Бугун тунда келармиш баҳор…

Бугун тунда келармиш баҳор…

Бугун эрта тонгда ўзгача кайфият билан уйғондим. Деразамдан хонамга ёпирилиб кирган одатдагидан бошқача ҳаво, ахир бугун баҳор бошланди, ташқарига чиқ, табиат гўзаллигидан баҳра ол, дегандек димоғимни қитиқлай бош­лади. Шошилиб ҳовлига тушдим. Кўзим ҳовли теграсидаги бинафшаларга тушди, жилмайиб очила бошлашибди. Қиш уйқусидан аста-секин уйғонаётган дарахт­лар ҳам анча тетиклашиб қолибди. Тонг саҳардан чуғур-чуғурини бошлаган қушлар баҳорни олқишлаётгандек… Ажабо, табиат бир кечада бунчалар ўзгариб кетмаса.

Лабларим беихтиёр пичирлай бош­лайди:
Деразангдан мўралаб аста,
Гул юзингдан бўлиб шикаста,
Узун қишга силтаб қўлини,
Ҳам қалбингдан бошлаб йўлини,
Тўққиз ойки, елармиш баҳор,
Бугун тунда келармиш баҳор…

Ҳа, бугун тунда баҳор келди, ҳаммамиз, Зулфияхоним севган баҳор. Зулфияхоним ҳаётда илк бор кўзини очган баҳорнинг биринчи куни… Бу кун ҳар йили такрор ва такрор Зулфияхонимни эслатади, унинг порлоқ хотирасини ёдга олиб, яна шеърий китобларини варақлашга тушаман.

Салқин саҳарларда, бодом гулида,
Бинафша лабида, ерларда баҳор.
Қушларнинг парвози,
елларнинг нози,
Бахмал водийларда,
қирларда баҳор…

Шеърни ўқирканман кўз олдимда табиат бор латофати ва жозибаси билан намоён бўлади ва муҳаббатнинг соғинчларига қоришиб кетади…
Зулфияхоним ўзига хос овозга эга бўлган бетакрор шоира эди. Унинг шеърларидаги она табиатга, юртга, ёрга бўлган муҳаббат ўзгача оҳанг касб этиб, қалбларга ширин ҳиссиётлар бўлиб қуюларди.

Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири Эркин Воҳидов шундай деган эди: “Шоирсиз юрт – булбулсиз чаман, юлдузсиз осмон, маёқсиз бандаргоҳ. Бундан қирқ йил муқаддам – минг тўққиз юз қирқ тўртинчи йилда Ўзбекистон Давлат нашриёти мўъжазгина бир шеърий тўпламни чоп этди. Ўн саккизтагина шеър жамланган “Ҳижрон кунларида” деб аталган бу китобчанинг пайдо бўлган куни дунёга Зулфия номи билан аталган қисмат яралди. Бу қисмат бир қатра бўлди-ю, унда замондош аёл қалби ўзининг жаҳоний дарди, изтироби, фарёди билан аксланди. Зулфия деган исмда ҳижронзада юракларнинг оҳи, нидоси мужассам бўлди. Дарҳақиқат, шоирлик унвон эмас – қисмат!

Бунинг исботини бутун борлиғи билан, барча оҳанглари ва ранглари билан шоира Зулфия ижодида кўрмоқ мумкин. Қайси замонда, қайси юртда яшамасин, биринчи галда ўз қалбининг ҳолатини аён этади ва агар бу ҳолат минг­ларнинг, миллионларнинг қалбига эш бўлса шоир нидоси умумхалқ, умумбашарий нидога айланади”. Зулфия опа ўзбек халқининг содда, оддий ва айни чоғда меҳридарё, вафодор, ўзгалар дарду ташвишини ўзиники дея билиб, ҳаммага қўлидан келган ёрдамини аямайдиган инсон, меҳрибон она тимсоли эди. Зулфияхоним ҳақидаги хотираларида унинг замондошлари шоирани буюк қалб эгаси сифатида тилга оладилар.

“Бугун тонгда Зулфия опани эсладим. Нақадар олижаноб, нақадар нуроний аёл эдилар, – деб ёзганди Ўзбекистон Қаҳрамони Озод Шарафиддинов. – Ўйлаб қарасам, Зулфия опа ўзларининг шеърлари билан, иболи ва ҳаёли феъли атвори билан, покиза эътиқодию зукко фикрлари билан менинг ҳаётимдан катта ўрин олган, маънавий дунёмнинг катта бир қисмини ташкил қилган инсон бўлган экан. У киши шундай улуғсифат аёл эдиларки, ҳар гал рўпара келганимда дарров ҳушёр тортар, ки­йим-кечакларимни тўғрилар, қадалмай қолган туг­маларимни қадар, сочларимни (ҳа, ҳа сочларимни – бир замонлар бу бош устида қоп-қора сочлар ҳам бўлар эди) текислаб олардим – хуллас, у кишининг кўзига ҳар жиҳатдан ораста бўлиб кўринишга тиришардим.

Мен Зулфиянинг номини уруш йилларидаёқ эшитган, унинг “Ҳижрон” деган шеърий тўпламини, “Уни Фарҳод дер эдилар” деган дос­тонини ёд олганман. Зулфия опанинг довруғи бутун жаҳон бўйлаб таралган эди. Қайсин Қулиев, Давид Қўғултинов, Мустай Карим каби улкан санъаткорлар унинг яқин дўсти эди. У “Нилуфар” халқаро мукофотининг, Неру номидаги халқаро мукофотларнинг соҳибаси эди. Лекин мукофоту унвонлар орасида биттаси бор эдики, у унвон билан Зулфия опа алоҳида мағрурланарди. У Ўзбекистон халқ шоираси эди. Шунинг учун бўлса керак, “Бахтим шул – ўзбекнинг Зулфиясиман” дея хитоб қилганди”.

Ҳа, Зулфияхоним ўзбекнинг Зулфияси, ўзбек шоиралари ичида чақнаб турган юлдуз. Унинг ҳар бир шеъри қалбларимизда мангу жаранг­лаб туради:

Ҳуррият, келдинг-ей, ал-омон келдинг,
Сени қалбим, кўзим, сўзларим қучар.
Вақт етса шу халққа
қолар дафтарим,
Вақт етса, бу ёқда
қолар дардларим…

Жамила АРСЛОНОВА.