.

Хондамирнинг қайд қилишича, 80-йиллар давомида Алишер Навоий ўз маблағлари ҳисобидан Ҳиротда ва мамлакатнинг бошқа шаҳарларида бир неча мадраса, 40 та работ, 17 масжид, 10 хонақоҳ, 9 ҳаммом, 9 кўприк, 20 га яқин ҳовуз қурган ёки таъмирлаттирган. Навоий, унинг асарлари ҳақида қанча фикр юритилса шунча оз. Навоийнинг “Бадоеъ ул-бидоя”, “Наводир ун-ниҳоя”, “Чихл ҳадис”, “Хамса”, “Назм ул-жавоҳир”, “Хазойин-ул- маоний”, “Девони Фоний””, “Муҳокамат ул-луғатайн”, “Маҳбубул – қулуб” каби кўплаб девон ва асарлари бизга бебаҳо мерос бўлиб қолган.

НАВОИЙ ҲАҚИДА

Навоийнинг қаҳрамонлари Фарҳод – Хитойдан, Искандар – Юнондан, Ширин – Арманистондан, Қайс – Арабистондан, Шопур – Эрондан. Бу образларни яратган Навоий эса ўзбек халқининг шоири”.

Н. И. Конрад, академик.

“Навоийгача бўлган даврнинг ғазалчилиги – ўзи битта қоя. Навоий бирданига ўртага Помирдай чиқиб қолди. Ундан кейин яна пастга қараб саҳро бошланди. Бобур яна катта бир тоғ сингари ўртага чиқди”.

Абдулла Орипов,
Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири.

“Навоийни ўқиш эси бор ишқибозга шеър ёзишнигина эмас, шеър ёзмасликни ҳам ўргатади. Навоийни ўқимай қўйиш – уни йўқотиш билан баробар. Навоийни йўқотиш эса халқимиз учун ўзликни йўқотиш демакдир. Негаки, у – асл ўзагимиз, томиримиз, узоқ тарихимиз жам бўлган қомусимиз, руҳий неъматимиз. Навоийнинг тантилиги, теранлиги, улуғлиги – аввало ўзбекнинг қалбига хос, сўнг умумжаҳонники”.

Эркин ВОҲИДОВ,
Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири.

«… Бу улуғ амир дину давлат ҳомийси, шариат ҳамда миллатнинг пушти паноҳидир».

Давлатшоҳ САМАРҚАНДИЙ.

«Анинг назми васфида тил қосир ва баён ожизтурур».

Ҳусайн БОЙҚАРО.

«…туркий тилда ҳеч ким Навоийдек кўп ва хўп шеър айтмаган ҳамда назм гавҳарларини сочмаган эди».

Абдураҳмон ЖОМИЙ.
«Баҳористон» дан.

«Ундан аввал ва ундан кейин ҳеч ким туркий тилда шеърни ундан кўпроқ ва ундан юксакроқ ёзолган эмас. У форсий шеърни ҳам кўп ёзган.»

Муҳаммад ҲАЙДАР МИРЗО
«Тарихи Рашидий»дан.