Халқ розилигига эришиш – aсосий мақсадимиз

Халқ розилигига эришиш – aсосий мақсадимиз

Юртимизда кейинги йилларда фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ва аҳоли турмуш фаровонлигини янада юксалтириш, халқимиз турмуш самарадорлигини оширишда маҳалланинг ўрни ва мавқеи тобора юксалиб бораётганлигини барчамиз кўриб, гувоҳи бўлиб турибмиз. Хусусан, мамлакатимизда “маҳаллабай” тизимининг самарали йўлга қўйилганлиги натижасида жойларда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, аҳоли турмуш даражаси ва бандлигини таъминлаш масалалари маҳалла даражасида изчил амалга оширилмоқда. Бугунги кунда ҳудудимизда 3017 нафар аҳоли истиқомат қилади. Бу эса, ўз нав­батида фаолиятимда янада масъулиятли бўлишимни талаб этади. Ҳудудимизда аҳоли энг кўп банд бўлган йўналишлар асосан тадбиркорлик ва хизмат кўрсатиш ҳисобланади. Айниқса, бу борада қандолатчилик ва тикувчилик соҳаларида ўсиш юқори.

Ўтган давр мобайнида 60 нафар фуқарога имтиёзли кредит олиш учун тавсиянома берилди. Касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш бўйи­ча хатлов жараёнида 60 нафар хоҳиш-истаги бор фуқаро аниқланди ва уларнинг рўйхати шакллантирилиб, ўқув курсларига йўналтирилди. Ўзини ўзи банд қилиш истаги бўлган 300 нафар фуқаро аниқланиб, уларнинг ўзини ўзи банд қилишга туман Солиқ инспекцияси томонидан ёрдам кўрсатилди. Фаолиятимнинг дастлабки даврида ўтказилган хатлов натижасида ҳудудда 4 нафар тадбиркорлик субъекти бор эди. Изланишлар ва олиб борилган саъй-ҳаракатлар натижасида бугунга келиб уларнинг сафи 82 нафарга етди. Хатлов жараёнида аниқланган 337 нафар ишсиз фуқаро доимий ишга жойлаштирилди. Фуқаро Назрулло Забихуллаевга 33 миллион сўм миқдорида кредит ажратиш эвазига тикув машинаси олиб берилди. Ҳозирда ушбу фуқаро уй шариотида оилавий корхонасини ташкил этиб, 30 та иш ўрни яратди. Бу ерда кунига ўртача 4 мингта маҳсулот тайёрланмоқда.

Кооперация йўналишида 400 нафар фуқаронинг 280 нафари “Уста-Ҳасан қандолат” оилавий корхонасига, 120 нафари эса “Сладкий Дар” масъулияти чекланган жамиятига бириктирилган. Барча маълумотлар “Онлайн маҳалла” электрон платформасига киритилган. Бундан ташқари, маҳаллада ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида 2 та ўқув маркази, 2 та мактабгача таълим ташкилоти фаолияти йўлга қўйилди. Шунингдек, Вазирлар Маҳ­камасининг 2022 йилнинг 12 майдаги 252-сонли қарорига асосан ҳар бир ҳоким ёрдамчиси маҳаллада яшовчи камида 3 нафар фуқарога субсидия ажратилиши белгиланган бўлиб, бугунги кунга қадар маҳаллада истиқомат қилаётган ишсиз, ёшлар, аёллар ҳамда “Темир дафтар”га киритилган Дилфуза Муслимова ҳамда Нигора Арзиевага тикув машиналари олиб берилди.

Президентимизнинг 2022 йил 10 сентябрдаги деҳқон хўжаликлари ташкил этишни қўллаб-қувватлаш ҳамда аҳоли даромадларини оширишга доир ПҚ-373-сонли қарори асосида туманда қишлоқ хўжалиги ерларини “e-auksion” онлайн платформаси орқали ҳудуд бўйича ғолиб бўлган 12 нафар фуқарога жами 18 гектар ер майдони ажратилиб, бугунги кунда улар ўз ерларидан унумли фойдаланишмоқда. Булардан ташқари, аҳолига қулай шароит яратиш, ҳудуд инфраструктурасини янада яхшилаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, Президентимизнинг 2022 йил 25 октябрдаги тегишли қарорига мувофиқ, барча кўчалардаги ичимлик сув қувурлари янгиланди. “Паҳлавон Маҳмуд” кўчасининг 600 метр, “Садоқат” кўчасининг 800 метр, “Қиргузар” кўчасининг 600 метр жойига ҳомийларни жалб этган ҳолда асфальт ётқизилди. Маҳалладаги 20 та симёғоч ҳомийлар ҳисобидан бетон симёғочларга алмаштирилди. Яна асосий йўналишларимиздан бири бу – аҳоли муаммоларини ўрганиш ва уларга ўз вақтида ечим топиш масаласидир. Бунда бевосита мулоқот қилиш ва келиб тушаётган мурожаатларга ижобий ечим топиш муҳим аҳамият касб этади. Ўтган давр мобайнида келиб тушган кадастр, эгалик ҳуқуқи, мерос, уй-жой масаласи, ногиронлик нафақасига чиқиш борасидаги 28 та мурожаат тегишли ташкилотлар иштирокида ижобий ҳал этилди.

Асия КУДАЙБЕРГЕНОВА,
“Қиргузар” маҳалласи ҳоким ёрдамчиси.