Талабалар ўқишини кўчириши учун аризалар 5 августга қадар қуйидаги платформалар орқали қабул қилинади:
– давлат олий таълим муассасалариаро – transfer.edu.uz орқали;
– хорижий ва нодавлат ОТМларидан – my.uzbmb.uz орқали.
Давлат олий таълим муассасасининг биридан иккинчисига ўқишни кўчиришга қуйидаги 2 ҳолатдагина рухсат берилади:
– талаба оила қуриши муносабати билан турмуш ўртоғи доимий яшайдиган ҳудуддаги олий таълим муассасасига ўқишини кўчириш учун мурожаат қилганда;
– давлат органларининг ходимлари иш жойи ўзгарган тақдирда унинг турмуш ўртоғи ёки вояга етмаган фарзанди ўқишини кўчириш учун мурожаат қилганда, тегишли вазирлик (идора) раҳбарининг тавсияси асосида.
* * *
Ота-она ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан никоҳ ёшига етмаган шахсни эрга бериш ёхуд уйлантириш 4 миллион 950 минг сўм жарима солишга сабаб бўлади.
Ушбу қилмиш маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
Маълумот учун: никоҳ ёши эркаклар ва аёллар учун 18 ёш этиб белгиланган.
* * *
Қонунчиликка кўра, ходимлари умумий сонининг камида 70 фоизи “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлар бўлган касаначиликни ташкил этган ва имтиёз берилган даврда уларнинг бандлигини сақлаб қолган тадбиркорлар давлат мулкидаги бино ва иншоотлар учун ижара ҳақи тўловидан 2027 йилнинг 1 октябригача озод этилиши белгиланган.
Шунингдек, “Аёллар дафтари”даги камида 5 та ишсиз хотин-қизларни касаначилик асосида ишга қабул қилган тадбиркорлар томонидан давлат мулкидаги бино ва иншоотларни ижарага олишда ижара ҳақи 50 фоиз миқдорда ундирилади.
* * *
2023 йил 31 декабргача чекка қишлоқ ва тоғли жойларда оилавий меҳмон уйлари ташкил қилиш харажатларининг 30 фоизгача, лекин 10 миллион сўмдан ошмаган миқдорда, камида 5 йил давомида фаолият олиб бориш ҳамда белгиланган тартибда ташриф буюрувчиларни автоматлаштирилган махсус электрон дастурга киритиб бориш шарти билан компенсация қилиб берилади.
Компенсация Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан берилади.
* * *
2023 йил 1 августдан қонунчиликка кўра, солиқ тўловчилар томонидан ёшидан қатъи назар фарзандларининг Ўзбекистон Республикаси таълим ташкилотларида таълим олишлари учун йўналтириладиган тўловлар солиқ солинмайдиган даромадлар тоифасига киритилади.
Саид ҲАСАНОВ тайёрлади.
