Шоирлик шеър ёзишдангина иборат машғулот эмас. Уни шахсий ҳодиса деб қараганлар ҳам хато қилишади. У Аллоҳ томонидан берилган улкан масъулият, ҳар ким ҳам кўтара олмайдиган буюк вазифадир. Шунинг учун ҳам Сўфизода:
Менинг ёзганларим, билсанг агар, хуни жигардандир,
Бу нутқи томмаларким, луқмаи поки падардандир.
деган эди.
Дарҳақиқат, ҳақиқий шоирнинг битиклари жигар қонидан ёзилади. Бу – ижодкор учун даража. Унга эришиш қалам эгасининг ўзи билангина боғлиқ эмас. Бу “нутқи томмалар” – мукаммал асарларни ёза билиш учун ҳатто оталарнинг луқмалари ҳам пок бўлган бўлиши керак. Шоир ғазалининг кейинги байтларидан бирида:
Қалам бирлан курашдим, сўзни ёздим кўпни нафъига,
Сўзимни уқмадинг, кўнглинг темирдан ё ҳажардандир?!
Ҳақиқатан, шоирнинг кураш қуроли унинг қалами. Бу “қурол”нинг таъсири чегара билмайди. У шоир жисман мавжуд бўлмаган макон ва замонда ҳам ўз миссиясини бажараверади. Бошқа ҳеч қандай қурол бундай имконият ва имтиёзга эга эмас. Сўфизода мана шундай қурол воситасида курашганини айтмоқда. Шоир сўз айтса, “кўпни нафъига”, яъни халқ фойдасига айтади. Аммо буни англаш учун кўнгил темирдан ё тош (ҳажар)дан бўлмаслиги керак. Бугун ҳам Сўфизода сўзларини англашимиз учун қалбимиз юмшоқ, кўзларимиз очиқ бўлиши лозим. Шундагина биз унинг ҳуррият учун, миллат учун, Ватан учун чеккан изтиробларини англаймиз.
Дарҳақиқат, Муҳаммадшариф Сўфизода ҳурриятчи сифатида ҳам шоирларимизнинг биринчи сафида туради. Унинг 1906 йилда “Тараққий” газетасида босилган “Таъби Сўфий таржимаи аз аҳволи замон” шеъри бунга гувоҳ:
Ҳукуматдин кетди адл ила инсоф,
Хароб этди жаҳон аҳлини чандон.
Оқар кўздин ёши ҳар ерда мазлум,
Тополмай дардиға бечора дармон.
Қилиб бир неча ҳуррият талошин,
Тасаддуқ айладилар охири жон.
Таассуф қилсам оз ҳар қанча йиғлаб,
Булубдур ер юзи ноҳақ тўла қон.
Ёшурмай фош қилмоқ келди вақти,
Десун бўлса сўзи ҳар бир мусулмон…
Ёзингиз бўлса сўз, эй аҳли дониш,
Ки шод этса қилуб ҳуррият эҳсон.
Афсус, ҳуррият босқинчи давлат томонидан эҳсон қилинадиган нарса эмас. 1905 йилда мазлумлар унинг учун ҳатто қон тўкиб ҳам олишолмаслиги маълум бўлди. Шунда, барча жадид боболаримиз қаторида, Сўфизода ҳам курашнинг бошқа йўлини танлади. Бу – маърифатчилик эди. Шоирнинг “Хоним, суюкли сочинг вор, на суд, шонаси йўқ, Очиб десам сўзими маърифат нишонаси йўқ” мисралари билан бошланувчи ғазали тўласича шу мавзуда. Сўфизода миллат хонимларининг ҳилолдай қошлари, чиройли кўзлари, қирмизи яноқлари, ширин тиллари, оппоқ қўл ва инжа бармоқлари, ойдай чиройлари бўла туриб, миллат маърифати учун ҳеч иш қилмаётганидан афсусланиб гапиради, уларни мактабга, илмга даъват қилади:
Гетуб макотиба касби камола иқдом эт,
Жамоли маҳза ғурур этманинг замонаси йўқ.
Жаҳон жамиласи ўлсун адиба ўлмасса,
Демак ўлур у қизинг зийнати замонаси йўқ.
Насил таассуф эдилмас бу ҳола, ай қизлар,
Ватанни(нг) халқларини маърифатли онаси йўқ.
Сабаб надур, душунинг, Оврупо усулинча,
Биз ўйла қуш кабимиз, вале ошёнаси йўқ.
Сўфизоданинг фикрича, ўзбек хотин-қизлари мактабга бормаса, одоби бўлмаса (адиба ўлмасса), маърифатдан йироқ бўлса, миллат шундай бир қуш кабидирки, ошёни йўқ. Демак, миллатнинг эртанги авлодини тарбияловчи оналар маърифатсиз ва адабсиз экан, у миллатнинг маънавий макони йўқ.
Сўфизода Чуст қозиси Аббосхонга атаб ёзган ғазалида:
Қўлингдан келса ётган камбағални “Тур!” деб уйғотгин,
Қараб кўр: шоху баргу мева асли бир шажардандур,
деб ёзадики, шоир наздида миллат “шоху баргу мева”си бир бўлган яхлит дарахт (шажар). Камбағал ҳам миллатнинг вакили, уни камситмаслик, балки “Тур!” деб уйғотиш лозим. Кўриниб турибдики, Сўфизода миллатни тоифаларга ёхуд синфларга ажратмайди, уни бир бутун ва уйғонган ҳолида кўришни истайди. Жадид адабиётида Миллат ва Ватан тушунчалари бир танганинг икки томони, уларни бир-бировидан ажратиб бўлмайди – Ватансиз Миллат, миллатсиз Ватан йўқ. Қайси шоир, Миллат ҳақида изтироб чекаётган бўлса, у Ватан ҳақида ҳам йиғлаётган бўлади:
Ватан ҳолиндан ўтру кўзларим сақфинда қон оғлар,
На ёлғиз кўзларим, мажруҳ ўлан жисмимда жон оғлар.
Салоҳи хонимон фикринда оғлар хонадонлар чўх,
Фақат бан ошкоро оғларам, онлар ниҳон оғлар…
Ёзуқ олий – Ватан ўксиз каби бир ҳола душмушким,
Агар таҳрир эдарсан, хомаи мўъжизбаён оғлар.
Учинчи байтда Ватаннинг етим (ўксиз) каби бир ҳолга тушгани, яъни милий давлатнинг йўқлигини шоир олий гуноҳ (ёзиқ) деб баҳолайди ва адабиётдаги ўз сафдошларига қарата: агар бу ҳодисани таҳрир этсанг, яъни бошқача ёзсанг, қўлингдаги мўъжиза яратувчи қаламинг йиғлайди, дейди. Муҳаммадшариф Сўфизода ўз замонасининг мана шундай ҳурриятпарвар, миллатпарвар ва ватанпарвар шоири эди.
Олим ТЎЛАБОЕВ,
Алишер Навоий номидаги
ТДЎТАУ доценти.
