Отам яратган сўлим боғлар

Отам яратган сўлим боғлар

Мана яна баҳор келди. Мевали дарахтлар чаман бўлиб гуллаб, теварак-атрофга ўз ифорини тарата бошлади. Ана шундай сўлим бир кунда отажон, Сизни соғинч билан эсладим… Оилада кўпчилик эдик. Падари бузрукворимиз бизнинг тарбиямизга доимо эътибор берар, барчамизнинг юриш-туришимизни қаттиқ назорат қилардилар. Хато-камчиликларимизни юзимизга айтар, биз бундан ҳафа бўлмасдан ўзимизга тегишли хулоса чиқариб олардик. Фарзандларимизни ҳам отамиздек тарбиялашга ҳаракат қилдик. Онам кўнгли бўш, юмшоқ феълли бўлгани учун доим бизнинг ёнимизни оларди. Отамдаги қаттиққўллик ва онамдаги меҳрибонлик ҳаммамизга ўтган. Отам Тешабой Азимов 1947 йилнинг 15 мартида Зангиота тумани (олдинги Калинин тумани) “Бектўпи” маҳалласида туғилган эди. Отам ёшлигидан деҳқончилик қилган, боғбончилик билан шуғулланган. Шу билан бирга, санъатга қаттиқ ихлос қўйиши ортидан Тошкент театр ва рассомчилик институтига ўқишга кириб, актёрлик ва режиссёрлик факультетини аъло баҳолар билан битиради. Шундан кейин қарийб ярим аср мобайнида Ўзбекистон телевидениесида режиссёр сифатида фаолият кўрсатди. Отам ўша даврнинг миниатюра дарғалари бўлмиш Садир Зиёмуҳамедов, Ҳасан Йўлдошев, Ҳусан Шарипов, Эргаш Каримов сингари актёрлар билан турли ролларни ўйнаб келган, кўрсатувлар тайёрлаган. Пенсияга чиқиш олдидан 15 йил давомида Ўзбекистон журналистлар уюшмасида ишлади, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими. Отам ўз умри давомида ҳалол ва самарали меҳнат қилди, жамоа ичида обрў топди. Отамнинг босиб ўтган умр йўли, ёшларга устозлиги, одамохунлиги, жамоага меҳрибонлиги ҳаммамиз учун ибрат мактабидир. Отамнинг қурган иморатлари, яратган боғлари ҳали неча-неча авлодларга хизмат қилади, мангу гуркираб яшнайверади. У ҳамиша укаларига, оиласига, фарзандларига меҳрибон бўлди. 7 та фарзандини олий маълумотли қилди. 20 га яқин невара, 10 га яқин эваралар билан уларнинг бағрида бахтли-саодатли ҳаёт кечирди. Инсон ҳамиша мукаммал бахтга интилиб яшайди, сув келса симиради, тош келса кемиради. Қанчалик машаққатларга дуч келсада, олдига қўйган мақсадидан чекинмайди, доимо олға бораверади.

Отам ана шундай инсон эди. Тўсиқлар, муаммолар қийнаган пайтда чекинмай, ўзининг тоғдек саботини намоён этди. Чексиз, ҳадсиз орзулар, умидлар уммонида сузди, ҳаётдан куч олиб, ўзи орзу қилган бахт қасрини яратди. Отам умри давомида ҳеч нарсадан нолигани йўқ, бизники бўлди, мана 30-40 йил ишлаб қўйдим, энди пенсиядаман, деб қўл қовуштириб ўтирмади. Жамиятдаги барча жараёнларда фаол иштирок этди. Ҳеч қачон уйда ўтирмас, маҳалла-кўйда, ўқув юртларида, ҳарбий қисмларда ёшлар билан учрашарди, уларга ватанпарварлик, халққа, юртга чексиз садоқат билан хизмат қилиш ҳар бир кишининг шарафли иши эканлигини тушунтирарди. Айни пайтда юртимизда амалга оширилаётган мислсиз ишлар ҳақида, дунёда юз бераётган воқеалар тўғрисида сўзлаб берарди, аҳолининг маънавияти ва маърифатини ошириш йўлида фаоллик кўрсатарди. Отам Тешабой Азимовнинг босиб ўтган ҳаёт йўли, умри давомида кўрсатган саховат ва ҳиммати нафақат ёшларимизга, балки барча-барчамизга ўрнак ва намунадир. У чин маънода элимиз кўрки, юртимиз фахри эди, ҳар куни бир инсоннинг кўнглини олмаса, кимгадир ёрдам бермаса, ўша кунни кун демасди. Айниқса, ёрдамга муҳтож, қамбағал инсонларга суянчиқ бўларди, уларга қўлидан келганча кўмак берарди. Отам Тешабой Азимов жуда ташкилотчи инсон эди. Сайр-саёҳат қилишни, меҳмондорчиликни яхши кўрарди, атрофдаги дўстларини ҳам бўш ўтирмасликка даъват қиларди. Унинг ташаббуси билан фахрийлар юртимизнинг муқаддас қадамжолари – Самарқанд, Бухоро, Хива каби қадимий шаҳарларга кўп бор саёҳат қилди, диққатга сазовор жойларни зиёрат қилиб қайтди. Бундай сафарларнинг аҳамияти шундаки, кексаларимиз юртимизнинг бой тарихи ва маданий-маънавий қадриятлари билан янада яқинроқ танишади, тарихимиз моҳиятини тағин ҳам теранроқ англайди. Отам Тешабой Азимов ҳақиқий оилапарвар инсон сифатида волидаи муҳтарамам, онажоним билан фаровонликда яшашди.

