Маҳалла азалдан миллий қадриятлар, анъана ва урф-одатлар шаклланган ва юзага келган маскан ҳисобланган. Бу масканда аҳиллик ва ҳамжиҳатлик, кексаларга ҳурмату ёшларга иззат, муҳтожларга мурувват кўрсатиш каби кўплаб ибратли миллий ва диний қадриятлар ҳукмрон бўлган.
Таъкидлаш лозимки, асрлар давомида ривожланиб келган ушбу тизим ўзбек халқи ҳаётида, кундалик турмушида алоҳида ўринга эга бўлиб, аҳоли тотувлигини таъминлашда, анъана ва удумларни авлоддан авлодга етказишда муҳим ўрин тутиб келган. Мустақиллик йилларида давлат томонидан маҳаллага бўлган эътибор янада кучайтирилиб, маҳалла институтининг жамиятдаги ўрнини янада мустаҳкамлаш, аҳоли фаровонлигини оширишдаги иштирокини кенгайтириш мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, маҳаллалар ўзини ўзи бошқариш органига айланди, “халқ виждони”, “демократия дарсхонаси” дея эътироф этилиб, уларнинг фаолиятини тизимли ва самарали ташкил этишга қаратилган бир қатор қонун ҳужжатлари қабул қилинди.

Бугунги кунда инсон қадр-қиммати, унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ғояси давлатимизнинг бутун ички ва ташқи сиёсатининг тамал тошига, Янги Ўзбекистонда олиб борилаётган демократик ислоҳотларнинг энг муҳим ҳаракатлантирувчи кучига ҳамда ушбу эзгу саъй-ҳаракатларни ўзаро боғлаб турувчи муҳим омилга айланди. Бу борада, айниқса, Президентимиз томонидан 2023 йилнинг 21 декабрь куни қабул қилинган “Маҳалла институтининг жамиятдаги ролини тубдан ошириш ва унинг аҳоли муаммоларини ҳал этишда биринчи бўғин сифатида ишлашини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармон маҳалланинг жамиятдаги ўрнини янада ошириш, аҳолига яқин кўмакчи бўлишида муҳим аҳамиятга эга. Хўш, ушбу янги тузилма аввалгисидан қандай фарқ қилади, унинг асосий мақсад ва вазифалари нималардан иборат?
Аввало, маҳалла ҳақида сўз борганда, янгиланган Конституциямизда фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органларига алоҳида таъриф берилганига тўхталиб ўтиш лозим. Аввалги Конституцияда бундай таърифлар мавжуд бўлмаган. Янги қабул қилинган Конституциянинг XXI боби “Маҳаллий давлат ҳокимияти асослари. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари” деб номланиб, 127-моддада “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари давлат ҳокимияти органлари тизимига кирмайди ҳамда маҳаллий аҳамиятга молик масалаларни фуқароларнинг манфаатларидан, ривожланишнинг тарихий ўзига хос хусусиятларидан, шунингдек, миллий қадриятлардан, маҳаллий урф-одатлар ва анъаналардан келиб чиққан ҳолда, қонунга мувофиқ мустақил равишда ҳал этишга ҳақли”, деб мустаҳкамлаб қўйилди. Шунингдек, давлат фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини амалга ошириши учун зарур шарт-шароитлар яратиши, уларга қонунда белгиланган ваколатларини амалга оширишида кўмаклашиши белгилаб қўйилди.
Бундан ташқари, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида белгиланган 7 та устувор йўналишнинг биринчи йўналишида маҳалла институти фаолияти самарадорлигини ошириш ва уни жамоатчилик бошқаруви ва назоратининг муҳим бўғинига айлантириш мақсади белгиланган ва бир қатор вазифалар ўз аксини топган. Ушбу Фармонга кўра, жорий йилнинг 1 январидан бошлаб барча туман ва шаҳарларда Маҳаллани қўллаб-қувватлаш кенгашлари ҳамда Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси ҳамда унинг ҳудудий бошқармалари, туман (шаҳар) бўлимлари тузилиб, “Маҳалла бюджети” тизими амалиётга жорий этилмоқда.
