Бундай кўркам хонадон қайда бор?

Бундай кўркам хонадон қайда бор?

“Яшил макон” кўчат экиш ойлигида кўплаб ҳар хил мевали ва манзарали дарахт кўчатлари, терак қаламчалари экиб, ҳудудимизни яшилликка буркашга ҳаракат қилдик. Кўкаламзорлаштириш, ободонлаштириш ишларини яна давом эттираяпмиз. Маҳалла остонадан бошланади дейишадику. Айниқса, йўл ёқаларига алоҳида эътибор қаратаяпмиз. Бегона ўтлар техника ёрдамида ўрилмоқда, дарахтлар охланмоқда, чиқиндилар ташиб кетилмоқда. Маҳаллани айланар эканмиз, киришинг билан уй-жой тутиши кўзингни завқлантирадиган хонадонлар борлигини кўриб, кайфиятинг кўтарилади. Бу сафар ҳам шундай бўлди, Сабохат ая Тўлаганованинг ҳовлисига кирарканмиз, бу ердаги гўзалликка маҳлиё бўлиб қолдик ва тезда суратга ҳам тушиб олдик. Чиройли гуллар, кўркам ҳовли…

Ҳаммаси ниҳоятда ажойиб эди. Шу хонадонни бошқаларга ўрнак қилиб кўрсатгимиз келди. Яна бир гап. Маҳалланг муаммосини кўчадан биров келиб ҳал қилиб бермайди. Шу боисдан ҳам маслаҳатли тўй тарқамас, деганларидек, маҳалламизнинг ёши катта фаолларини жамлаб, маслаҳат солдик. Маълумки, томорқадаги экинларнинг ривожи, дарахтларнинг кўкариши, гулларнинг яшнаши учун биринчи навбатда сув керак. Шу боисдан ҳам ўртага “Бобур”, “Навоий”, “Нодирабегим” кўчаларидаги суғориш сувлари учун мўлжалланган ариқларни созлаш масаласи ташланди, маслаҳатлашилди ва ишга киришилди. Олдинда эса яна кўплаб хайрли ишлар кутиб турибди…

Малика СОЛИЖОНОВА,
“Чинор” маҳалла фуқаролар
йиғини хотин-қизлар фаоли.