Ёмғир тупроқни сув билан тўйинтиради, экинлар, дов-дарахтларни яшнатади, ҳавони ғуборлардан тозалайди… Энг асосийси, у мўл ҳосил замини. Шу боисдан ҳам аждодларимиз ёмғир ёғишини орзиқиб кутишган, қурғоқчилик бўлган йиллари турли маросимларни ўтказиб, ёмғирни чақиришган. Барча даврларда, ҳозир ҳам ёмғир ҳаётимизда муҳим ўрин тутади. Лекин унинг ёғишидан юрак ҳовучлаб ўтирадиган одамлар ҳам борлигига нима дейсиз?
Туни билан ва кундузи ҳам майдалаб ёққан ёмғир (яхшиям жала эмас) “Қуёшли” маҳалласидаги бир хонадоннинг ҳовлисини сув билан лиммо-лим қилган. Унга маҳалла фуқаролар йиғини фаоллари, Фавқулодда вазиятлар бўлими ходимлари тезда ёрдамга келишди… Ўтган йили қишда айнан шу маҳалладан отахонлар келишиб, ёмғир ёғса хонадонларига сув кириб кетаётганлигидан шикоят қилишганди. Бунга сабаб қайсидир хонадон эгаси сув йўлини тўсиб қўйганлиги эди…

Уйимизга сув тошиб кирса, бунга ўзимиз, ўзимизнинг бепарволигимиз сабаб. Сабаби айрим хонадонлар уйи олдидан ўтадиган сув йўлини кўмиб ташлаб, қўни-қўшниларига қийинчилик туғдиради, кимдир айнан сув йўлининг устига қандайдир бино ёки бошқа нарса қуради. Бу билан ҳеч кимнинг иши йўқ. Агар маҳалла фуқаролар йиғинидагилар ҳар бир кўчадаги уйларнинг олдидаги лотокларни тартибга солишса, жамоатчилик айрим масъулиятсиз фуқароларни тартибга чақирса, кўчаларимиз ҳам чиройли, ҳам хавфсиз, асфальтларимизнинг “умри” эса узун бўларди.
Лотоклар нима учун керак? Албатта, ёғингарчилик пайтида томнинг тарновларидан тушаётган ва йўлдан оқиб келаётган сувларни қуйига олиб кетиши учун. Лекин кўп ҳолларда шу лотоклар ўрни ёпиб ташланади, борларининг ичига эса чиқиндилар ташланади. Энг катта хатомиздан бири эса йўлга асфальт ётқизилаётганида “нишаб” деган нарсага доим ҳам эътибор қаратилмайди. Натижада сув асфальтга ҳам зарар етказади ва ўйдим-чуқурлар юзага келади.
Газетхонларга ҳавола этаётган расмларимиздаги каби кўчаларда яшовчи аҳолининг ҳасратидан чанг чиқиши аниқ. Бундай кўчалар мактабга бораётган болалар ҳамда турли мақсадларда кўчага чиққан йўловчи ва ҳайдовчиларга ноқулайлик ва қийинчилик туғдириши тайин. Ўтган йили “Ташаббусли бюджет”, “Менинг йўлим” лойиҳаларида ғолиб чиққан маҳаллаларнинг кўчалари асфальтланди, бир қатор маҳалла аҳлининг ўзи ҳамжиҳатликда ҳомийлар билан бирга кўчаларини ҳашар йўли билан асфальт қилишди. Лекин ҳали ҳам “кўчамизни биров четдан келиб асфальт қилиб беради”, деб кутиб ўтирган фуқаролар йўқ эмас. Уларга айтар гапларимиз бор: сизларнинг энг яхши имкониятингиз – “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси. Ҳамжиҳатликда ҳаракат қилиб, кўп овоз тўпласангиз, лойиҳанинг ғолибига айланасиз ва кўчаларингиз бугунгидек аянчли эмас, мутлақо ўзгача кўриниш касб этади.
Ж.АМИРОВА.