Эндиликда мазкур Фармон билан фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари институционал жиҳатдан тубдан ислоҳ этилади. Фармон билан Республика ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри маҳаллани қўллаб-қувватлаш кенгашлари ҳамда Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, унинг ҳудудий бошқармалари, туман (шаҳар) бўлимлари ташкил этилмоқда. Фармонда Ўзбекистон маҳаллалари уюшмасининг асосий 9 та вазифаси белгилаб берилган бўлиб, Уюшманинг асосий вазифаси маҳаллани чинакамига бошқарувнинг биринчи бўғинига айлантириш, маҳалланинг халқ билан давлат ўртасида “кўприк” вазифасини бажаришига шароит яратиш, маҳалладаги муаммоларни ҳал этишда ўзининг сиёсатини юритиш, аҳолига ёрдам беришдан иборатдир.
Маҳаллани қўллаб-қувватлаш кенгашлари эса маҳаллани ривожлантириш юзасидан асосий йўналишларни белгилаб беради, даромадлар ва харажатларга оид дастурларни кўриб чиқади. Республика маҳаллани қўллаб-қувватлаш кенгаши раиси Бош вазир, вилоят ва туман, шаҳар кенгашларининг раислари эса тегишлича вилоят ва туман, шаҳар ҳокимлари ҳисобланади. Вазирлар Маҳкамасининг ижро этувчи тузилмасида 5 та штат бирлигидан иборат “Маҳалла еттилиги” фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўлими жорий этилмоқда. “Маҳалла еттилиги”га маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли, профилактика инспектори, ижтимоий ходим ва солиқ инспектори киради. Улар маҳалладаги ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларда асосий жавобгар ҳисобланади.
Шунингдек, маҳалла тизимига бир қатор ваколатлар берилиб, масъулиятли вазифалар юклатилмоқда. Бундан кўринадики, ушбу устувор вазифаларни амалга ошириш учун уларнинг молиявий мустақиллигини таъминлаш керак бўлади, албатта. Яъни, маҳалла давлатга қарам бўлиб, давлатдан пул сўраши эмас, балки мустақиллигини таъминлашга интилиши керак. Бунинг учун ҳам давлат маҳаллага кўмак беряпти. Шунинг учун ҳам “Маҳалла бюджети” тизими жорий этилиб, Маҳалланинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этиш жамғармаси очилди. Ушбу жамғармаларга жисмоний шахсларнинг мол-мулк ва ер солиғидан ундирилган маблағлардан тегишли қисми ўтказилади. Жамғарма маблағларини сарфлаш ваколати эса маҳалланинг ўзига берилади. Қаерда, қандай муаммолар борлигини уларнинг ўзи яхши билади. Еттилик вакиллари биргаликда ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ўрганиб, шу асосда иш олиб боради.
Яна бир муҳим жиҳати шундаки, эндиликда маҳалла раислари 3 йил эмас, 5 йилга сайланиши белгиланмоқда. Илгари маҳалла раисларининг ваколат муддати 2,5 йил эди, кейин 3 йил бўлди. Энди 5 йилга узайтирилмоқда. Маҳаллаларда масалалар кўлами кенгаймоқда. Давлат ўз зиммасидаги кўплаб функцияларни маҳаллага ўтказиб, бунинг учун ўзи ҳам кўмаклашмоқда. Иш ҳажми кўпайганидан кейин уларни тақсимлаш, еттилик вакилларининг бошини бирлаштириш, ҳудуддаги муаммоларни ҳал этиш учун тажрибали маҳалла раиси бўлиши керак. Тажриба эса 1, 2 ёки 3 йилда йиғилмайди. Шунинг учун ҳам маҳалла раисларининг ваколатини 5 йилга узайтириш масаласи жуда тўғри қўйилган. Мухтасар айтганда, бугун Конституциямизнинг янги нормаларида асосий эътибор инсон, жамият ва давлатнинг барқарор ривожланишини таъминлашга қаратилганини ишонч билан таъкидлаш мумкин. Маҳалла институтини янада ривожлантиришда мазкур Фармон билан мустаҳкам ҳуқуқий асос яратилмоқда.
Ҳасан САЪДУЛЛАЕВ.
