Эшонгузарлик олим, техника фанлари номзоди, профессор Акбархўжа Раҳимовни нафақат юртимизда, балки хорижий давлатларда ҳам яхши танишади, ўз соҳасининг билимдони, яхши инсон сифатида ҳурмат қилишади.
Домла билан суҳбатлашиш мақсадида уйларига сим қоқдик.
– Дадам ишда эдилар, эртага уйда бўладилар… – деди қизлари Ильмирахон. 90 ёшдан ошган отахоннинг ҳамон давлат ишида эл-юрт ишига камарбаста бўлиб меҳнат қилаётганларини эшитиб, рости, ҳам ҳавасимиз, ҳам ҳурматимиз янада ошди.
Акбархўжа Раҳимов билан учрашганимизда эса суҳбатимиз бевосита шундан бошланди. Домла 1950 йилдан буён эл хизматида эканлигини, кексайдим, деганига қарамай “ИГИРНИМ”да маслаҳатчи сифатида олиб қолишгани, ойликни ҳалоллаб олиш керак, деб ҳафтада уч кун ишга бориб келишини, ҳамкасб шогирдларига нафи тегаётганидан хурсандлигини айтиб, кулиб қўйди.

1931 йилда Фарғона водийсининг Қўқон шаҳрида ишчи оиласида дунёга келган Акбархўжанинг болалиги айни колхозлаштириш, Иккинчи жаҳон уруши йилларига тўғри келди. Ниҳоятда нимишкор, қўлидан ҳар иш келадиган уста отаси Комилжон болаларининг таълим олишлари учун барча шароитни яратишга ҳаракат қилади. Ўрта мактабнинг 7-синфини тугатган ўғлининг қўлидан тутиб Қўқондаги нефть техникумига ўқишга беради. Боладаги ўқишга бўлган иштиёқни сезган техникум раҳбари – Москва нефть институтининг 1-ўзбек битирувчиси Азиз Қориев уни яхши ўқишга ундади, йўл-йўриқ кўрсатди.
Акбархўжа устозининг маслаҳатларига амал қилди. Ўқишни тугатиб, 4-сонли билим юртида ўқитувчи ҳамда ҳунар ўргатувчи уста бўлиб иш фаолиятини бошлаган бўлса-да, И.Губкина номидаги Россия давлат нефть ва газ университетида таҳсил олиб, олий маълумотли мутахассис бўлади. Йўлланма билан юртига қайтиб, Қўқон скважиналар пармаловчи идоранинг “Аувал” участкасида пармаловчи бўлиб иш бошлайди. Сўнг пармаловчи уста, катта инженер, “ИГИРНИГМ”да катта илмий ходим, Сурхондарё нефть ва газ конларини қидирувчи экспедиция бош инженери сифатида самарали фаолият олиб борди. Кейинчалик 1990 йилларга қадар ва мустақиллик йилларида нефть саноати соҳасининг турли масъулиятли раҳбарлик лавозимларида ишлаб, соҳа ривожига кўплаб самарали ҳисса қўшди.
Шу кунларда эса “ИГИРНИГМ” Акционерлик жамияти илмий-тадқиқот марказининг бош илмий ходими сифатида фаолият олиб бормоқда.
Олимнинг айтишича, нефтни саноатлашган тарзда қазиб олиш ишлари мамлакатимизда 1885 йилдан бошланган. Ўша вақтда нефть Фарғона водийсининг Чимён қишлоғи яқинидаги икки бурғ қудуғидан қазиб олинар эди. 1900 йилда ушбу минтақада жиддий разведка ишлари бошланди ва 1904 йилда 270 метрдан ортиқ чуқурликдан нефть фаввораси отилиб чиқди.

1906 йилда Фарғона вилоятида нефть ҳайдаш заводи қурилиб, у даврий ҳаракат қилувчи битта икки кубали қурилмадан иборат бўлган. 1940 йилга келиб завод ўз лабораториясига эга бўлди, технологик жараён сифат жиҳатидан юксалди, йиллик ишлаб чиқариш қуввати 176 минг тоннага етди.
1972 йилда Қашқадарёда дунёдаги энг йирик қурилмалардан бири бўлган – Муборак газни қайта ишлаш заводи, 1980 йилда эса Шўртангаз заводи ишга туширилди. Мустақиллигимизнинг дастлабки кунларидан соҳанинг янги ҳаёти, нефть ва газ саноати ривожланишининг янги босқичи бошланди.
Акбархўжа Раҳимов – кон қидирувчи мутахассис. Унинг раҳбарлигида қанчадан-қанча нефть, газ конлари топилиб, ўзлаштирилди. Бу ниҳоятда машаққатли, айтиш жоиз бўлса, хатарли ишда фавқулодда вазиятлар содир бўлган пайтларда жонбозлик кўрсатиб меҳнат қилди. Биринчи бўлиб буревойни автоматлаштирди, соҳага қанчадан-қанча янгиликлар киритишга бош бўлди.

