“Навбахор” файзли гўшага айланмоқда

“Навбахор” файзли гўшага айланмоқда

Мамлакатимизда “маҳаллабай” тизимининг самарали йўлга қўйилганлиги натижасида жойларда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, аҳоли турмуш даражаси ва бандлигини таъминлаш масалалари маҳалла даражасида амалга оширила бошланди. Бунинг учун барча ҳудудларда фаолияти йўлга қўйилган ҳоким ёрдамчилари лавозимининг аҳамияти катта бўлмоқда.

Бугунги кунда “Нав­баҳор” маҳалламиздаги 538 та хонадонда 3 минг нафар аҳоли истиқомат қилади. Ҳудудимиз инфраструктурасига тўхталадиган бўлсак, 19 та кўп қаватли уйлар, 1 та даволаш муассасаси, 4 та озиқ-овқат ва маиший дўконлар, 2 та умумий овқатланиш шаҳобчаси, 20 га яқин тадбиркорлик, 2 та оилавий корхона ҳамда 2 та ҳунармандчилик субъектлари мавжуд. Бу эса, аҳолимиз маиший турмуш эҳтиёжларини тўлақонли таъминлашга хизмат қилмоқда.

Фаолиятимизнинг дастлабки йилида олдимизда турган қатор устувор вазифалардан келиб чиқиб, туман Давлат солиқ инспекцияси, Табдиркорликни ривожлантириш ҳамда Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари, тижорат банклари, шунингдек, тегишли идора ва ташкилотлар билан ҳамкорликда бир қатор чора-тадбирлар белгилаб олинди. Жумладан, асосий эътибор аҳоли ўртасида ишсизликнинг олдини олиш мақсадида тадбиркорлик фаолияти турларини ривожлантириш, тижорат банклари томонидан кичик бизнес субъект­ларини ташкил этиш ва қўллаб-қувватлаш учун ажратилаётган кредитлар миқдорини 2 ҳиссага ошириш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож ва кам таъминланган қатламини ҳар тарафлама рағбатлантириш ва шу каби муҳим ижтимоий вазифалар ечимига қаратилган.

Маҳалланинг ўсиш нуқталари ва ривож­лантириш имкониятларидан келиб чиқиб, асосий эътибор ишсизликни камайтириш ва янги тадбиркорлик субъектларини ишга туширишга қаратилди. Ушбу амалий ҳаракатларимиз натижасида ўтган даврда 63 та янги иш ўрни яратилди. Мисол учун айтадиган бўлсак, 15 нафар фуқаро “Choco Blessed” масъулияти чекланган жамиятига, 4 нафари ҳудуддаги 3-умумтаълим мактабига, 2 нафари ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этилиб, 28 нафари ўзини ўзи банд қилиш орқали бандлиги таъминланди. 2 нафар фуқарога субсидия асосида замонавий тикув машинаси олиб берилди.

Тадбиркорликни ривожлантириш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича 3 та юридик шахс сифатида янги тадбиркорлик суъбектлари ташкил этилди. Қолаверса, фуқароларимиз томонидан “Оилавий тадбиркорлик” дастури доирасида таклиф этилган 3 та истиқболли лойиҳа учун қарийб юз миллион сўмга яқин кредит маблағи ажратилишига кўмаклашилди. Маҳалла ҳудудида жойлашган “Tornado Crackers” масъулияти чекланган жамияти томонидан 30 нафар фуқаро кооперация асосида майда ўйинчоқларни йиғиш каби ишларга жалб этилди. Бугунги кунда ушбу хонадон эгалари ўзини ўзи банд қилиш эвазига мўмайгина даромад олиб, рўзғорларига барака киритишмоқда.

Булардан ташқари, 8 нафар фуқаро Ҳунармандлар уюшмаси аъзоси Аҳмаджон Расулев раҳбарлигидаги корхонага жалб этилди, яна 4 нафари бошқа ишлаб чиқариш корхоналарида иш бош­лади. Шунинг­дек, 66 нафар фуқаро ижара асосида ер майдонларини олиб, деҳқон хўжалиги ташкил этди. 14 нафар фуқарога тижорат банкларининг кредит маблағлари ажратилишига кўмаклашилди. 24 нафар фуқаро Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари ҳамда нодавлат таълим ташкилотларида ўқитилиб, тадбиркорлик фаолияти кўникмалари бўйича малакалари оширилди.

Ҳудудда қўшимча иш ўринларини кўпайтириш, шу орқали ишсиз бўлган фуқароларимизнинг доимий бандлигини таъминлашга эришиш мақсадида 2 нафар тажрибали, ишбилармон тадбиркорлар кўмаги билан 25 та янги иш ўрни ташкил этилди. Банк кредити асосида тадбиркорликни йўлга қўйиш истагида бўлган 15 нафар фуқарога ижобий тавсиялар берилиб, банклардан 270 миллион сўм миқдорда имтиёзли кредит олишларига кўмаклашилди.

“Оилавий тадбиркорлик” дастури доирасида “Онлайн маҳалла” платформаси орқали 18 та самалари лойиҳалар учун жами қиймати 332 миллион сўмдан зиёд қийматдаги аризалар келиб тушган бўлса, шундан тикувчилик йўналишидаги 12 та лойиҳага 180 миллион, қўйчиликни ташкил этиш учун 3 та лойиҳага қарийб 90 миллион сўм миқдорида кредит маблағи йўналтирилди.

