Исрофгар бой, дили оғриган қўшни

Исрофгар бой, дили оғриган қўшни

Қўшниси бешик тўйга айтиб кетди. Кўздай қўшни, чиқмаса бўлмайди, энди эртага ишдан жавоб сўраши керак. Муслима опанинг боши қотди. Турмуш ўртоғининг вафотидан кейин ҳали вояга етмаган уч болани боқиш осон кечмаётганди. Фарзандларига оладиган нафақаси ва ишлаб топган пули рўзғорга учма-уч етади. Яхшиям ўтган йили маҳалла раиси 15 та жўжа бергани. Уларни шунчалик авайлаб парваришлаганида 10 таси омон қолди. Макиёнлар тухумга киргач, анча мадор бўлаётганди. Тухумларнинг 5-6 тасини бир четга ташлаб қўйгани яхши бўлган экан, бугун мана кунига ярайдиган бўлди. Муслима опа уйидаги бор масаллиқларни йиғиштириб, пирог пиширди. Ранги чиройли чиқди. Пишириққа қараб сўлаги оқаётган болаларига қараб юраги увишди.

“Бир неча кун сабр қилинглар, ойлигим чиқади, шунда сизларга шундай пирог пишириб бераман”, – деди чуқур хўрсинаркан. Қанча ҳаракат қилса ҳам қўшнисиникига эртароқ чиқолмади. У кириб борганида барча қўшнилар йиғилиб бўлишганди. Уларнинг қаторига пойгакка ўтираркан, қўшни аёлларнинг ял-ял товланаётган янги либослар кийганча керилиб ўтиришганини кўриб ичидан зил кетди. Турмуш ўртоғи ҳаёт бўлганида у ҳам шундай кийинган бўлармиди… Ҳовлида ўйин-кулги авжида эди. Бири-бирига навбат бермай қўшиқ айтаётган таниқли хонандаларнинг охири кўринмасди. Ичкарида эса аёлларнинг гурунги қизигандан-қизирди. Дастурхон устида йўқ нарсанинг ўзи йўқ эди. Айниқса, оғзига солса эрийдиган сара пишириқлар, махсус идишларни тўлдириб турган тандир кабобу гўштли салатлар, чет элнинг сархил мева-чевалари… Ёнида ўтирган аёлларнинг “олинг-олинг”идан кейин олдида турган бурда ноннинг бир чеккасидан синдириб оғзига солди. Шу ҳам томоғидан ўтмади. Кўз олдидан уйда ёвғон хўрда ичиб ўтирган болалари лип-лип ўтарди…

Болалари уйда ёлғизлигини айтиб ўрнидан эртароқ қўзғалди. Ташқарида ўйин-кулги авжида эди. Ҳовлининг бир чеккасига чиқариб қўйилган тоғоралар орасидан ўзиникини топди-да, у ёқ, бу ёққа аланглади, лекин қўшнисига кўзи тушмагач, секин хонадонни тарк этди. Мактабдан қайтган болалари ошхонада таомланиб ўтиришган экан, онасини кўришлари билан унга пешвоз чиқишди. Муслима опа дастурхоннинг тугунини ечиб, ичини очди. У ердан иккита нон ва иккита сомса чиқди. Болалари уни талашиб-тортишиб ея бошлашди. Кечга томон эшигини қўшнисининг уйида хизмат қилиб юрадиган аёл тақиллатди. Қўлидаги бурда нонлар тўла целлофан пакетни узатаркан: ”Товуқларингизга бераркансиз”, – деди. Муслима опа ошхонага киргач, каттагина пакетни очди. Ичидан юмшоққина нон бурдалари ва… ўзи пиширган пирог чиқди. Аёлнинг мижжаларидан ёш думалади. Болалари эса шу топда пирогни олиб, иштаҳа билан ея бошлашган эди…

Жамила АРСЛОНОВА.