“Битта шеър ёзиш учун ўнта китоб ўқирди”

“Битта шеър ёзиш учун ўнта китоб ўқирди”

Ўтган асрнинг 70-йиллари бошларидан ўрталаригача ўрта мактабда ўқиб юрганимизда наинки мактаб, балки туман марказий кутубхонасида ҳам биз ўқиб чиқмаган китоб қолмаганди. Айниқса, шеърий китобларни алоҳида меҳр билан ўқирдим. Ўша пайтларда мени Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Ҳалима Худойбердиеваларнинг ижод намуналари ўзига ром этганди. Абдулла Ориповнинг “Митти юлдуз”, “Онажон”, “Ўзбекистон”, “Ҳайрат” каби шеърий китобларини кутубхонадан олиб ўқирдим ва ундаги шеърлар самимийлиги, оддийлиги билан тезда ёд бўлиб кетарди. Ўзим меҳнат қилиб топган пулимга Абдулла Орипов қаламига мансуб сотиб олган биринчи китобим “Юртим шамоли” бўлди. Кейинчалик кутубхонамни шоирнинг турли йилларда чоп эттирган шеърий китоблари кетма-кет тўлдира бошлади: “Юзма-юз”, “Нажот қалъаси”, “Йиллар армони…”. Бу каби китоблардаги ҳар бир шеър мен учун ҳаёт ҳақиқатлари ҳақида янгича бир кашфиёт эди…

Мустақиллик байрами арафасида телевидение орқали намойиш этилган Абдулла Орипов ҳақидаги фильмни кўрарканман, кўнглимдан нималар кечмади дейсиз. 2022 йилнинг 22 апрелида Қашқадарё вилоят Халқ депутатлари кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида косонлик фаоллар томонидан Абдулла Орипов номи билан боғлиқ танлов уюштириш таклифи билдирилганди. “Бу таклиф менга маъқул, – деганди ўшанда Президентимиз. – Фақат мен ўзим ҳам бир таклиф билдирмоқчиман, бу танловни аввал Қашқадарё бўйича ўтказайлик. Кейин бутун рес­публика бўйича намуна қиламиз.

Шу билан бирга бу инсон билан боғлиқ алоҳида топшириғим ҳам бор. Киноусталаримиз Абдулла Орипов ҳаёти ва ижодига оид алоҳида бир фильм ишлашсин. Абдулла Орипов ҳақида кино ишласак арзимайдими? Арзийди албатта! Мен у инсонни яхши танирдим, Абдулла ака билан кўп ҳамсуҳбат бўлганман. Битта шеър ёзиш учун ўнта китоб ўқирди. “Колумбда бор аламим маним, Ўзбекис­тон Ватаним маним!” деган ўтли сатрлар бекорга туғилмаган. Бу фильм ортиқча гап-сўзлардан ҳоли, самимий бўлсин. Абдулла аканинг Тошкентга боргани, қийинчиликлар кўргани, шунга қарамай ижодидан чекинмагани кўрсатиб берилсин. Фильм охирида Абдулла Орипов тимсоли ёшларга мурожаат қилсин”.

Шу ташриф сабаб хайрли ишга қўл урилди. Ўтган бир йил давомида “Ҳужжатли ва хроникал фильмлар киностудияси” давлат унитар корхонасида Кинематография агентлиги томонидан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Қашқадарё вилояти ҳокимлиги, республика Маънавият ва маърифат маркази каби ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда Ўзбекис­тон Республикаси Давлат мадҳияси муаллифи, халқ шоири, Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Орипов ҳаётига бағишланган фильм яратилди.

Абдулла аканинг болалигини Жасурбек Абдуманнопов, йигитлик ва ўрта ёш сиймосини унинг шогирди, “Дўстлик” ордени соҳиби, атоқли шоир Шодмонқул Саломов, кексалик даврини Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Қудратилла Бурхонов ижро этган. Фильм давомида томошабин кўплаб таниш чеҳралар билан ҳам рўбарў келади: Гулчеҳра Жамилова, Муҳаммадали Абдуқундузов, Теша Мўминов, Олимжон Салимов, Алишер Шарафиддинов, Фарҳод Абдуллаев, Райҳон Асадова, Ҳамза Ҳасанов ва бошқалар. Сценарий муаллифлари – Абдуқаюм Йўлдошев, Муқаддас Усмонова, Минҳожиддин Мирзо, Фурқат Усмонов. Фильмга Музаффархон Эркинов бош режиссёрлик қилган. Бош оператор – Равшан Мирзакамолов. Бош муҳаррир – Эркин Аъзам. Картина бадиий раҳбари – Шуҳрат Ризаев. Бош продюсер – Фирдавс Абдуҳолиқов. Бадиий фильм­га Ҳанифа Мустафоева, Абдураҳим Эркаев маслаҳатчилик қилган.

