Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 25 декабрдаги “Суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал Кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуни билан Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодексига қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Хусусан, 2018 йил 22 январда қабул қилинган Фуқаролик процессуал кодексига 21 маротаба ўзгартиришлар киритилган бўлиб, уларни йиллар кесимида кўрсак, 2018 йилда 2, 2019 йилда 7, 2020 йилда 4, 2021 йилда 4, 2022 йилда ва 2023 йилда 2 маротабадан ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган. Мазкур киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларни моддалар кесимида кўриб чиқсак, 31 та модда янги таҳрирда баён қилинган, 5 та модданинг қисми янги таҳрирда баён қилинган бўлса, 9 та моддага қўшимча, яъни сўз ва жумла киритилди, 6 та модда Кодексдан чиқариб ташланди, 4 та модда янги қисм билан тўлдирилди.
Жорий йилнинг 1 январидан бошлаб: – қонуний кучга кирган ва апелляция тартибида кўрилмаган суд ҳужжати устидан кассация тартибида, апелляция ёки кассация инстанциясининг ажрими устидан тафтиш тартибида шикоят (протест) берилиши мумкин;
– Прокурор мурожаатга асосан ёки прокурор иштирокида кўрилган ишлар бўйича ишни талаб қилиб олишга ҳақли;
– Прокурор даъво аризаси бўйича : туман прокурори ёки ўринбосари – туманлараро, туман (шаҳар) судларига; вилоят прокурори ёки ўринбосари – вилоят, туманлараро, туман (шаҳар) судига; Бош прокурор ёки ўринбосарлари
– Ўзбекистон Республикасининг барча судларига даъво аризаси киритиши белгиланди.
– протест бериш ваколати жиҳатидан туман прокурори ёки ўринбосари туманлараро судининг суд ҳужжати устидан – апелляция, кассация тартибида; Вилоят прокурори ёки ўринбосари вилоят ва туманлараро судларининг суд ҳужжати устидан – апелляция, кассация, тафтиш тартибида; Бош прокурор ўринбосари Олий суд, вилоят ва туманлараро судларининг суд ҳужжати устидан – апелляция, кассация, тафтиш тартибида; Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори барча судларнинг суд ҳужжати устидан – апелляция, кассация, тафтиш ва Раёсатга тафтиш тартибида. Ишни Раёсатда кўришда Бош прокурор ёки ўринбосари иштирок этади. Киритилган ўзгартишлар бўйича апелляция – 1 ойлик, кассация – 6 ойлик, тафтиш – 1 йиллик (ажрим чиқарилгунига қадар муддат ўтган тақдирда – 3 ойлик), Раёсатга – мурожаат қилинган кундан – 3 ойлик, лекин Олий суд тафтиш ажримидан – 6 ойлик, муддатни тиклаш – 3 ойлик муддатларда берилиши қатъий белгиланди. Мазкур муддатлар ўтгандан кейин берилган тафтиш тартибидаги шикоят (протест) кўриб чиқилмаслиги белгиланди. Апелляция ва кассация инстанцияси иш бўйича якуний қарор қабул қилади, тафтиш инстанцияси – суд ҳужжатини бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун апелляция ёки кассация инстанциясига юборишга ҳақли эканлиги қайд этилди.
Шикоят (протест) бериш тартибига ҳам қатор ўзгартиш киритилди, унга кўра: – вилоят судига апелляция, кассация ва тафтиш тартибида тегишли инстанция судининг номига, бироқ суд ҳужжатини қабул қилган судга берилиши, суд шикоят (протест)ни 5 кунлик муддатдан кечикмай вилоят судига иш ҳужжатлари билан бирга юбориши шартлиги белгиланди.
– Олий судга апелляция, кассация, тафтиш ва Раёсатга тафтиш тартибида Олий судга берилиши қайд этилди. Суд ҳужжати ижросини юқори инстанция суди иш юритиш тамомлангунига қадар тўхтатиб туришга ҳақли эканлиги ҳам алоҳида таъкидланди. Ходимни ишга тиклаш тўғрисидаги ҳал қилув қарори устидан апелляция шикояти (протести) – қарор ижросига доир ҳужжат билан қабул қилиниши шартлиги кўрсатилди. Мазкур талаб бўйича суд ҳужжатининг қабул қилинмаганлиги – суд ҳужжатини бекор қилиш ёки ўзгартириш учун асос бўлади. Шикоят (протест)ни ўрганиш апелляция, кассация, вилоят судларида тафтиш шикояти (протести)ни қайтариш, қабул қилишни рад этиш ёки иш юритишга қабул қилиш масаласи беш кундан кечиктирмай ҳал қилиниши лозим бўлади. Иш юритишни тугатиш, муддатни тиклаш, суд буйруғини бекор қилишни рад этиш, аризани иш юритувга қабул қилишни рад этиш – тўғрисидаги суд ажримлари устидан хусусий шикоят (протест) берилиши мумкин.
Олий судда тафтиш шикояти (протести) қайтариш, қабул қилишни рад этиш масаласи беш кундан кечиктирмай, судлов ҳайъатида кўриб чиқиш учун ўтказиш масаласи 1 ой (иш талаб қилиб олинганда 2 ой) дан кечиктирмай ҳал қилинади. Тафтиш тартибидаги шикоят (протест)ни қайтариш тўғрисидаги ажрим – шикоят (протест) ва унга илова қилинган ҳужжатлар билан бирга қайтарилади. Шикоят (протест)ни ҳайъатда кўрилиши ва кўриб чиқиш муддатлари масаласида ҳам қатор талаблар белгиланди, унга кўра, иш апелляция, кассация ва тафтишда – 3 нафар судьядан иборат таркибда, Раёсатда – аъзоларнинг кўпчилиги ҳозир бўлганда кўриладиган бўлди. Апелляция, кассация ва тафтиш инстанциясида ишни кўриш – 1 ой, айрим ҳолларда қўшимча яна 1 ойгача узайтирилиши мумкинлиги, Раёсатда эса – 2 ойда кўрилиши белгиланди. Шунингдек, Олий суд Раёсатининг қарори бу якуний қарор ҳисоблиб ва унинг устидан шикоят (протест) берилмаслиги жорий этилди.
С.НЕЪМАТЖОНОВ,
Вилоят прокуратураси аграр ва озиқовқат соҳаларини ривожлантиришга оид
қонунчилик ижроси устидан назорат бўлими прокурори, 1-даражали юрист.
