Илмий-тадқиқот институти катта илмий ходими, селекционер олима Мастура ҲАЛИМОВА

Илмий-тадқиқот институти катта илмий ходими, селекционер олима Мастура ҲАЛИМОВА

Юрт равнақи йўлида ҳормай-толмай меҳнат қилиб, самарали меҳнатлари боис эл-юрт ҳурмати, эътирофига сазовор бўлиб келаётган, шу билан бирга босиб ўтаётган ҳаёт йўллари билан кўпчиликка ўрнак бўлаётган инсонлар талайгина. Улар орасида тумандошимиз – Сабзавот-полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти катта илмий ходими, селекционер олима Мастура ҲАЛИМОВА ҳам бор.

Болалигидан кенг, баҳаво далалар бағрида ўйнаб-кулиб вояга етган Мастура Ҳалимова ҳали мактабда ўқиб юрган кезларидаёқ қишлоқ хўжалиги соҳасида ўқиб, яхши кадр бўлиш истаги қалбининг туб-тубида жўш урарди. Сабаби, отаси “Хасково” совхозида илғор бригада бошлиғи бўлган Ўринбой Каримшоев, амакилари – ер билан тиллашиб, деҳқончиликнинг ҳаддини олган инсонлар Раҳимшо, “Пушкин” хўжалигида раис бўлган Эгамберди, кўчатчилик илмини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшган Исҳоқ Каримшоевларнинг ёнида юриб, иш ва тажрибаларини ўрганиб, катта бўлди.

Ўрта мактабни тугатгач, 1973 йилда ҳеч иккиланмай тумандаги Назарбек-2 давлат хўжалигида қишлоқ хўжалик ишчиси бўлиб фаолиятини бошлади. Ва мана 42 йилдирки, у шу соҳада ҳормай-толмай меҳнат қилмоқда. Орада Қишлоқ хўжалиги олийгоҳида сиртдан таълим олди. 1985-1988 йилларда мазкур хўжаликда техник-уруғчи, 1988 йилдан Сабзавот-полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институтида катта лаборант, кичик, сўнг катта илмий ходим, селекция лабораторияси катта илмий ходими вазифасида ишлаб келмоқда.

Мастура Ҳалимова республикамизда қишлоқ хўжалигини янада ривожланиши, мазкур соҳани фан билан узвий боғлиқлигини мустаҳкамлашда салмоқли ҳисса қўшиб келаётган олимадир. У полиз экинлари ва навшунослиги бўйича илмий изланишлари натижасида қовуннинг “Роҳат”, “Кичкинтой”, “Дилхуш”, “Кўкмағиз”, “Офтоб”, “Ифтихор” сингари 6 та, тарвузнинг “Ўринбой”, “Шарқ неъмати”,”Манзур”, “Ширин” сингари 5 та навлари ва “F1 Чиллаки” дурагайларини яратди.

Қунт билан изланаётган олима яна янги-янги навлар борасида намуналар олиб бормоқда. 1991 йилда “Ўзбекистон шароитида эрта муддатда вақтинчалик плёнкали қоплама остида қовун етиштиришда нав танлаш, экиш муддатлари ва усулларини ўрганиш” мавзусида фан номзодлиги диссертациясини ҳимоя қилди. Бу борада 60 га яқин илмий мақолалар ёзди, кўплаб илмий анжуманларда маърузалари билан иштирок этди. Матбуотда мунтазам қишлоқ хўжалигида эришилган янгиликларни тарғиб этиб келди.

– Илм эгаллаш игна билан қудуқ қазишдек гап, деб бежиз айтишмаган, – дейди Мастура Ҳалимова. – Лекин илм йўлини танлаб жуда тўғри қилганимни ёшим катта бўлгани сари юракдан ҳис этаяпман. Тўғри, бу йўлда қанча қийинчиликлар бўлганидан кўз юммайман, лекин илм ортидан дунё кезганимни, яхши инсонлар орасида бўлганимни: бугунги кунда тўқсондан ўтиб юз билан юзлашаётган Зуев Владимир Ильич, Рафиқа Ғанихўжаева, Абдулазиз Аббосов, Аҳмаджон Расулов, Е.Ермолова сингари устозларим, ишимни давом эттираётган Шаҳноза Орипова, Дилфуза Исломова, Холида Қорахўжаева сингари шогирдларим ҳақида доимо фахр билан гапираман.

Дарвоқе, Мастура опа ипак қурти боқиб давлатга топширган пилласи сифатию салмоғи жиҳатидан энг юқори бўлганлиги учун Европага саёҳатга юборилганда эндигина 21 ёшда эди. Тўғри ва ҳалол, чин дилдан қилинган меҳнатнинг роҳати ширин бўлишини ўша пайтдаёқ ҳис этган Мастура опа бир умр ана шундай меҳнат қилди ва кам бўлмади. Москва, Перм, Жанубий Корея, Тожикистон каби давлатларда бўлиб ўтган илмий конференция, анжуманларда ўз маърузалари билан қатнашди. Бугунги кунда ҳам опа қайноқ меҳнат қучоғида.

 – Президентимиз Хоразмга борганларида қовуннинг йўқолиб бораётган навларини тиклаш масаласи ҳақида айтган эдилар, – дейди Мастура опа. – Шу бўйича иш олиб бордик, 274 та нав ва намуналари тиклаб, йиғиб қўйилди. Бу генофонд материаллари сифатида институтда сақланмоқда. Ушбу экспортбоп миллий бойлигимиз бўлган қовун навлари келажак авлод фойдаланишига асос бўлади.

Мастура опа билан суҳбатимиз узоқ давом этди. Юзидан нур ёғилиб турган, қарашлари маъноли, сўзлари доно бу аёл илм аҳлига қаратилаёткан юксак эътибор, йилдан-йилга илм эгаллаш иштиёқида келаётган ёшларнинг кўпаяётгани ва давлатимиз томонидан уларга яратиб берилаётган кенг имкониятлар ҳақида тўлқинланиб сўзлади. Шогирдлари, ёшларга ҳавасланиб чет тили, компьютер саводхонлигини ўрганганлиги ва зиёли инсон ҳамиша давр билан ҳамнафас қадам ташлаш лозимлигини таъкидлади.

Юрагида ҳамон ғайрати жўш уриб, янгилик ва ихтиролар қилиш борасида янги-янги лойиҳалар устида иш олиб бораётган, келгусида ўзининг яратаётган полиз экинларининг янги навлари албатта қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари тури кўпайиб давлатга фойда келтириши, сифати элга манзур бўлишига астойдил ишониб, меҳнатидан завқ олаётган, меҳнатлари давлатимиз томонидан муносиб тақдирланиб, кўксини “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигига 20 йил”, “Мўътабар аёл” кўкрак нишонлари безаган бу оқила аёл – 2 нафар фарзанднинг меҳрибон онаси, беш набиранинг бувижониси Мастура Ҳалимовага ҳавасимиз келди.

Унинг босиб ўтаётган ҳаёт йўли, амалга ошираётган ишлари ёшлар учун ибрат мактабидир.

Дилбар ШАРИПОВА.