Телефонингиз нимага жим?

Телефонингиз нимага жим?

Бугунги кунда ҳаётимизни телефон, интернетсиз тасаввур қилолмаймиз. Замонавий техникалар интернетга тезда уланишингизни, телефонлар эса истаган одамингиз билан исталган вақтда гаплашишингизни таъминлаб беради.

Лекин бу борада кутилмаган кўнгилсизликлар ҳам бўлиб туради. Афсуски, интернетга уланолмайсиз, телефонингиз эса “жим”. Бунинг сабаби маълум: алоқа кабели ёҳуд телекоммуникация иншоотига нисбатан ўғирлик ҳолати содир этилган ёки қазиш, қурилиш ишлари вақтида узилишлар юз берган бўлади. Натижада ўзингиз учун энг зарур бўлган ахборотни вақтида ололмайсиз ёки ишингиз юзасидан зарур топшириқларингизни бажара олмайсиз.

Бундай кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида мутахассисларимиз томонидан маҳаллалар, таълим муассасалари, корхона ва ташкилотларда мунтазам равишда давра суҳбатлари ўтказилиб, тушунтириш ишлари олиб борилади. Бундай пайтларда иштирокчиларга арзимас ўғирлик орқасидан баъзи кимсалар, ҳатто, жиноий жавобгарликка тортилаётганлиги тўғрисида ҳам баъзи мисолларни келтириб ўтамиз.

Бу борада аниқ фактларга тўхталадиган бўлсак, туман ҳудудида алоқа кабеллари ва телекоммуникация линия иншоотларига нисбатан 10 га яқин ноқонуний хатти-ҳаракатлар кузатилган. Жумладан, аҳоли ва айрим корхоналар томонидан огоҳлантиришсиз алоқа линияларига шикаст етказилган. Натижада ушбу айбдорларга нисбатан жами 54 миллион 160 минг сўм миқдорида жарима қўллаш чоралари кўрилган.

Туманимиз аҳолисидан ҳам бундай нохушликларнинг олдини олишда бизга яқиндан ёрдам беришларини, яъни, агар ўғирлик ҳолатига бўлган уринишларни сезиб қолсалар дарҳол (+99870) 975-21-02 ёки 102 рақамига, шунингдек, (+99870) 975-21-21 рақамига хабар беришларини сўрардик. Унутманг, Сиз бу билан кўплаб инсонларнинг замонавий телекоммуникация хизматларидан узлуксиз фойдаланишларига ўз ҳиссангизни қўшган бўласиз.

Рамзиддин САЙИДХЎЖАЕВ,
Зангиота Телекоммуникациялар
боғламаси етакчи муҳандиси.