Велосипеддан йиқилган бола

Велосипеддан йиқилган бола

Унга ҳамма ёрдам қўлини чўзди

Ўша куни Иброҳим Мирабдуллаев тўсатдан велосипеддан йиқилиб, оёғига шикаст етмаганда, ҳозир у тўшакка михланиб қолмаган, дўстлари билан чопқиллаб ўйнаб, синфдошлари билан дарсларда қатнашаётган, 7-синфда таълим олаётган бўларди. Афсуски…

Ўшандан бери бир неча йил ўтди. Шифокорларнинг саъй-ҳаракатлари билан Иброҳим бир оз тузалди. Биз, педагоглар эса боланинг билимини тенгдошларидан ортда қолдиришни ўзимизга маъқул кўрмадик. Ногирон бўлиб қолган иккинчи ўқувчи эса ҳозир 9-синфда ўқиши лозим бўлган Саъдулла ­Сот­волдиевдир.

Давлатимиз ногиронлиги бўлган ўғил-қизларни эътибордан четда қолдирмайди. Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида“ги Қонунлари ҳамда Халқ таълими ва Соғлиқни сақлаш вазирликлари биргаликдаги “Жисмоний ёки психик ривож­ланишида нуқсони бўлган ҳамда узоқ вақт даволанишга муҳтож болаларнинг уйда якка тартибда таълим олиш­ларини ташкил этиш тартиби тўғрисида”ги низомга асосан Халқ таълими вазирлиги томонидан тасдиқланган уларга таълим-тарбия бериш ўқув режаси мавжуд. Низомда ҳар бир мактаб педагоглари ўқувчининг соғлиғи, ҳолати, қизиқиши ва қобилиятини инобатга олиб, ота-оналар билан келишган ҳолда белгиланган фанлардан индивидуал дарс режаси ишлаб чиқиши кўзда тутилган.

Ҳудудимизда икки нафар шундай ногирон бола яшайди. Бир неча йилдирки, жамоамиз аъзолари ушбу низомда кўзда тутилган вазифалар ва тузган ўқув режаларимиз бўйича иш юритиб, уларга таълим-тарбия бериб келаяптилар. Биз биринчи навбатда ўқувчининг имкониятлари ва тиббий хулосани инобатга олганмиз. Ўқув дастурида фанларнинг осон ўзлаштирилиши, боланинг жисмоний ва психик ривожланишини таъминлаш, атроф-муҳит, ижтимоий ҳодисалар ҳақидаги тасаввурини кенгайтириш, маънавий-ахлоқий сифатларини юксалтириш, эстетик дид, ҳис-туйғуларини тарбиялаш, меҳнат кўникмаларини ҳосил қилиш, ривожлантириш ва уларни касб-ҳунарга йўналтириш, дарсликлар, бадиий адабиётлар, бошқа манбалар билан мустақил ишлаш малакасини ривожлантириш кўзда тутилган. Уларнинг янги мавзуларни тез ва осон ўзлаштириб боришларида ота-­оналарнинг кўмаги жуда муҳим. Болаларнинг дарслардан ортда қолмасликлари учун ота-­оналар бизнинг биринчи кўмакдош­ларимизга айланишган. Уларнинг бизга яратаётган яхши шароитлари, қўллаб-қувватлашлари туфайли болалар уй вазифаларини осон бажаришга эришмоқдалар.

Мактабимиз педагоглари бу икки ўқувчининг тенгдош­ларидан ҳар жиҳатдан ортда қолмаслиги учун астой­дил ҳаракат қилишмоқда. Айни кунларда режага асосан устозларимиз ҳафтасига уч мартадан машғулот олиб борадилар. Боланинг янги мавзуни осон ва тез ўзлаштириши биз учун жуда муҳим. Шу боисдан бу вазифани бажаришга тажрибали устозлардан Г.Жунусалиеа, С.Ўтабоева, Г.Рамазонова, Ж.Тагайалиев, Н.Умарова ва бошқаларни жалб этганмиз. Бу болалар ҳамиша эътиборимизда. Давлатимиз ҳамда Президентимизнинг совғаларини ўз вақтида етказиб берамиз. Қолаверса, мактабдош ҳамда синф­дош­лари Саъдулла ва Иброҳимни унутганлари йўқ. Тез-тез хонадонларида бўлиб, саломатликларидан хабар олиб туришади, дарсларини тўла-тўкис бажаришга кўмак­лашишади, байрам совғалари улашишади, бир сўз билан айтганда, оиласига ҳар томонлама ёрдамлашишади.

Р. МАМАРОЗОҚОВА,
12-мактаб психологи