Навоий ва Бобур мероси – беқиёс маънавий хазинадир

Навоий ва Бобур мероси – беқиёс маънавий хазинадир

Мана орадан беш асрдан ортиқ вақт ўтибдики, улуғ мутафаккир боболаримиз, сўз мулкининг султони Алишер Навоий ҳамда шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг бой маънавий мероси бутун дунёни ҳайратга солиб келмоқда. Шу кунларда юртимизда Алишер Навоий таваллудининг 583 ҳамда Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 541 йиллиги кенг нишонланмоқда. Туман Маданият саройида туман ҳокимлиги, Оила ва хотин-қизлар бўлими, Маданият бўлими, Ахборот-кутубхона маркази ҳамда Маънавият ва маърифат маркази туман бўлинмаси ҳамкорлигида ушбу икки буюк аллома ҳаёти ва ижодий фаолиятига бағишланган маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирда иштирок этган республика “Олтин мерос” жамғармаси бошқарув кенгаши раҳбари Амирқул Каримов, вилоят бўлими раҳбари Зарифа Эшмирзаева, Заҳириддин Муҳаммад Бобур авлоди вакили Зайниддин Мавлоновлар икки буюк алломанинг ҳаёти ва ижоди ҳақида батафсил сўз юритишди. Тадбирда Навоий ва Бобур ижодидан намуналар ёддан айтилиб, 4-давлат мактабгача таълим муассасаси тарбияланувчилари ижросида куй-қўшиқлар ижро этилди. Маданият бўлими қошида фаолият олиб бораётган “Ҳосил” Халқ мақом дастаси ижросида адиблар қаламига мансуб ғазаллар куйга солиниб ижро этилди. Туман Ахборот-кутубхона маркази томонидан ташкил этилган ҳар иккала ижодкор қаламига мансуб асарлар кўргазмаси иштирокчиларни бефарқ қолдирмади.

Саид ҲАСАНОВ.