Баҳорни бежиз яшариш, янгиланиш фасли, демаймиз. Бу фаслда табиатга ҳамоҳанг одамлар қалбида ҳам ажиб ўзгаришлар юз беради, кўклам борлиқни гулу чечак, яшилликка безаса, инсонлар ҳам бундай жонланиш ва гўзаллик яратишдан четда қолмайдилар. Қалби эзгуликларга, ободликларга тўла одамлар қўлига кетмон, кўчат олиб, боғ яратишга киришадилар, ободонлаштириш ишларини амалга оширишади. Бугун туманимизнинг қай гўшасига борманг, одамларнинг кўчага чиқиб кўчат экаётгани, ўз тураржойлари атрофларини тозалаётганлигининг гувоҳи бўласиз. Бу ишларга эса, албатта, маҳалла фуқаролар йиғинлари бош-қош. “Қуёшли” маҳалласи марказидаги кўп қаватли уйлар атрофлари авваллари ҳунук бир манзара касб этиб турарди. Ўтган йили бу ерда кенг кўламли ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Ноқонуний қурилмалар бузилди, дарахтлар буталди, чиқиндилар ташиб кетилди, биноларнинг ташқари томонлари охлаб-кўкланди. Натижада ҳудуд ўзгача кўриниш касб этди. Бу каби хайрли ишлар яна давом эттирилмоқда.

Кўп қаватли уйлар атрофларидаги бўш жойларга “Эркин” ҳудуди маҳалла раислари ва жамоатчилари томонидан 200 туп манзарали ва 140 туп мевали дарахт кўчатлари экилди. Шунингдек, улар томонидан Туркистон ҳудудига ҳам ҳашар уюштирилиб, “Тасанно 5” кўчасидаги кўп қаватли уйлар атрофларидаги бўш ер майдонларига 1000 туп терак кўчатлари экилди. “Истиқлолнинг 5 йиллиги” маҳалласида бўлган киши отахонларнинг ҳам кўчага чиқиб, кўчат экиб, ёшларга ўрнак бўлаётганлигининг устидан чиқади.

“Мевазор” маҳалласида эса “Яшил макон” лойиҳаси доирасида фуқароларга мевали дарахт кўчатлари тарқатилиб, экилмоқда. “Навқирон” маҳалласига бориб қолсангиз, хонадон эгаларининг томорқа ва кўча тарафдаги ерларни чопиб, мевали дарахт кўчатлари ва гуллар экаётганлигининг гувоҳи бўласиз. Айниқса, маҳалланинг ишбилармон кўчатчиси Х.Хошимовлар хонадони иссиқхонасида экишга тайёр бўлиб барқ уриб ўсиб ётган помидор, булғор қалампири, бақлажон, бодринг, қалампир кўчатларини кўриб хонадон эгасининг омилкорлигидан завқланасиз. Ҳадемай бу кўчатлар кўплаб хонадонларнинг томорқасига экилиб, унинг ҳосили қанчадан-қанча оилалар рўзғорига барака ёғдиради. “Алоқа” маҳалласи аҳли ҳам кўкаламзорлаштириш ойлигида фаол иштирок этмоқда.

Маҳалла кўчаларидаги бўш майдонларга экилган кўчатлар сони ортмоқда. Бундан ташқари мавсумий гуллар экиш ишлари ҳам бошланмоқда. Маҳалла аҳлининг гул кўчатлари излаб, бозорга боришига ҳожат йўқ. Гул кўчатлари ҳам ўз маҳалладошларининг иссиқхонасида етиштирилаяпти. Бир сўз билан айтганда, баҳорги кўчат экиш ишлари қизигандан-қизимоқда. Қолаверса, ташаббуслар ташаббусларга уланмоқда. Ҳафта бошида бундай хайрли ишдан туман ҳокимлиги раҳбар ва ходимлари ҳам четда қолишгани йўқ. Улар эрта тонгданоқ поезд йўлининг Зангиота қишлоғидаги “Гулбоғ” маҳалласи ҳудудидан ўтувчи қисмининг пойтахт билан туташган жойидаги бўш майдонга эзгу ниятлар ила 1000 туп терак кўчатлари экишди.
Жамила АРСЛОНОВА.
