“Аския ва қизиқчилик санъати” йўналишлари очилади

“Аския ва қизиқчилик санъати” йўналишлари очилади

2023 йил 11 июлда Президентимизнинг “Республикада миллий аския ва қизиқчилик санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-222-сонли қарори қабул қилинди. Мазкур қарорга кўра, Юсуфжон қизиқ Шакаржонов номидаги республика аския ва қизиқчилик санъати маркази, ҳар йили сўз усталари ва қизиқчилар ўртасида “Хуш кайфият” респуб­лика кўрик-танлови ҳамда ҳар икки йилда бир марта “Табассум” халқаро кулги фестивали ташкил этилади. Шунингдек, ҳар йили камида 25 та аудиовизуал асар яратиш учун давлат буюртмаси берилади.

Бунда энг кенг оммалашган 5 та аудиовизуал асар ижодкорлари БҲМнинг 50 баравари миқдорида бир марталик пул мукофоти билан тақдирланади. Давлат органлари, муассасалари ва корхоналари ҳар чоракда камида бир маротаба ўз ходимларининг маданий-эстетик ҳордиқ чиқаришлари учун оммавий-маданий ва концерт-томоша тадбирларини ташкил этиш амалиёти йўлга қўйилади. Бундан ташқари, аския ва қизиқчилик санъати соҳасида таниқли ижодкорларнинг маҳорат мактаб­лари фаолияти йўлга қў­йилади.

Шунингдек, ушбу қарорда белгиланган тартибда ўзининг маҳорат мактабини яратган ижодкорлар асосий иш жойи орқали ҳар ойда меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 5 баравари миқдорида қўшимча рағбатлантириб борилади. Маҳорат мактабларига улар фаолият юритадиган муассаса объектларидан текин фойдаланиш ҳуқуқи берилиб, уларга ушбу муассаса томонидан алоҳида хона ажратилади. 2024/2025 ўқув йилидан Карим Зарипов номидаги Респуб­лика эстрада ва цирк коллежи ҳамда Фарғона ихтисослаштирилган санъат мактабида “Аския ва қизиқчилик санъати” йўналиши очилади.