Юртимизда кейинги йилларда қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлигини оширишда ўрнини бошқа ҳеч бир восита боса олмайдиган қишлоқ хўжалиги тармоғи бўлган асаларичиликни жадал ривожлантириш, сифатли асал маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтиришга катта эътибор қаратилмоқда, бу иш билан шуғулланувчиларга қатор имтиёзлар берилмоқда. Натижада республикамизда кейинги 5 йил ичида асал етиштириш икки баравардан зиёдга кўпайди. Асаларичилик билан шуғулланувчи фуқаролар сони 40 минг нафардан ошди. Уларнинг орасида “Обод турмуш” маҳалласининг “Обод” кўчасида яшовчи Сардор Абдураҳмонов ҳам бор. Сардорнинг асаларичиликка бўлган қизиқиши бугун ёки кеча пайдо бўлган эмас. У кўпдан бери асалариларнинг ҳаёти билан қизиқар, тегишли манбалардан бу нозик ва меҳнаткаш жонзотга оид маълумотларни синчиклаб ўқиб-ўрганарди. Шундан кейингина бу ишга астойдил киришди.
Сардор ўтган йили маҳалласидаги ҳоким ёрдамчисига ниятини айтганди, у ҳам буни қўллаб-қувватлади. Кўп ўтмай Сардор ҳоким ёрдамчисининг тавсияси билан “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида 20 миллион сўм кредит олди. Бу маблағга 11 қути асалари сотиб олди ва ишга киришди. Сардорнинг бу ишни бошлашидан олдин асаларичилик сир-асрорларини чуқур ўрганганлиги, уларни парваришлаш, сифатли асал олиш учун нималар қилиш кераклигини обдон билиб олганлиги қўл келди. Астойдил ишга киришди. Қараса эплади. Кейин қутилари сонини 17 тага етказди. Орада йўқотишлар бўлди, албатта. Лекин ортга чекинмади. – Асаларилар дунёси бирам ажойиб экан, – дейди Сардор Абдураҳмонов. – Уларнинг оиласида вазифалар ўзаро тақсимланар экан. Яъни, ишлаб келадиганлар, ин қурадиганлар, эшик қўриқчилари, ҳаттоки қаерда асал нектари кўплигини билиб йўналтириб турувчи арилар, бизни замонавий тилимизда айтадиган бўлсак разведкачилар. Улар ҳаммаси бир оила бўлиб ҳаракат қилишади. Ўғри асаларилар ҳам бўлади. Улар бошқа қутиларда йиғилаётган асални ўз инларига ўғирлаб олиб келишади. Ўзларини совуқдан асраш учун жипслашиб олишади.
Ўтган йили йиғилган асални олмадим, ўзларига озуқа учун қолдирдим. Насиб қилса бу йилдан асал олишни бошлаймиз. Сардорнинг айтишича, асалари бир томчи шира йиғиш мақсадида мингдан ортиқ гулларга қўнаркан. У гулга қўниб нектарни сўриб бўлгач, ўзидан бир белги қолдираркан. Унинг шериклари ўша гулга қўниб, нектар излаб вақтлари кетмаслиги учун. Асалари юз грамм нектар йиғиш учун миллионтача гулга қўнаркан. Бир килограмм асал тўплаш учун эса асалари тахминан бир неча юз минг километр масофани босиб ўтади. Бу эса Ер шари атрофини тахминан ўн марта айланиб чиқишга тенгдир. Ажойиб-а! – Юксиз асалари учаётган пайтда тезлиги соатига 65 километрга етади. Агар нектарни кўтариб олган бўлса, у ҳолда унинг тезлиги соатига 30 километрга пасаяди. Асалари олиб кетаётган нектарнинг оғирлиги танасининг учдан бирига тенг келади. Бу бир тонналик машина 300 килограммлик юкни олиб кетяпти дегани, – дея Сардор асаларилар ҳаётини завқ-шавқ билан ҳикоя қилиб берди. Асаларичиликка чинакамига қизиқадиган йигитни келажакда ҳали катта муваффақиятлар кутиб турибди. У ҳам бир куни ҳар йили пойтахтимизда 1-10 декабрь кунлари бўлиб ўтадиган “Асал байрами”да иштирок этса ажабмас.
Нозима РАСУЛОВА.
