Мурожаатлар жойида ҳал этилди

Мурожаатлар жойида ҳал этилди

Маълумки, аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқот тизимини янада такомиллаштириш, фуқаролар муаммолари билан ишлашни самарали ташкил этиш, жойларда ечимини кутаётган масалаларни “маҳаллабай” ўрганган ҳолда тезкорлик билан ҳал этиш мақсадида судьялар томонидан сайёр қабуллар ташкил этиб келинмоқда. Яқинда Тошкент ви­лоя­ти судининг раис ўринбосари О.Исмоилов ҳамда Зангиота туман­лар­аро Фуқаролик суди раиси С.Зайниева томонидан “Нав­рўз” маҳалласида сайёр қабул ўтказилди. Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент вилояти ва Зангиота тумани судья­лари, туман Халқ қабулхонаси мудири Ф.Ҳусанбоев, туман ҳокими ўринбосари С.Усмонова иштирокидаги ушбу қабулда аҳоли мурожаатлари, фуқаролик иши бўйи­ча ўз ечимини кутаётган масалалар, ажрим ёқасидаги оилалардаги низоларнинг ҳуқуқий ечимлари хусусида атрофлича сўз юритилди.

Қабул давомида келиб тушган мурожаатлар мавжуд ҳужжатларга асосланиб қонун доирасида кўриб чиқилиб, ҳуқуқий жиҳатдан йўл-йўриқ кўрсатилди. Шу ўринда оиласи нотинч хотин-қизлар, эркаклар билан алоҳида тушунтириш ишлари олиб борилди. Икки нафар фуқаронинг ҳужжатлари жойида ўрганилиб, қайта кўриб чиқиш учун Фуқаролик ишлари бўйича Зангиота туманлараро судига даъво аризаси киритилди. Айтиш мумкинки, давлат органларининг “Халқ билан мулоқот” қилиши тамойилини ҳаётга татбиқ этиш мақсадида жойларда ташкил этилаётган бу каби қабуллар аҳоли муаммоларининг ўз вақтида ижобий ҳал этилишига хизмат қилади.

Нигора МИРЗАЕВА,
Ўзбекистон Республикаси
Президентининг Зангиота туманидаги
Халқ қабулхонаси етакчи мутахассиси.