“Маҳалла бюджети” тизими жорий этилади

“Маҳалла бюджети” тизими жорий этилади

Президентимизнинг 2022 йил 26 декабрдаги “Маҳалла бюджети” тизимини жорий этиш орқали маҳаллаларнинг молиявий имкония­тини янада кенгайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-458-сонли қарорига кўра, 2023 йилдан солиқларни ундириш кўрсаткичи паст бўлган 14 туманда ҳуқуқий эксперимент тариқасида “Маҳалла бюджети” тизими жорий этилади.

Мазкур туманларда мол-мулк ва ер солиғи (нотурар жойлар бўйича мол-мулк ва ер солиғи бундан мустасно) бўйича ундирилган маблағларнинг 10 фоизи ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 10-санасигача туман бюджетлари орқали тегишли Жамғармаларга йўналтирилади.

Жорий йилнинг 1 мартигача мол-мулк ва ер солиғи бўйича ҳисобланган, тўланган маблағлар ва солиқ қарздорликлари тўғрисидаги маълумотлардан маҳаллалар реал вақт режимида фойдаланиши имконияти яратилади.

“Маҳалла бюджети” тизими асосида шакллантирилган маблағлар “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Қонунда назарда тутилган фуқаролар йиғини кенгаши томонидан бош­қарилади.