Қуёшни уйғотаётган аёллар

Қуёшни уйғотаётган аёллар

Аёл – она, бир қўли билан бешикни, иккинчи қўли билан дунёни тебратади. Аёл – намунали уй бекаси, уй-жойнинг саранжом-­саришталиги, оиланинг мус­таҳкамлиги унинг қўлида. Она – устоз, бутун умр фарзандларини тарбиялайди, она – давлат хизматчиси, ўқитувчи, шифокор, тадбиркор… Ҳа, ҳаётимизнинг гуллари ҳисобланмиш аёлларимиз ҳақида қанча гапирсак, шунча оз. Айниқса, қишлоқ аёлларининг фидойилигини ҳеч бир нарса билан қиёслаб бўлмайди. Қишлоқ аёлларининг қўллари оиласида, даласида, томорқасида меҳнат қилиб асло толмайди. Қуёшни уйғотадиган ҳам улар аслида. Бундай аёллар ҳамиша эътиборда, эъзозда.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 2007 йил декабрдаги йиғилишида “Қишлоқ ҳудудларида аёлларнинг аҳволини яхшилаш тўғрисида”ги резолюцияси қабул қилиниб, 15 октябрь – “Халқаро қишлоқ аёллари куни” сифатида расман эълон қилинди. Бугунги кунда бу сана дунёнинг кўплаб мамлакатларида катта кўтаринкилик руҳида нишонланади. Вазирлар Маҳкамаси томонидан Қиш­лоқ хўжалиги вазирлигининг 15 октябрь санасини юртимизда “Халқаро қишлоқ аёллари куни” сифатида кенг нишонлаш тўғрисидаги таклифи маъқулланиб, юртимизда ушбу сана 2019 йилдан бошлаб нишонланиб келинмоқда. Ҳудудимиз бир пайтлар ростмана қишлоқ бўлган бўлса, бугунги кунга келиб шаҳар тусини олмоқда. Аҳолимизнинг аксарияти бир пайтлар далаларда ишлашган, чинакам деҳқон, соҳибкор бўлишган.

Ҳозирда ҳам хонадонларнинг ўзларига яраша томорқалари бор. Аёлларимиз ўз томорқалари, иссиқхоналарида ёнларига фарзанд­лари, невараларини олиб меҳнат қилишмоқда. Чорваси, паррандаси бор хонадонлар ҳам талайгина. Аёлларимизнинг қўли теккан томорқалар гуллаб-яшнамоқда. Масалан, Назаров номли кўчага бориб қолсангиз, бу ердаги хонадонларнинг иссиқхоналарини кўриб, қадоқ қўллари ила ноз-неъмат яратиб, оиласига қўшимча даромад келтираётган аёлларни учратасиз, уларнинг меҳнатларига тасаннолар айтасиз. Бугун қишлоқ аёли ниҳоятда қадрли. Улар давлатимиз томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда. Ҳаётида қийинчилик сезаётган аёллар “Аёллар дафтари”га киритилиб, қатор ёрдамлар кўрсатилмоқда. Уларнинг саломатликларини тиклашлари, дам олишлари, иқтидорларини юзага чиқаришлари, тадбиркорлик билан шуғулланишлари борасидаги ғамхўрликларнинг чек-чегараси йўқ. Чунки улар озод ва обод юртнинг қадрли, эътиборга лойиқ аёлларидир.

Муҳайё САИДОВА,
“Ўртаовул” маҳалласи
хотин-қизлар фаоли.