Тиббиёт ходимлари бор, бу касбни тасодифан танлашган ва хизматлари ҳам шунга яраша. Тиббиёт ходимлари бор, Гиппократ қасамини бир лаҳза бўлсада унутмай, ҳар қандай шароитда ҳам беморларга ёрдам беришга шошилади. Улар ўз кабининг ҳақиқий фидойиларидир. Эльмира Джамбаева ана шундай тиббиёт ходимларидан бири. Тўғри, у олий маълумотли эмас, лекин йиллар уни ҳар қандай олий маълумотли шифокорлар билан бемалол беллаша оладиган қилиб тарбиялади. Бу ҳам бўлса унинг ўз устида тинимсиз ишлаши, кўп ўқиб, ўрганиши, устоз шифокорлар билан ёнма-ён туриб, амалий тажриба орттириши туфайлидир. Эльмира бу соҳага тасодифан келиб қолган эмас. Шифокорликка болалигидан қизиқарди. Кейинчалик бу қизиқиш мустаҳкам аҳдга айланди.
Оҳунбобоев номидаги тиббиёт коллежини тугатган Эльмира иш фаолиятини 1994 йилда Республика шошилинч тез ёрдам марказининг жарроҳлик бўлимида бошлади ва бу ерда яхшигина тажриба орттирди. Унинг орзуси ўзи яшаб турган туман аҳолисига замонавий юқори технологик асбоб-ускуналар ёрдамида олий тоифали шифокорлар билан ёнма-ён туриб хизмат қилиш эди. Шу сабабли Зангиота тумани Шошилинч ёрдам бўлимига ишга ўтди. Шошилинч ёрдам ҳамда умумий бўлимидаги жарроҳлик амалиёти бажариладиган хоналарда талаблар бошқача бўлади. Бу ерда ҳамма ҳамшира ҳам ишлай олмайди. Ўз касбининг устаси, фидойиси, масъулиятли ҳамширагина бу ишни рисоладигидек уддалай олади. Агар антисептика қоидаларига риоя қилинмаса, бемор умрига завол бўлиш ҳеч гапмас. Эльмира ҳар куни ишхонаси остонасига қадам қўяркан, ана шундай катта масъулиятни зиммасига олган ҳолда иш бошлайди. Бугунги кунда хирургия бўлимидаги шарт-шароитлар аввалдагисидан тубдан фарқ қилади. Замонавий тиббий асбоб-ускуналар ва техникалар хирурглар оғирини енгил қилмоқда. Ўтган йили келтирилган лапароскоп асбоби хирурглар меҳнатини анча енгиллаштириш баробаринда беморларга ҳам анча қулайлик яратди.
– Давлатимизнинг тиббиёт соҳасига кўрсатаётган эътибори ҳар қачонгидан ҳам ортган, – дейди Зангиота туман тиббиёт бирлашмаси “EMERGENCY DEPARTMENT” операцион ҳамшираси Эльмира Джамбаева. – Бундай замонавий асбобускуналарни бир пайтлар фақат орзу қилардик. Энди эса орзулаганимиз олдимизда турибди. Дори-дармонлар таъминоти ҳам жуда яхшиланганлигини айтмасам бўлмас. Хуллас, яйраб ишлайдиган замон келди. Эльмира ёлғиз ўғли Бекмуродни эл корига ярайдиган инсон қилиб тарбиялади, ўқитиб, олий маълумотли қилди. Келини ҳам талаба. Бир сўз билан айтганда, оиланинг ҳар бир аъзоси элу юртга наъфи тегадиган инсонлардир. Чаққон, ўз ишининг билимдони бўлган Эльмирага боқарканман, хаёлимга ушбу мисралар қуюлиб келади. Ўз ишининг устаси у, Сўзлари бол, мулойим. Тиним билмас кунми ё тун, Жарроҳларга ҳамроҳ доим. Кўзларида чақнаб турар Меҳр билан илиқлик. Соғлиғин ўйлар беморнинг, Шунинг ўзи буюклик.
Гулнора РАСУЛОВА.
