Бутун дунёни қаттиқ ташвишга солаётган муаммолардан бири – чиқиндилар масаласидир. Чунки, у теварак-атрофга жиддий зиён етказади. Масалан, оддийгина целлофан пакетларни олиб кўрайлик. Бугун у савдо шаҳобчаларида кенг қўлланилмоқда. Бир марта фойдаланиладиган бундай пакетлар кейин ташлаб юборилади. Булар уйингиздан чиқиндилар билан бирга чиқиб кетса яхши, лекин уни табиатга ташлаб юборсангиз-чи? Ерга ташланган бундай пакет 400 йилда чиришини билармидингиз? Автомобиль аккумулятори, батарейкалар, бетон, ғишт бўлаклари 100 йил, консерва қути, пластик идишлар, чарм оёқ кийимлар, нейлон матолар 40-50 йил, картонли сут, шарбат идишлар 5 йил, газета, китоб, қоғоз 2 йил, озиқ-овқат чиқиндилари 1 ой муддатга чиримасдан туради.
Маълумотларга кўра, ойна 1000 йил, алюмин қути 500 йил, пластик таглик 250 йилдан 500 йилгача чиримас экан. Биз эса бу ҳақда ўйлаб ҳам кўрмаймиз. Бу каби чиқиндиларни дуч келган жойга ташлаб кетамиз ёки ёнадиганларини ёқиб юбориб, ҳавони заҳарлаймиз. Афсуски, энг катта “касал”имиз айримларимиз бундай воситаларни дуч келган жойга ташлаб кетишимиздир. Айниқса, улар сувга тушса, шусиз ҳам тозалиги тобора йўқолиб бораётган сувларимизни янада ифлослантиришини унутманг.

Туманимизда чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш муаммоси ҳали батамом ечимини топгани йўқ. Бу эса айрим фуқароларнинг чиқиндиларни дуч келган жойга, айниқса, сув ёқаларига ташлаб кетишига сабаб бўлмоқда. Аслида фуқароларнинг бу қилаётган ишлари ҳам тўғри эмас. Уйларидаги пластик идишлар, баклашкалар, қоғозлар, целлофанларни алоҳида саралаб, бу нарсаларни қабул қиладиган махсус жойларга топширишса, теварак-атроф ифлосланишининг анча олди олинган бўларди. Қолаверса, чиқинди ташиш машинаси келганида 5 қоп ўрнига бир қоп чиқинди ташланади. Буни ҳамма ҳам ўйлаб кўрмайди, ўйласа ҳам амал қилмайди. Лекин ҳар бир фуқаронинг табиатга бўлган нописанд муносабати кези келганда унинг елкасига жарима ҳам юклаши мумкинлигини ёддан чиқармаслик керак.
Вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси Зангиота тумани инспекцияси томонидан туманимиздаги айрим ҳудудларга чиқиндилар ташлаб кетаётганларни аниқлаш мақсадида қуйилган назорат кузатув камералари иш бермоқда. Табиатни ифлослантираётган айрим фуқаролар аниқланиб, жаримага тортилмоқда. Бундан ташқари инспекция давлат инспекторлари жойларда бу борада тушунтириш ишлари олиб бориш баробаринда белгиланмаган жойларга, сув ёқаларига чиқиндилар ташлаб кетганларнинг шахсини аниқлашмоқда. Шундай нохуш ҳолатлардан бири “Аччисой” маҳалласида юз берди. Маҳалла ҳудудидан оқиб ўтувчи зовур бўйларига фуқаролар томонидан турли маиший чиқиндилар ташлаб кетилаётган эди. Инспекция ходимлари уларнинг шахсини аниқлаб, тушунтириш ишлари олиб боришди. Бундан ташқари чиқиндиларни фуқароларнинг ўзларига йиғиштиртириб, белгиланган тартибда жаримага тортишди. Бундай нохуш ҳолат бундан бир неча кун олдин “Сортепа” маҳалласида ҳам юз берган эди. Бу, бошқа фуқароларга ҳам сабоқ бўлиши керак. Чунки она табиатни асраш фақат соҳа ходимларининг эмас, ҳар бир кишининг виждоний иши ва бурчидир.
Ж.АМИРОВА.
