Ошқовоқ – фойдасига боқ

Ошқовоқ – фойдасига боқ

Сахий кузнинг шифобахш неъматларидан бири ошқовоқдир. Уни кўпчилик севиб истеъмол қилади. Ошқовоқдан тайёрланган манти, сомса, шўрва, мошхўрда каби таомларнинг мазаси оғзингизда қолади. Шундай чоқларда унинг шифобахшлик хусусият­ларини ёдга олсангиз фойдадан ҳоли бўлмайди.  Шунда уни кузу қиш таомномангиздан аритмайсиз.

Ёдда тутинг, озишни истаганларнинг таомномасида доимо қовоқ бўлиши керак. Ундаги калий тузлари танадан ортиқча суюқликни чиқариб ташлаб, вазн камайишига ёрдамлашади. Қовоқ кўриш қобилиятини яхшилайди, ёруғликни яхшироқ қабул қилишга ёрдамлашади, катарактанинг олдини олади. Қовоқ саратон ҳужайраларининг ривожланишига тўсқинлик қилади, терини зарарли таъсирлардан ҳимоялайди, яллиғланишни камайтиради, эрта қаришнинг олдини олади.

Ошқовоқ таркибидаги С витамини серотонин гормонини ишлаб чиқаришни ривожлантиради, иммунитетни мустаҳкамлайди, шамоллашнинг олдини олади, яллиғланиш ва инфекцияга қарши курашади. Қовоқнинг уруғи ҳам фойдали. У юракдаги муаммоларни даволайди, қон босимини пасайтиради, қондаги қанд миқдорини тартибга солади, қон томирларини кенгайтиради, қон айланишини яхшилайди, гемоглобин миқдорини оширади, модда алмашинув жараёнини яхшилайди.

Қовоқнинг гўштли жойи астма, варикоз томирлар, пневмония, шамоллашни даволашда қўл келади. Шунингдек, Уйқусизлик ва стресс ҳолатларида асал қўшилган қовоқ дамламаси тавсия этилади (уйқу олдидан 70-100 граммдан). Тунда ичиладиган бир пиёла қовоқ шарбати асаб тизимини тинчлантириб, тиниқиб ухлашга кўмаклашади. Бундан ташқари, тери касалликларида куйишлар, совуқ олиш, йирингли ёпиқ яралар, тери тошмалари, ҳуснбузарлар қирилган қовоқ эти билан даволанади.

Бунинг учун жароҳатланган терига қовоқ эти боғлаб қўйилади. Шунингдек, компресс учун янги қовоқ шарбатидан фойдаланилади. Тиббиётда “Тиквеол” дориси тери касалликларини иссиқдан ва кимёвий моддалардан куйишларни даволашда қўлланилади. Ҳар бир неъматнинг фойдаси билан зарарли томонлари бўлганидек, ошқовоқ ҳам бундан ҳоли эмас. Ошқозон яраси, кислоталилиги паст гастрит ёки қанд касалига чалинган беморларга ошқовоқ тавсия этилмайди.