(Охири. Боши ўтган сонда.)
– Ундай дема, болам, бой ҳам, камбағал ҳам бир одам…
Ниҳоят, Матлубанинг орзусидаги йигитнинг онаси эшик қоқиб келди. Қўшни тумандан. Тўғри, йигит ўзидан 10 ёшча катта. Лекин бой-бадавлат экан. Шундай экан ёшининг нима аҳамияти бор. Ҳеч нарсага зориқмай яшаса бўлди-да.
Ҳамма ялтираган нарса ҳам тилла бўлавермас экан. Тўйининг дастлабки кунларида бахтдан осмонларда учиб юрган Матлуба бора-бора онасининг: ”Бахт бойликда эмас, одамийликда”, – деган гаплари нақадар тўғри эканлигини тушуниб ета бошлади. “Ҳамма дугоналарим ичида энг бахтлиси ўзимман, Асадбекдек бой, келишган, вафодор ёрим бор”, деб юрганлари пуч ёнғоққа айланди. Сабаби тўйидан кейин кўп ўтмай Асадбекнинг отаси вафот этдию, йигитнинг асл башараси намоён бўлди. Отасининг даврида ҳеч кимга гап бермай керилиб юрган йигит сувга тушган мушукдек шалвираб қолди. Бунисига ҳам чидаса бўларди, лекин…
– Биласан, сенда кўнглим йўқ, сен билан ажрашаман, – деб қолди бир куни Асадбек тўсатдан. – Менинг кўнглим бошқада. Отам сени менга зўрлаб олиб берганлар.
Матлубанинг дарди-дунёси қоронғи бўлиб кетди. Бир пайтлар, қайнонамга хизмат қиламанми, деб айтганида нақадар катта хатога йўл қўйганлигини англади, қайнонаси бўлганида ёнини олган бўлармиди. Ҳозир ким унинг ёнига киради, ким? Йўқ, бунақаси кетмайди. Индамай кетадиган ахмоқ йўқ. Боласи учун ҳам курашади, бу уйда унинг ҳам ҳаққи бор. Лекин минг афсуски, Матлуба бу данғиллама уйдан икки қўли бўш ҳолда чиқиб кетди. Сабаби Асадбек қандай йўллар билан бўлса ҳам уйни ўша севгилисининг номига ўтказган экан. У келиб ўтириб олди.
Бундоқ ўйлаб қараса ота ҳовлисига ҳам сиғмас экан. Катта акаси уй сотиб олиб чиқиб кетган, иккинчи акасининг аёли эса тили бир қаричлардан эди. Матлуба қайтиб келгач у қайнонасига ҳам кун бермай қўйди. Рўзғорини бўлак қилиб олган она-бола каттагина ҳовлининг этагидаги икки хонали пастаккина уйда яшай бошлашди. Онасининг арзимаган пенсия пули нима ҳам бўларди. Матлуба ишга кирди. Уйи ва ишхонасидан бошқа ҳеч нарсани кўрмай орадан бир неча йилни ўтказиб юборди. Фарзанд катта бўлавергани сайин харажатлари ҳам катталашаркан. Энди Матлуба бошқа иш излай бошлади. Унга туман марказига яқин жойда катта қандолат цехи борлигини айтишди. Маоши ҳам яхши, дейишди. Бу борада тажрибаси борлиги учун Матлуба ҳеч иккиланмай ўша ерга борди. Тўғри, йўл бироз узоқроқ. Лекин маоши яхши бўлганидан кейин йўлнинг йироқлиги билинармиди.
Қисқа савол-жавобдан кейин Матлубани ҳеч бир оворагарчиликларсиз ишга олишди. Эртадан иш бошлаши мумкинлигини айтишганида боши кўкка етган аёл хурсандчилигини ичига сиғдиролмасдан бинодан ташқарига чиқаркан, эшик олдида Лобарга рўпара келиб қолса бўладими? Дастлабига довдираб қолди, кейин қучоқлашиб кўришишди.
– Кўришмаганимизга ҳам неча йил бўлибди-я, – деди. – Шу ерда ишлаяпсанми?
– Йўқ, бу бизнинг корхона. Шерзод акам қуриб берганлар, – деди Лобар. – Мен иш бошқараман. Корхонанинг ёнидаги машиналарга техник хизмат кўрсатиш шаҳобчаси ҳам бизники, уйимиз эса унинг орқасида.
Матлуба дугонаси айтган томонга қарадию, ичидан зил кетди. Кўз олдида катта, замонавий хизмат кўрсатиш шаҳобчаси, унинг орқа томонида эса икки қаватли замонавий уй намоён бўлди…
Жамила АРСЛОНОВА
