“Навоийнинг отини олтин билан ёзайлик…”

“Навоийнинг отини олтин билан ёзайлик…”

 (Давоми. Бошланиши ўтган сонда.)

Энг муҳими, Чўбонзода Ҳусайн Бойқаро девонини нашрга тайёрлаш жараёни хусусидаги сўзбошида: “Бу нусха таниқли ўзбек шоири ва адибларидан Фитратнинг китобхонасидаги нусхадан, бизнинг илтимосимизга кўра, кўпия этилган эди. Биз Фитрат орқадошимизда кўрганимиз ёзма нусха – ёзуви жиҳатидан – жуда очиқ, гўзал бўлгани ҳолда ундан қилинган нусха жуда ибтидоий бир ёзув билан майдонга кетирмишдир. Бунгада сабаб бизим шошганимиз бўлса керак. Ҳар ҳолда боринча буюк заҳмат сарф этиб, биз учун бу нусхани кўпия эттирган Фитрат орқадошга биз “Ташаккур. Соғ ўл!” дейишга бурчимиздир”, деб миннатдорлигини изҳор қилади. Бундай ўзаро қимматли манбалар алмашиш, туркий адабиётни ҳамкорликда ўрганиш Чўбонзода ва Фитрат каби жадид олимлари адабий-илмий хизматларининг бир қиррасини ташкил этади. Дарвоқе, Абдурауф Фитрат ҳам Шарқ мумтоз адабиёти, хусусан, Алишер Навоий асарлари тадқиқи билан алоҳида шуғулланди.

“Адабиёт қоидалари” китобидаги назарий қарашлари баёнида Навоийдан кўплаб мисоллар олди. Шу билан бирга, ўзбек мумтоз адабиётидаги Адиб Аҳмад, Аҳмад Яссавий каби айрим адабий шахсиятлар хусусидаги мақолаларида ҳам Алишер Навоийга мурожаат этди. “Навоийнинг форсий шоирлиги ҳам унинг форсий девони тўғрисида”, “Хамса”нинг “Фарҳод ва Ширин” туркуми, жумладан, Навоий достонига хос индивидуал жиҳатлар ҳақида махсус мақолалар ёзади. Улкан адабиётшунос Фитратнинг бундай асарлари жадид навоийшунослигида ўз ўринига эга, албатта.

1927 йили «Навоийнинг юбилейи ва таржимаи ҳолига янги бир саҳифа» мақоласини ёзиб чиққан Ашурали Зоҳирийнинг Ўзбекистонда ўтказилган Навоий анжуманидан кўнгли тўлмайди. Исмоил Ҳикматнинг «Навоийда лиризм» мақоласи бадиий адабиётга адабий-эстетик нуқтаи назардан ёндашувлар жараёни бошланганини кўрсатади. “Шарқ адабиётида лиризмнинг яшағони ва тадбиқ бўлинғон энг жонли соҳа «ғазал»лардир. Навоийнинг асарларини ҳам тадқиқ этсак, бир неча ғазаллар кўрамиз. Тўртта буюк девониға болалиғидан бери ҳисларининг, ҳаяжонларининг таржимонлари бўлғон ғазалларини қайд этган Навоий, шубҳа йўқки, санъаткор бўлғони қадарда лирик бир шоирдир.

Ёзғон ғазалларининг ҳаммаси бир қувватда, бир хосиятда бўлмағонлиғи ва бўлмаслиғи ҳам ошкорадур. Фақат ичида атрофли бир қалбнинг, яралик бир юракнинг, ҳиж­ронли бир сийна-кўксининг яшағон жуда жонли, жуда ҳазин шеърлари бордир”. Мақола таркибида Навоийнинг бир қанча ғазаллари ва уларнинг таҳлили берилади. Қолаверса, муаллифнинг: “Жилд-жилд шеърлар ёзган бу буюк турк шоирининг қудратини, санъатини, тилини тадқиқ этмак, текширмак бир вазифа ҳам бир шарафдир», деган гапи ҳозирга қадар қимматини йўқотгани йўқ. Олимлар Алишер Навоийнинг бадиий ижодда, поэтик санъатда эришган чўққиси сари интилиш билан машғул. Аммо Навоий чўққисини забт этиш қийин. Бунинг учун эса “Керак шер олдида шер жанги”. Зотан, вазифа шарафлидир.

“Маориф ва ўқитғучи” журналида (1928 йил, 5-6-сон). Ф.Раҳмоннинг “Навоий” мақоласи босилади. Бу ҳам давр журналхонларини Алишер Навоийнинг таржимаи ҳоли билан таништириш йўлидаги хизматлар сирасига киради. Унда Навоий даврига, туркий тил мавқеига, шоирнинг болалик ва ёшлик йилларига, устозларига, асарлари кўламига эътибор берилади. “Султоннинг ўғли Бадиуззамон ва бошқа беклар томонидан Бойқароға исёнлар бўлғонида Алишер ҳар вақт аралашар ва жанжалларни битирар, доимо ҳукуматнинг энг қийин ишларига буюрилар эди”. Бундай далиллар Алишер Навоийнинг ижтимоий-сиёсий мавқеини кўрсатади. Мақола якунида: “Навоий шоирлиги, асарларининг кўплиги ва муҳимлиги билан биринчи ўрунда турадирғон адиблардандир. Адабиётдан бошқа илм ва фан дунёсиға ҳам буюк аҳамият берган. Ёзғон ва ёздирғон тарихлари ва “Муҳокамат ул-луғатайн”и очиқ исботдир…

(Давоми бор.)