Ўзбек мумтоз адабиётининг йирик вакили, буюк шоир, тарихчи, географ, давлат арбоби, истеъдодли саркарда, бобурийлар сулоласи асосчиси, темурий шаҳзода Заҳириддин Муҳаммад Бобур (1483.14.2, Андижон 1530.26.12, Агра) миллатимизнинг энг ёрқин вакилларидан биридир. Тақдир тақазоси билан 12 ёшида тахтга ўтирган Бобурнинг бутун умри жангу жадалларда ўтди. Бобур ҳақида инглиз олими Уильям Эрскин шундай деган эди: “Саховати ва мардлиги, истеъдоди, илм-фан, санъатга муҳаббати ва улар билан муваффақиятли шуғулланиши жиҳатидан Осиёдаги подшоҳлар орасида Бобурга тенг келадиган бирорта подшоҳ топилмайди”. Ҳақиқатан ҳам шундай, шоҳ шоирнинг ўзига хос ватанпарварлик, юксак ҳимматлилик, жасурлик, бошқарувдаги беназирлик, одамларга фаровонлик соғиниш, жангчилар кўнглига йўл топиш, адолаш қилиш фазилатлари умрини безади.
Бобурнинг тарихчи олим, зукко адиб ва дилбар шоир сифатида қолдирган адабий мероси бебаҳодир. Бобур ҳукмдорлик қилиш билан бир қаторда қатор асарлар ҳам яратган. Бобур шеъриятининг асосий мавзуи Ватан, Ватан соғинчи бўлган. Бобур шеърларининг умумий ҳажми 400 дан ортиқ. Шулардан 119 таси ғазал, 231 таси рубоий. Бобур туюқ, қитъа, фард, маснавий каби жанрларда ҳам асарлар яратган. Унинг “Аруз ҳақида рисола” илмий асари Шарқ тилшунослигида катта аҳамиятга эга. Асарда шоир нутқдаги урғули ва урғусиз, узун ва қисқа бўғинлар тизими назариясини бойитган, унинг тасниф ва турларини ривожлантирган. Ўз қарашларини араб, форс тожик ва турк шеърияти манбалари билан асослаб берган. Бобур лирикаси насиҳатларга бой, содда ва самимийдир. У насрда ҳам салмоқли ижод қилган. Бобурнинг барча назмий асарлари “Қобул девони” сўнгра “Ҳинд девони”га жамланган. У 1521 йили фалсафий-диний асари “Мубаййин”ни ёзади. Асарда ислом шариатининг 5 устуни, шунингдек, “Мубаййину-л-закот” солиқ чиқими китобини ёзган. “Бобурнома” – Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг шоҳ асари ҳисобланади.
Рубоий
Сен гулсену мен ҳақир булбулдирмен,
Сен шуъласен, ул шуълаға мен кулдирмен.
Нисбат йўқдур, деб ижтиноб айламаким,
Шоҳмен элга, вале сенга қулдурмен
Ғазал
Ўлум уйқусиға бориб жаҳондин бўлдум осуда,
Мени истасангиз, эй дўстлар, кўргайсиз уйқуда.
Неким тақдир бўлса, ул бўлур таҳқиқ билгайсиз,
Эрур жангу жадал, ранжу риёзат барча беҳуда.
Ўзунгни шод тутқил, ғам ема дунё учун зинҳор
Ки, бир дам ғам емакка арзимас дунёйи фарсуда.
Замона аҳли ичра, эй кўнгул, оё топилғайму,
Сенингдек дард паймову менингдек дард паймуда.
Улусдин тинмадим умримда ҳаргиз лаҳзае, Бобур,
Магар ўлсам бу олам аҳлидин бўлғаймен осуда.
Туюқ
Мени беҳол айлаган ёр ойдурур –
Ким, онинг васли менга ёройдурур.
Гар висоли бўлмаса, кетар ерим
Ё Хуросон, ё Хитой, ё Ройдурур.
Тўртлик
Хаёл этсам ул белни, ҳол элтадур,
Мени бели сори хаёл элтадур.
Қадининг хаёлин кўз асраб магар,
Кўнгул равзасиға них,ол элтадур?
