Одам оғир кунда синалар дерлар

Одам оғир кунда синалар дерлар

Бугунги аномал совуқ одамларнинг бир-бирига бўлган меҳр-муруввати қай даражадалигини синовдан ўтказаяпти. Бу синовнинг бошида эса туман ҳокимлиги, маҳалла фуқаролар йиғини турибди. Уларнинг ўз фуқароларига қай даражада меҳрибон, ғамхўр эканликларини синовли кунлар яққол намоён этмоқда. Оқсоқоллар кечани кеча, кундузни кундуз демай газ, электр ходимлари билан ёнма-ён юриб, аҳолисининг раҳматини олишмоқда.

Тумандаги Аҳмад Яссавий номли маҳалла фуқаролар йиғинида ишловчилар ҳар бир хонадонга кириб, одамларнинг ҳолидан хабар олиб, эҳтиёжманд оилаларга мадад қўлини чўзгани қачонлар эди. Энди эса ҳудуддаги 130 нафар қийналган оилаларнинг яна кўнгли олинди. Маҳалладаги саховатпеша инсонлар томонидан дошқозонда 100 килограмм ош дамланиб, эҳтиёжманд оилаларга тарқатилди. Гап таомда эмас, таомнинг умри қисқа, у бирпасда ейилиб кетадиган нарса. Лекин бундай эътиборнинг умри узун.

 “Олмазор” маҳалласидаги “бешлик” ҳудуддаги Хаитовлар, Носировлар хонадонларида бўлишиб, уларнинг ҳолидан хабар олишди ҳамда 12 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари беришди.

– 1-секторда ҳам қийналган оилалар холидан хабар олиниб, уларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилмоқда. Куни кеча 30 нафар боқувчисини йўқотган оилаларга ҳомийлар томонидан 2 миллион 830 минг сўм пул ва 5 килограммдан гўшт тарқатилди, – дея хабар беради “Эски қалъа” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Наргиза Аҳмедова. – Бошқа қийналган оилалар ҳам доимий эътиборда. Қишнинг кўпи кетиб, ози қолмоқда. Ҳадемай бу кунлар ҳам унут бўлади. Лекин шундай кунда бир-биримизга кўрсатган меҳримиз, қўллаб-қувватлашимиз ҳеч қачон унутилмайди.

Бундай хайрли ишлар “Қиргузар” маҳалласидаги “бешлик” томонидан ҳам амалга оширилди. Улар ёлғиз қариялар, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар ва жарроҳлик амалиётини ўтаган оилаларга иситгич ва кўрпалар тарқатишди. Туман Маҳалла ва фахрийларни қўллаб-қувватлаш бўлими томонидан мавжуд 73 та маҳалладаги ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган, ногирони бўлган оилаларга иссиқ ки­йим-бош, озиқ-овқат маҳсулотлари берилди.

Эзгуликнинг қаноти бор, дейишади. Бугун ана шу эзгулик кенг қанот ёйиб, тумандаги барча хонадонларга кириб бормоқда ва одамларга мадад бўлмоқда.

Ж. АМИРОВА.