Такосур – ҳалок қилувчи иллатдир

Такосур – ҳалок қилувчи иллатдир

Ёхуд гап автомашинангизнинг рақамида эмас

00 А 777…, 00 Р 946…

Сиз автоуловингиз учун қайси рақамни ва, албатта, нима учун танлаган бўлардингиз?Биринчиси – лозим тўловлардан ташқари кутишли, ташвишли ва фалон пулли, иккинчиси эса – лозим тўловни тўласангиз бас.

Қизиғи шундаки, ҳар икки танловда ҳам сиз ушбу рақамларни уловингизнинг олди ва ортидаги махсус жойигагина тақиб оласиз, ундан паст ёки баландроқ жойга эмас. Бор-йўғи шу холос! Бугун айрим одамлар “Меники кўп, меники қиммат, меники зўр! Демак, мен зўр!”, қабилида яшашга одатланиб қолмоқда.

Ҳолат шу даражага етиб бормоқдаки, ҳатто, автоуловларининг шунчаки олди ва ортига тақилган “чиройли” рақамлари билан фахрланиб, шу рақамларига қараб, ўзларини аъло, “хунук” рақамли автоулов эгаларидан устун, йўл ҳаракати қоидалари риоясида эса бошқалардан фарқли ўлароқ имтиёзли, деб баҳолашга ҳам ўтиб қолмоқда.

Келинг, фойда ва зарарлар бобида бу икки турдаги рақамлар орасидаги фарқли жиҳатларни кўриб чиқайлик.

  1. Ҳар икки турдаги рақам ҳам бирдек давлат мулки ҳисобланади, автоулов эгасининг мулки эмас. Демак, фарқ йўқ.
  2. Ҳар иккисининг вазифаси ҳам бир: у орқали автоуловни давлат рўйхатидан ўтказиш. Демак, фарқ йўқ.
  3. Ҳар иккисининг вазифаси ҳам бир: ўқиганда ҳар қандай юракни бир мартага эзадиган “Ҳурматли фуқаро. Қоида буздингиз! Жаримангизни ўз муддатида тўланг!”, деган мактуб­ларни ўз эгасига тўппа-тўғри олиб келади. Демак, фарқ йўқ.
  4. Қоидабузарлик учун жарималар ҳар икки турдаги рақамли автоулов эгаларига ҳам бирдек жорий этилади. Демак, фарқ йўқ.
  5. “Чиройли” рақам тақиб олган кимсанинг фойдасига чиройли рақами учун бир лаҳза ҳам, зиғирча ҳам имтиёз йўқ. Демак, фарқ йўқ.

Чиройли дегани зийнат дегани, шундайми?

Аллоҳ Таоло бу дунё молларини Қуръони Каримда шунчаки ўйин-кулгу, зийнат, ўзаро фахрланиш, дея сифатланган. Яъни, бу дунё молларидан бу маънода қуруқ ва бесамар фойдаланишдан, хусусан, “Такосур” сурасини нозил этиб, унда “Меники кўп, меники қиммат, меники зўр! Демак, мен зўр!” қабилида яшаб, ҳалокатга учрашдан огоҳ этди.

Мен бу мақолам билан автоуловлар учун чиройли рақамлар танловини танқид қилмоқчи эмасман. Балки, бу танлов жараёнида инсониятни ҳалокатга мубтало этувчи Такосур иллатига мубтало бўлиб, оқибатда “Меники кўп, меники қиммат, меники зўр! Демак, мен зўр!” қабилида яшашга одатланиб, Қиёмат куни бу олтин рақамлар фойда бермагач, ҳалокатга учраб қолмоқдан огоҳ этмоқчиман, ҳолос!

Нурали МАВЛОНОВ,
“Абу Бакр Сиддиқ” жоме
масжиди имом-хатиби.