– Шунча йиллик фаолиятим давомида республикамизнинг барча вилоятларида ишладим, кон қидириш билан бирга ҳар бир жойнинг урф-одати, табиат манзараси, ҳайвонот ва набодот олами билан қизиқдим, қанчадан-қанча дўстлар орттирдим. Дунё кездим, лекин 1974 йилда геологлар учун уй-жой берилиб, қўним топган масканим – Аллоҳ назар солган осуда, баҳаво, аҳолиси танти Зангиотани ҳеч бир гўшага қиёслай олмайман.
Домла Зангиотани ана шундай алқаб бизни уйдаги ишхона – музейларига бошладилар.
Хона деворларига ишланган китоб жавони юзлаб китоблар билан тўла. Яна бир жавон турли экспонат, яна бир жавондан турли суратлар ўрин олган. Уларнинг ҳар бири ўз тарихига эга. Устоз эса уларнинг ҳар бири ҳақида сўзлаб беришдан эринмайди. Китоб жавонидан алоҳида жой олган устозларининг ёзган китобларини кўрсатар экан, уларнинг ҳаққига дуо қилди, илм йўлини танлаётган ёшларга бугунги кунда давлатимиз томонидан анчагина қулайликлар яратилгани, шогирдларининг иккитаси профессор, 9 таси номзодлик ишларини ёқлаганлигини фахр билан сўзлади. Яна бир полкада қатор терилган турли луғат китобларини кўрсатар экан, инсон маданиятини белгилайдиган қирралардан бири бўлган саводхонлик ҳақида ҳам фикрларини баён этди. Яна бир жавонда эса устознинг 200 дан зиёд илмий мақолалари ва улар чоп этилган чет эл журналлари, 30 дан зиёд китоблари…

Устоз ҳаёт сабоқларини Фирдавсийнинг қуйидаги мисралари билан шундай баён этди:
Мени айладилар дунёга мавжуд,
Ҳаётда кўрганим ҳайрат, тараддуд.
Бу йўлни ўтдим-у, тушунолмадим,
Келмоғу кетмоқдин не экан мақсуд.
Яна қўшиб қўйди: соғлом турмуш тарзи, ҳар нарсадан ҳикмат излаш, топган, эришган неки бор қадрига етиш, ардоқлаш, касб танлашда, умр йўлдош танлашда адашмаслик, икки эшик орасида мазмунли ҳаёт кечириш ва буни фарзандлар, ёшларга уқтириш лозимлигини билдим ва шунга амал қилди. Рафиқам Хоним (охирати обод бўлсин) жуда яхши ҳаёт кечирдик, мендан яна қайта туғилганингда қандай яшар эдинг деб сўрашса, ҳеч иккиланмай шу соҳани танлардим дейман.
Ҳа, инсон бундай дейиши учун ҳар томонлама тўкис-тугал бахтли ҳаётга эга бўлиши керак. Касбидан, оиласидан, қисқаси, босиб ўтган ва ўтаётган ҳаёт йўлини сарҳисоб қилганида ундан кўнгли таскин топган инсонгина бахтлиман дея олади. Буларнинг бари эса Акбархўжа Раҳимовда бор.
Унинг бир ўғил, икки қизи, 8 набираю ўндан зиёд эваралари – ҳаётининг мазмуни. Илмини давом эттираётган сулоласи, қолаверса, ўнлаб шогирдлари – фахри. Устознинг доно суҳбатидан баҳра олиш, дуосини олиш, иш юзасидан маслаҳат сўраш илинжида келувчиларнинг кети узилмайди. Улар учун меҳмондўст устознинг ҳамиша дастурхони ёзиқ, қалб очиқ, эшиги очиқ.
Дилбар ШАРИПОВА.
