Ишимиз кимларгадир осон кўриниши мумкин. Лекин фаолиятимиз давомида ҳар қандай вазиятга тушиб қолишимизни, “икки йўл ўртасида” турган она ва болани соғ-саломат учраштириш учун қанчалик “ўлиб-тирилишимиз”ни ҳамма ҳам билавермайди. Оддийгина бир мисол. Бир куни дард тутаётган аёлни олиб келишди. Унда туғруқ жараёни бошланганди. Ҳаттоки, қўшимча текширишлар ўтказиш, УЗД аппаратига туширишга ҳам вақт қолмаганди. Бизни ташвишлантираётган томони аёл ҳомиладорлигининг бошида бир марта УЗДга тушган бўлиб, кейин бошқа бу каби текширувлардан ўтмаган экан. У фарзанди эгизак эканлигини айтди холос. Биринчи гўдакни эсон-омон дунёга келтирдик. Иккинчисига келганида аёлнинг аҳволи ёмонлашди. Вазият иккинчи гўдакни зудлик билан кесма-кесар усулида туғдириб олишни тақазо этаётганди. Малакали гинеколог врач ва доялар зудлик билан ишга киришишди. Иккинчи гўдакни ҳам соғ-омон онаси билан учраштирдик. Керакли муолажалардан сўнг она тезда оёққа туриб, икки қизалоғини бағрига босганича оиласи бағрига қайтди… 2006 йилдан бери туғруқхонада ишлаётган бўлсам бу каби ва бундан ҳам оғир кўплаб ҳолатларнинг гувоҳи бўлганман. Она ва боланинг соғ-саломат илк бор учрашганини кўриш менга ҳар сафар нақадар ҳаяжонли ва такрорланмас лаҳзалар ҳадя этишини билсангиз эди…
Менинг шиорим ҳар бир онага ширин муомала қилиб, кўнглини кўтариш. Сабаби ҳар бир онада туғруқ пайтида ва ундан кейин турли руҳий ўзгаришлар юз беради. Қайси бир она сути келмаслигидан чўчиса, бошқасини туғруқдан кейинги асоратлар қийнайди ёки қийналиб туғилган гўдагининг соғлиғи ҳавотирга солади. Бундай чоқларда, айниқса, биринчи марта она бўлган аёлларга тўғри тавсия бериш, ширин муомалада бўлиш, кўнглини кўтариш, қирқ кунлик чилласида ўзига эътиборли бўлиши кераклигини тўғри тушунтира билиш уларнинг кўнглини хотиржам қилади. Оналар туғруқхонадан чиққунларига қадар уларга тўғри овқатланиш, саломатлигига эътибор бериш, болани соатига эмас, талабига қараб кўкрак сути билан боқиш, гўдакни ҳадеб йўргаклайвермай, эркин қўйиш каби қатор тавсиялар берамиз. Кейинги пайтлардаги қулайликлардан бири онага фарзандининг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаси бўлимимизнинг ўзидан берилмоқда. Суюнчи пуллари ҳам шу ернинг ўзида ўзи ёки турмуш ўртоғининг пластик картасига ўтказиб берилмоқда. 87 ўринли бўлимимизда йил бошидан бери 860 та туғруқ қайд этилди. Демак, шунча хонадонга қувонч кириб борди. Бунда эса бизнинг ҳам озми-кўпми ҳиссамиз борлигидан фахрланамиз.
Ҳаётда ҳамма нарса бўлиши мумкин экан. 2020 йилги коронавирус пандемияси даврини эсласам ҳали ҳам юрагим ортига тортиб кетади. Ўша алғов-давғовли кунлар, карантин, шифок орларнинг Гиппократ қасамёдининг синови… Барча оёққа қалққанида мен ўз иш жойимда хотиржам ўтиролмадим. Кўнгиллилар қатори беморларга ёрдам беришга шошилдим. Аввал Назарбек санаториясида ишладим. Кейин Зангиота ковид марказига ўтдим. Жуда азобли, изтиробли ва ўта масъулиятли дамлар эди. Ҳар қадамда ҳаёт ва ўлим билан юзма-юз келардик. Чунки коронавирус айнан ўпкага “ҳужум” қилган ва беморлар орасида кундан-кун оғир даражаси қайд этилаётганлари ортиб борарди. Қанчадан-қанча беморлар тузалди, бевақт ўлим қанчаларини орамиздан олиб кетди. Буни гапириш осон, лекин кўз билан кўриш, бунинг гувоҳига айланиш қанчалик оғир эди. Ҳар бир тиббиёт ходими кундузи роҳатини, тунлари ҳаловатини йўқотиб, “кўзга кўринмас ёв” билан куну тун курашишарди. Юқорида айтганимдек, менинг шиорим беморларга ширин муомалада бўлиб, уларни ширин сўз билан даволаш. Оғир аҳволда ётган, ҳаётининг сўнгги лаҳзаларини бошдан кечираётган беморнинг кўнглини ҳам ширин сўз билан кўтаришга, унинг қалбида умид чироғини ёқишга ҳаракат қилардим.
Шундай қилиб икки йил “кўзга кўринмас ёв” билан ёнма-ён юрдим ва ўзим ҳам унга чалиндим… Ўша пайтларда қайнонамнинг ёшлари катта бўлганлиги учун қийналиб қолмасинлар деб икки қизимни онамнинг қарамоғига ташлаб кетгандим. Шукрки, улар билан дийдор кўришдим. Шукрким, ўз тиббиёт ходимлик қасамёдимга содиқ қолиб, “эл бошига иш тушганда” улар билан ёнма-ён бўлдим, дардларини ўз дардим деб билдим, касалликдан чўчимасдан, чин дилдан муолажа қилдим ва бугун элим, юртим олдида юзим ёруғ. Ўз шифокорлик бурчимни бажаришим учун шароит яратиб берган оилам, яқинларимдан эса жуда-жуда миннатдорман. Бугун ҳамкасбларим билан бирга ўз севган ишимни давом эттираётганимдан ўзимни ниҳоятда бахтли ҳис этаман.
Зуҳра КАРИМОВА,
туман Тиббиёт бирлашмасига қарашли
Туғруқ бўлими олий тоифали дояси.