Фильмни томоша қилар экансиз, кўз олдингизда шоир туғилиб ўсган Қашқадарё вилоятининг Косон туманидаги Некўз қишлоғи бутун латофати билан намоён бўлади. Табиат гўзаллигидан завқланиб, беихтиёр “Бундай жойдан албатта зўр ижодкор чиқиши аниқ”, деган фикр­лар ўтади хаёлингиздан. Шоирнинг болалиги сизни ҳам ўз болалигингизга етаклайди, ўзингиз сезмаган ҳолда фильмнинг ич-ичига кириб кетасиз ва у ерда шоир билан бирга яшайсиз, кулса қувонасиз, ғамга тўлса, ғамнок бўласиз. Энг асосийси, шеър битиш ёш Абдуллага Яратган томонидан ато этилган чинакам истеъдод эканлигига ишонч ҳосил қиласиз.

Фильмда, асарда яшашда давом этамиз, шоирнинг Тошкентга йўл олиши, талабалик даври, машҳурликка эришиши, халқ манфаати йўлидаги жонбозлигининг гувоҳига айланамиз. Абдулла Ориповнинг АҚШда ўтган сўнгги кунлари… Шоир билан асло хайрлашгингиз келмайди. Қулоғингиз остида “Серқуёш ҳур ўлкам, элга бахт, нажот…” деб бошланган мисралар ва унинг давоми жаранглайди, жаранг­лайверади… у то умрингизнинг охиригача сизга йўлдош бўлади, шоир­нинг мағрур ва синмас овози бўлиб янграб яшайверади…

Фильмни томоша қилар экансиз, унда сиз Абдулла Орипов билан бирга Абдулла Қаҳҳор, Шароф ­Рашидов, Озод Шарафиддинов, Шукур Холмирзаев, Эркин Воҳидов, Бахтиёр Назаров каби миллий адабиётимиз дарғаларининг сиймоси билан ҳам юзма-юз келасиз ва бу машҳур зотларнинг Абдулла Орипов ҳаётида тутган ўрни билан янада яқинроқ танишасиз, уларнинг адабиётимиз ривожи йўлидаги эзгу ишлари акс эттирилгани ғоят эътиборлидир.

Фильмни шунчаки томоша қилиб бўлмайди. Уни кўрар экансиз, ўтган асрнинг иккинчи ярмидаги ижтимоий-сиёсий, адабий муҳит билан ҳам таниша борасиз. Шоирнинг Ватан ҳурлиги, мус­тақиллиги йўлидаги изтиробли кечмишлари, оловли сатрлари, турли тазйиқларга рўбарў келиши ғоят таъсирчан тарзда очиб берилган. Шу билан бирга шўролар давридаги миллий қадриятларимиз, жумладан, Нав­рўз байрами, она тилимизга бўлган зуғумлар, жонажон Ватанимизнинг мустақилликка эришиши, Ўзбекис­тон Давлат мадҳиясининг яратилишидек тарихий жараёнлар томошабинни бефарқ қолдирмайди.

…Залга тумонат одам йиғилган. Минбардаги киши шоирнинг шеър­ларини танқид қилаяпти… Лекин одамлар унинг гапларига эътироз билдиришади. Шунда минбарга ­Абдулла Ориповни таклиф этишади. У олқиш­лар остида минбарга чиқиб, шеър ўқийди:

Мен шоирман
Истасангиз шу,
Ўзимники эрур шу созим.                                           
Бировлардан олмадим туйғу,
Ўзгага ҳам бермам овозим…

Яна залда гулдурос қарсаклар янграйди. Бу, одамларнинг ўз севган шоирига бўлган чексиз меҳр-муҳаббатидан нишона эди. Шу кўринишни томоша қиларканман, ёдимга Абдулла Ориповнинг “Юзма-юз” китобидаги “Созим” деб номланган биринчи шеъри тушди. Жуда самимий, юракларни тўлқинлантирадиган, бир ўқишда ёдлаб олинадиган шеър. Яна бир кўриниш: қирда Наврўз байрами нишонланаяпти. Шоир одамларни ўғлининг суннат тўйига таклиф қилишга келган. Шу пайт келиб қолган раҳбарнинг зуғуми, сумалак қайнаган қозонга тупроқ солиш ҳақидаги буйруғи ёши улуғларимизга ўша оғир даврларни эслатиб юборган бўлса не ажаб.

Абдулла Орипов ана шундай оғир даврларда ҳам қаламини ерга ташламади, “Ўзбекистон, Ватаним маним”, деб баралла куйлашда давом этди. Унинг ҳар бир шеъри замирида чуқур маъно ётади. Юртимиздаги янгиланиш­лар, миллий адабиётимизга, ижодкор зиёлиларга эътибор ва ғамхўрлик ҳам катта маҳорат билан картина воқеликларига сингдирилгани диққатга сазовор. Чиндан ҳам Абдулла Орипов шон-шуҳрат, заҳмату меҳнат, машаққат ичра ижод қилган инсон экани картинада яққол намоён бўлади. Абдулла Орипов ҳаёти билан яқиндан танишмоқчи бўлсангиз, мазкур фильмни томоша қилишингизни маслаҳат берамиз. Шунда сизни юксак маънавият сари етакловчи шоирлар ҳаёти нақадар машаққатли эканлигига яна бир бор амин бўласиз.

Жамила АРСЛОНОВА.