Туман ҳокимининг ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Саодат Усмоновани ўз иш жойида доим ҳам учратавермайсиз. Бирам тиниб-тинчимаган раҳбар-ей. Ҳали қараманг, тумандаги эҳтиёжманд, қийналган оилалар ҳолидан уйига бориб хабар олади, ҳали қараманг, аёллар билан суҳбат ўтказаётган ёки бирорта оилани тиклаш учун жон куйдираётган бўлади.
Шу кунларда эса “Аёллар дафтари”ни шакллантиришдек масъулиятли жараён ниҳоясига етмоқда. Бунинг учун эса ҳар бир маҳалладаги хотин-қизлар фаоли қиш-қировли кунларда ҳазилакам ҳаракат қилмади. Ҳадемай “Аёллар дафтари”га кирган хотин-қизларга ҳар томонлама амалий ёрдам бериш ишлари бошлаб юборилади. Айтмоқчи, маҳаллалардаги хотин-қизлар фаоллари “Аёллар дафтари”ни шакллантириш баробарида қийналган оилаларга ҳомийларнинг туҳфаларини ҳам элтиб бериб, уларнинг дуоларини олишмоқда.
