Ҳаётимизда ҳар бир фаслнинг ўз ўрни бор. Қиш ўз вақтида қишлигини қилса, мўл-кўлчиликка замин яратилади, яъни ҳашаротлар қирилиб кетади, қорлар ерга малҳам бўлиб сингади ва ҳоказо… Лекин қишнинг ўзига яраша гашти билан бир қаторда ташвишлари ҳам бор. Бу йилги қиш, айниқса, ёши улуғларга ўтмишни эслатиб юборган бўлса ажабмас.
1968-1969 йиллар қиши энг совуқ қишлардан бири бўлганлигини ўша пайтда бола бўлган одамлар яхши эслашади. Печкага ўтин, кўмир қалашлар, ариқларда сув тўхтагани боис сувни узоқлардаги ҳовузлардан ташиб келишлар… Ўша пайтларда ҳам мактаблар тўхтаб қолмаган, қалин қор кечилиб, илм масканига бориларди. Ўша қиш мавсумида республиканинг кўплаб ҳудудларида минимал ҳаво ҳароратининг мутлоқ рекордлари қайд этилган эди.
Ўзбекистоннинг шимолий ҳудудларида энг паст ҳаво ҳарорати 1972 ва 1977 йилларда кузатилган бўлиб, айрим вилоятларда -33 ҳамда -40 даражагача совуқ кузатилган. Узоққа бормасдан 2008 йилни олиб кўрайлик. Тошкентда ҳаво ҳарорати – 17,4 даража совуққача кўтарилган. Бугунги кунда пойтахтимизда давом этаётган аномал совуқ сўнгги 50 йил ичида январь ойида кузатилган энг паст кўрсаткични тақдим этди. Ҳаво ҳарорати 13 январь куни -19,8 даражага етди.
Қиш ўз номи билан ҳам қиш. Ота-боболаримиз бежиз айтишмаган: ”Қишнинг бир куни ҳам қиш”. Шундай экан, пухта тайёргарлик кўрилган жойда қишнинг қай даражада келишининг аҳамияти йўқ. Ҳар йили ҳали куз келмасиданоқ республикамизнинг барча жойларида кузги-қишки юмушлар бошлаб юборилади. Бу қайси соҳаларда сидқидилдан бажарилганлигини эса “ғалвирини сувдан кўтарган” қиш аён қилди-қўйди. 16 январь куни Президент ҳузурида энергия ресурслари таъминоти юзасидан бўлиб ўтган йиғилишда ана шу масала муҳокама қилинди.
“Мен совуқдан қийналаётган ҳар бир оила, ҳар бир инсоннинг кайфиятини, ҳиссиётини чуқур ташвиш ва изтироб билан юрагимдан ўтказаяпман”, – деди давлатимиз раҳбари. Йиғилишда юзага келган вазият соҳалар ҳамда ҳудуд раҳбарларининг бугунги кунгача қандай ишлаганини яққол кўрсатиб қўйганлиги алоҳида таъкидланди ва бу ишга совуққонлик билан қараган раҳбарларга тегишли чоралар кўрилди, вазиятни ўнглаш бўйича мутасаддиларга қатор топшириқлар берилди.
Туманимизда ҳам синовли кунлар давом этмоқда. Қиш-қировли кунларда туман йўлсозлари ва Ободонлаштириш бошқармаси ишчи-хизматчилари совуқни совуқ демасдан йўлларни, йўлакларни, кўп қаватли уйлар атрофларини қордан тозалаш, автотранспорт воситаларига қулайлик яратиш мақсадида йўлларга туз-қумли аралашмалар сепишган бўлишса, совуқда музлаб қолган қувурлар муаммоларини ҳал этиш борасида сув таъминоти ходимлари ҳам бор имкониятларини ишга солмоқдалар.
Газ босимининг пасайиб кетиши уйларни иситишда муаммолар келтириб чиқаргани ҳеч кимга сир эмас. “Зангиотатумангазтаъминот” газ корхонаси ишчи-хизматчилари ҳам куну тун кўчада. Таом тайёрлаш ва чой қайнатиши учун аҳолига суюлтирилган газ балонлари берилмоқда.
Бу йилги қишда энг катта юк туман электр таъминоти корхонаси гарданига тушаётганлиги ҳеч кимга сир эмас. Аҳоли хонадонларини электр иситкичлар билан иситишга ўтганлиги трансформаторларга катта юк бўлиб тушмоқда. Оқибатда ҳар куни кўплаб носозликлар юзага келаяпти. Электр усталари кунни кун, тунни тун демай, носозликни бартараф этиш учун кўчадан бери келишмаяпти. Уйимизда электр иситкичлар ишлатиб, трансформаторларнинг “чираниб” ишлаши ва ишдан чиқишига ўзимиз сабабчи бўлган ҳолда кўпинча қўллари музга айланиб, ҳаётини катта хавф остига қўйиб ишлаётган электрчиларни айблаш билаг оворамиз. Аслида улар бугуннинг чин қаҳрамонларидир.
Ёшлар ишлари агентлиги туман бўлими ва ёшлар етакчилари ташаббуси билан “Меҳр улашинг” акцияси эълон қилинди. Улар биринчи бўлиб туманимиз хавфсизлигини таъминлаш учун сидқидилдан хизмат қилаётган ички ишлар ходимларини иссиқ кофе ва ширинликлар билан сийлашди. Шундан сўнг фаол фахрийлар билан бирга кўплаб хонадонларга кириб бориб, қийналган оилаларнинг ҳолидан хабар олишди, уларга турли хил ширинлик ва кийим-кечаклар беришди.
Шу кунларда туман фаолларини маҳаллаларда учратишингиз мумкин. Улар аҳолининг ҳолидан хабар олиб, қўлидан келганча моддий ва маънавий ёрдам кўрсатишмоқда.
Қиш барчамизни, айниқса, инсонийлигимизни, меҳр-мурувватимизни, ҳамжиҳатлигимизни ва, албатта, биринчи навбатда сабримизни синовдан ўтказмоқда. Бу синов эса биринчиси ҳам, охиргиси ҳам эмас. Ортимизда қанчадан-қанча қаҳратонли йиллар қолиб кетди ва олдимизда яна қанчаси кутаяпти. Қиш ўз номи билан қиш, дедик. У бизга бу йил ўзини эслатиб қўйди холос. Кейинги қишга қандай тайёргарлик кўриш энди ўзингизга ҳавола.
Жамила АРСЛОНОВА.
