Шаҳарга иш билан келиб узоқ йиллар кўрмаган курсдош дугонамни излаб қолдим. Талабаликда беш йил ётоқхонада бирга тургандик. У кўп қаватли уйнинг иккинчи қаватидаги икки хонали уйда яшарди. Эшикни бегона аёл очди. Дугонамни, пастда, дўкондалар, деди. Тушсам майда-чуйдалар билан тўла дўконда қўли-қўлига тегмай савдо қилаяпти. – Ие, касбингни ўзгартирибсанми? – дедим қучоқ очиб. У озиб, чўпдай бўлиб қолганди. – Ҳа, ойлик кутиб ўтирадиган замонлар ўтиб кетди. Ақлинг бўлса ўзингни савдога ур, дугонажон. Манам вақтига ишдан кетибман-да. Шу дўконни очиб, кам бўлмадик. Ҳозир шаҳар чеккасида икки қаватли ҳовлимиз бор. Саккиз хонаси ҳам импортний гарнитурлар билан жиҳозланган. Шу бир хонали “дом”- ни қарзга олиб, кўчадан эшик очиб, савдони бошлаганимиздан бери ишимиз зўр. Икки ўғлимизга иккита машина олиб бердик. “Такси” қилиб юришибди. Учта “дом”имиз бор. Битта пойтахтдан ҳам уй олиб қўйдик. Иш билан борганда тайёр жой-да. Сизлар ҳам ўғилларга янги уй-жой қилгандирсизлар? – Йўқ, ҳовли катта, бирга яшаяпмиз, – дедим бироз ўксиб. – Машина-чи? Янгиларидан олгандирсизлар? – Ўша “Жигули” юриб турибди, ҳалиям. – Э-э-э, “Жигули” бензинни кўп “ейди”.
Биз ўғилларга “Нексия”, “Дамас” олиб бердик. – Ҳа, насиб қилсин. Роса бойиб кетибсизлар-да. Энди роҳат қилиб, оёғингни чўзиб ўтирсанг ҳам бўларкан, – дедим қойил қолиб. – Йўғ-э, оёқни чўзиб ўтирсанг бир сўмни ким беради? Ҳали ниятлар катта. Ўғилларимнинг иномаркага ҳаваслари кетган. Уларга чет эл машиналаридан олиб бериб, бу машиналарни ижарага бермоқчимиз. Яна бу дўконни кенгайтириб, икки қаватли супермаркет қуриш ҳаракатидамиз, – дугонам фахр билан гапираркан икки кўзини эшикдан узмас, кириб-чиқаётган харидорларга ҳам қўли олти, оёғи етти бўлиб хизмат қиларди. Шу пайт дўкон рўпарасига бир “Нексия” келиб тўхтади. – Она, ейишга бирон нарса беринг, – деди ёшгина йигитча машинадан тушмай. Дугонам нон орасига колбаса кесиб қўйиб узатгач, у машинасини ҳайдаб кетди. Кеч тушиб, менинг ҳам қорним ноғора чалишни бошлаган, аммо дугонамнинг овқат қилиш хаёлида йўқ, оғзи гапдан бўшамасди. Менинг шаҳар кезиб тинкам қуриган, аввалгидай у билан хотиржам ўтириб чақчақлашишни истардим. Кўп ўтмай келган иккинчи ўғлини ҳам кечки овқат ўрнида “колбасали бутерброд” бериб сийлади. – Бирор овқат қилай десам, дўконда ҳамма нарса бор, фақат вақтим йўқ. Савдони ташлаб кетиб бўлмайди.
Ҳозир ҳамма ишдан чиқиб, харид қиладиган пайт-да… – деди у бироз ҳижолат бўлиб. – Ҳа, зарари йўқ, унча очмасман, – дедим зўрма-зўраки кулиб, – ўзинг овқатланмайсанми? Сенга патирлар ёпиб келувдим… – Оҳ, айланай дугонажонимдан. Бўлмаса мен чой қўяй… Бир патирхўрлик қилайлик.., – дея у ниҳоят ошхонага ўтди. “Меҳмондорчиликдан” сўнг кўзимга уйқу тиқилаверди. Соат ўндан ошиб, энди дам олсак керак, деб ўйлагандим. – Сен шу диванда ётақол, – деди у. – Юқоридаги уйингга чиқиб ухламаймизми? – дедим ҳеч бўлмаса хотиржам ухлашдан умидвор бўлиб. – Йўқ, у ерни ижарага берганман. Ўзим шу ерда ётиб тураман. Дадаси ҳовлида. У ерни қаровсиз қолдириб бўлмайди. Беш-олти йилдан буён бирга яшамаймиз ҳисоби. Қулоғим тинч. Болалар ухлагани ҳовлига боришади, – дея ўзига ерга ўрин тўшади. Туни билан сигарет, ароқ сўраб келаётган харидорларнинг дастидан ухлайолмай тонг отишини зориқиб кутдим. Тун яримлаганда зўрға кўзимни очиб қарасам, дугонам атрофига пулларни ёйиб олиб, ҳафсала билан санаяпти. “Қачон дам оларкан?” дея ўйладим ўзимча. Эрталаб маст одамдай қишлоққа қайтар эканман, уйқусизликдан ғувиллаётган миямда “Давлат яхшими ёки ҳаловат?” деган савол чарх урарди.
Маҳбуба ХОЛОВА.