Шунингдек, тумандаги фермер хўжа­лик­ларининг ғалладан бўшаган ер майдонларида такрорий экин етиштириш мақсадида деҳқончилик истагида бўлган 40 нафар ишсиз фуқарога “E-auksion” электрон савдо платформаси орқали уларнинг ҳар бирига 15 сотихдан 10 йилга ижара асосида ер ажратиб берилди.

Маҳалланинг асосий жиҳатларини кўрсатиб берадиган омиллардан бири бу – ҳудуд ободлиги, ундаги коммуникация тармоқларининг узлуксиз ва самарали ишлашидир. Ҳудуд озодагарчилигига тўхталадиган бўлсак, навбаҳорликлар ҳамиша ўз ҳудудларини кўкаламзорлаштириш, турли анвойи гуллар парваришлаб, чаманзору боғи-бўстонга айлантиришни хуш кўрадиган меҳнатсевар кишилардир. “Нав­баҳор”нинг доимий яшилликка бурканиши, саришта сақланишида ҳудуддан ўтган ариқлар муҳим аҳамият касб этади. Буни яхши тушунган миришкорлар ўз томорқаларидан унумли фойдаланиш мақсадида 1,5 км.дан зиёд ариқ бўйларини турли чиқинди ва ўт-ўланлардан тозалашди. Бу эса, йил бўйи маҳалла ҳудудидаги томорқаларни оби ҳаёт билан таъминлайди.

Ичимлик суви таъминоти бўйича маҳалла фаоллари ташаббуси ва ҳашар йўли билан “Кумуш”, “Маданият”, “М.Беҳбудий” кўчаларидаги 150 та хонадонга тоза ичимлик суви тармоғи тортилди. “Кумуш”, “Иноқ” тор кўчаларининг қарийб 1 километрига ҳашар йўли билан шағал тўкилди, “М.Беҳбудий” 2-кўчасидаги 4 та ва “Иноқ” кўчасидаги 2 та эски ёғоч устунларлар бетон устунларга алмаштирилиб, 480 метр узунликда электр симлари тортилди, “Мус­тақиллик” шоҳ кўчасига тунги ёритгич чироқлари ўрнатилди.

Келгусида олдимизда ечимини кутаётган бир қатор масалалар бор. Жумладан, “Навбаҳор” ҳудудида аҳолини, хусусан, ёшларни турли касб-ҳунарларга ўқитиш бўйича янги маскан барпо этиш, йўлларда мактаб ўқувчилари ҳамда кекса ёшдагилар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида пиёдалар йўлакчасини қуриш, мавжуд автобекатлар қиёфасини янги, замонавий кўринишларда ўзгартириш, пойафзал тузатиш, коммунал тўловлар хизматларини онлайн қабул қилиш шаҳобчаларини ташкил этиш ҳаракатидамиз.

Таъкидлаш лозимки, бугун юртимизда маҳалла тизимига бўлган эътибор тубдан ўзгарди. Зеро, бу аҳоли билан бевосита ишлашнинг энг самарали ва анъанавий механизмидир. Халқ билан мулоқотнинг бундай усулини бошқача қилиб маҳаллабай ишлаш тизими, дея таърифлаймиз. Айтиш мумкинки, давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган ушбу маҳаллабай ва фуқаробай иш услублари айни дамда аҳоли мурожаатлари ва жамиятдаги кўплаб муаммоларни бартараф этишда жамиятимиздаги барча соҳалар учун энг самарали йўл эканлиги ўз исботини кўрсатмоқда.

Обод маҳалла ва қишлоқ одамларининг қалби ҳам обод, маданияти ҳам юксак бўлади. Бугун манзилли Давлат дастурлари асосида мамлакатимиз бўйлаб кенг кўламда олиб борилаётган ободончилик юмушлари “Навбаҳор”да ҳам ўз аксини топиб, маҳалламиз фаоллари иштирокида аҳоли ўртасида ҳар ҳафта якунида “Намунали обод кўча” шиори остида ободонлаштириш ишларини ташкил этиш ҳақида тушунтириш-тарғибот ишлари олиб борилмоқда.

Маҳаллабай ишлаш тизими мураккаб жараён бўлишига қарамасдан, унда ҳар бир инсоннинг дардини тинглаш, унинг қисматини тубдан ўзгартириш, жамият тараққиётини иқтисодий ўсишлар билангина эмас, балки аҳолининг ўз ҳаётидан мамнунлиги, амалга оширилаётган ислоҳотлардан рози эканлиги билан ўлчаш каби мезонлар мавжуд. Маҳалладаги мавжуд муаммолар ва аҳолининг кундалик масалаларини ҳал этиш биргина ушбу тизим ходимлари томонидан бартараф этиш имконсиз. Шу сабабли бу жараёнда ҳар бир соҳа масъулларининг иштироки ва аралашуви муҳим жиҳатдир. Маҳаллабай ишлаш, моҳиятан олиб қараганда – барча соҳа мутасаддиларининг бир мушт бўлиб, мавжуд муаммолар, аҳоли турмушидаги муҳим масалаларни биргаликда ҳал этишнинг янгича механизмидир.

Ҳали зиммамизда каттадан-катта масъ­улият ва вазифалар турибди. Жорий йилда инсон қадрига алоҳида эътибор қаратиб, аҳолининг турмуш даражасини янада яхшилаш борасида амалга оширилаётган барча ислоҳотларни давом эттиришда бор куч-қувватимизни сафарбар этамиз. Асосий мақсадимиз ҳам шу, эл-юрт хизматида бўлиб, халқимизнинг розилигига эришишдир.

Кумушхон НУРИДДИНОВА,
“Навбаҳор” маҳалласи
ҳоким ёрдамчиси.