Қайнонали келин, қарқара келин…

Қайнонали келин, қарқара келин…

Ҳа, қайнонаси бор келиннинг омади бор. Чунки бошқа бир хонадонга келин бўлиб келган қиз ҳали турмушнинг пасту баландини билмайди, ҳаётий тажрибаси оз бўлади. Унга рўзғор тутиш, оила тебратишдек масъулиятли ишни эса, албатта, қайнонаси ўргатади. Қайнонанинг ўгитларини ўзига дастуриламал қилиб олиб, шунга яраша иш юритган келиннинг эса маҳалладошлари, яқинлари орасида обрў-эътибори баланд бўлади. Чунки ҳеч бир қайнона, келиним ёмон бўлсин демайди, унга ҳаётда қоқилмай яшашни, фарзанд тарбиясини ўргатади. Шунинг учун ҳам халқимиз, қайнонали келин, қарқара келин, қайнонасиз келин, масҳара келин, деб бежизга айтмаган. “Муқимий” кўчасида яшовчи Сулаймоновлар оиласи бугунги кунда маҳалламизнинг олди, намунали оилаларидан бири. Лобар опа икки келинини келин эмас, қиз деб бағрига босиб, бир пайтлар қайнонасидан олган ўгитларини, тарбияларини уларга ўргатиб келмоқда. Онахон шу ёшида ҳам тиним билмайди. Келинларига бир ишни буюришдан олдин ўзи намуна бўлиб ишга киришади. Келинлари эса ёнидан жой олишади, қайнона оналаридан ширин таомлар тайёрлаш, уй-жойни саранжом-саришта тутишни ўрганадилар. Тандирда нон ёпиш Лобар опанинг севимли иши. “Ўз уйингда, ўз қўлинг билан меҳр бериб тандирда ёпган ноннинг таъми бошқача бўлади-да”, дейди у. Лобар опа нон ёпиш сирларини келинларига ҳам ўргатмоқда. Айниқса, невара қизча нон ёпиладиган куни бувисининг ёнидан кетмайди. Ўзича нон ясаб, чакич урган бўлади. Мана бугун ҳам Лобар опа бир тандир нон ёпди. Ҳовли ва кўчада ободонлаштириш ишлари билан шуғулланаётган келинларини тандирдан қип-қизариб чиққан юмшоққина мазали нон билан сийлади. Бундай сийловдан неваралар ҳам четда қолишмади. Қўлига кулча нон тутган болакайларнинг қувончи чексиз эди.

Нигора АБДУЛЛАЕВА,
“Обод турмуш” маҳалла
фуқаролар йиғини хотин-қизлар фаоли.