
Жорий йилнинг 1-30 ноябрь кунлари мамлакат бўйлаб ўтказилаётган “Кексалар учун туризм ойлиги” доирасида туманимизда ҳам кўплаб хайрли ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, кекса авлод вакилларидан қарийб 600 нафари учун Қибрай туманида жойлашган “Янги Ўзбекистон боғи”га ва вилоятимиз ҳудудидаги сўлим зиёратгоҳлар, муқаддас қадамжоларга, шунингдек, мамлакатимизнинг бошқа диққатга сазовор турли гўшаларига саёҳатлар ташкил этилди.
Кексаларимизнинг маданий ҳордиқ чиқаришлари учун пойтахтимиздаги Ўзбек Миллий Академик ҳамда Муқимий номидаги Ўзбек давлат мусиқали драма театрларига саёҳатлар уюштирилди. Куни кеча бир гуруҳ ижтимоий ҳимояга муҳтож ва фаол нуронийларимиз Ўзбек Миллий Академик театрида Усмон Носир асари асосида саҳналаштирилган спектаклни томоша қилиб қайтишди.
Булардан ташқари кекса авлод вакилларининг саломатлигини тиклаш ва мароқли ҳордиқ чиқаришларини таъминлаш мақсадида улар иштирокида “Саломатлик учун беш минг қадам” шиори остида пиёда юриш марафонлари ўтказилмоқда.
Шунингдек, ойлик тадбирлари доирасида уйида ётиб қолган якка ёлғизлар, шифохонада даволанаётган якка ёлғизлар ҳолидан ҳам хабар олиниб, уларга керакли дори воситалари ва озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди. Буларнинг барчаси ёши улуғ инсонлар доим давлат ва жамият эътиборида эканининг амалий ифодасидир.
Ҳа, бу каби ижтимоий-маърифий лойиҳалар ёши улуғ кишиларимиз доимо эътибор ва эъзозда эканликларини яна бир бор тасдиқлайди.


Тўлқин ХОЛИҚОВ,
туман Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғининг Нуронийлар бўйича маслаҳатчиси.