Ҳаётда орзу-армонлар рўёбини кўрди, мурод-мақасадлари ҳосил бўлди. Бахтиёр кексалик даврида фарзандлари, невара-чеваралари даврасида ҳеч кимдан кам бўлмади, фақат яхшилик учун хизмат қилди. Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, отам охирги йилларда Ўзбекистон журналистлар уюшмасида ишлаётган пайтида ёшларга тадбиркорлик қилиш, мулкдор бўлиш борасида кўп насиҳат ва тўғри йўлни кўрсатиб келган. Мулк эгаси бўлишдан мақсад фақат бойиш эмас, атрофдагиларга ёрдам бериш, уларга молиявий кўмаклашиш, деб тушуниш керак, дерди у. Тадбиркорлик мол-дунё тўплаш дегани эмас, балки мамлакат иқтисодий қудратига ҳисса қўшиш, юртни обод айлаш, кишилар турмуш шароитини яхшилаш, камхарж оилаларга, ёлғиз кексаларга, бева-бечораларга кўмак бериш, уларни моддий жиҳатдан доимий равишда қўллаб-қувватлаш демакдир. Бошқача қилиб айтганда бу ишлардан кўзланган асосий ният мурувват, саховат кўрсатиш, хайрия қилишдир, дерди меҳрибон отам. Отам ўз умри давомида иложи борича камхарж оилаларга ёрдам кўрсатди, сағир болалардан бир қанчасининг суннат тўйини ўтказиб берди. Уларга сарполар олиб бериб, совға-саломлар ҳадя этди, ҳар бирига пул қўйиб, омонат дафтарчаси очдирди. Тошкент шаҳрининг Учтепа тумани ҳудудидаги майдонга беш юз туп мевали ва манзарали дарахтлар экиб, ташландиқ майдонда боғ яратди. Улар ғарқ мевага киргач, кўп болали ва камхарж оилаларга бўлиб берарди, қолганини Болалар уйларига топшириб келарди. Бундан ташқари, 2023 йилнинг баҳорида яхши ният билан Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманидаги ташландиқ майдонга 400 туп мевали дарахт кўчатларини ўтқазди. Мен ҳам бу ишларда отамга яқин кўмакдош бўлдим, ёрдам бердим. Инсон бу ҳаётга қачон келиб, қачон кетишини билмас экан. Ҳаммага фақат эзгулик улашган, ҳаёти давомида одамларнинг оғирини енгил қилиб келган отам 2023 йилнинг 23 июль куни 76 ёшларида оламдан ўтди. Лекин отам яратган боқий боғлар падари бузрукворимни бизларга эслатиб туради. Унинг мевасидан баҳраманд бўлган, соясида дам олган инсонлар отам ҳаққига дуолар қилишади. Отамдан кўп дуолар олганман. Ана шу дуолар ижобат бўлиб, мен ўтган йилнинг якунида онаизорим билан муқаддас Ҳаж зиёратига бориб келдим. Отамдан марҳамат кўрган инсонлар ҳали ҳам унинг бағри кенг, қўли ҳам дилидек очиқлигини айтиб хотирлашганида кўнглимиз фахр ва ифтихор ҳислари билан тўлиб тошади. Эл дуосини олган одам эса икки дунёда кам бўлмайди.

Фарҳод АЗИМОВ,
Камолиддин Беҳзод номидаги
Миллий рассомлик ва дизайн институти
тадқиқотчиси, “Обод” маҳалласи.