(Охири. Бошланиши ўтган сонда.)
Йиллар ўтиб, яна фарзандлик бўлди, бу сафар тақдир уларни эгизаклар билан сийлади. Бу пайтга келиб Каримжоннинг қайнонаси қаттиқ касал бўлиб ётиб қолган, фарзандлари бўлак бўлиб, ҳар қаёққа тарқаб кетишганди. Каримжон хотини ва болалари билан қайнонасининг уйидан қўним топди. Оғир бетоб бўлиб ётган қайнона ҳам бир йилдан сўнг вафот этди. Уларга икки хонадан иборат каталакдек эски уй ва уч сотихча келадиган ҳовли мерос бўлиб қолганди. Инсофлари бор экан, аёлининг акалари ва опаси уй-жойдан мерос талаб қилишмади.
Кейинги пайтларда Каримжоннинг касали тез-тез хуруж қиладиган бўлиб қолган, бир оёғи уйда бўлса, иккинчиси шифохонада эди. Шундай кунларнинг бирида қаттиқ ёмғир ёғиб, омонатгина турган уй деворининг бир томони қулаб тушди. Энди бу ерда яшаш хавфли бўлиб қолганди. Яхши одамлар бор экан, қўни-қўшнилар дарров ёрдамга келишди, улардан бири қўшни маҳалладаги бўш турган уйини таклиф ҳам қилди. Уларнинг бахтига савобталаб ҳомий ҳам топилди. Каримжон қўшниси айтган уйга кўчиб ўтди, ҳомий эса янги уй қуришни бошлаб юборди.
Каримжон касали, бола-чақа ташвиши билан бўлиб икки ой қайнонасидан қолган уйга бормади. Балки тадбиркор таъмирлаб ҳам бўлгандир. Хабар олиши керак эди-да, қачонгача бировнинг уйида туради. У ана шундай хаёллар билан юрганида, йигитни чақириб қолишди. Борди. Лекин уйини таний олмай қолди. Эски хоналар бузилиб, унинг ўрни ва ҳовлининг бир қисмига қурилган беш хонали уй қарамаган одамни ҳам қаратарди. Мебель дейсизми, ошхона жиҳози дейсизми, иссиқ-совуқ сув… ҳаммаси муҳайё қилинганди. Шу куни Каримжон росманасига йиғлади, ўкириб-ўкириб йиғлади. Бу йигитнинг қалбида йиллар давомида йиғилиб қолган алам, изтироб, армон, ғамларни қувиб солган севинч ёшлари эди…
…Каримжон дераза қаршисида ўтириб ўйноқлаб ёғаётган қорга термуларкан, ортда қолган ҳаёти кўз олдидан бирма-бир ўтди. Ҳозир онаси нима қилаётган экан? Охирги марта бундан бир йилча олдин болалигининг энг ширин дамлари ўтган ота ҳовлисига борганида синглиси уй-жойни сотиб, онасини бирга олиб кетганини эшитиб, юрагидан бир нарса узилиб тушгандек бўлди. Онаси яхши юрибдимикан? Ўшанда дили қаттиқ оғриб, онасидан хафа бўлганди. Ҳалигача ҳам тушунолмайди, шундай меҳрибон онанинг нега бирдан ўзгариб қолганлигини. Уй-жой илинжида онасининг фикрини шунчалар бузишга синглисининг қандай қилиб виждони йўл қўйди экан? Акаси билан опаси ҳам ёрдам қўлини чўзмай, ўзларини четга олишди. Каримжон эса яқинлари қолиб бегоналардан меҳр кўриб ўтирибди.
Осмондан қанот қоқиб учиб тушаётган қор гўёки йигитнинг вужудига сингиб, қалбидаги бор ғуборларни ювиб, борлиғини тобора оппоқ, ширин туйғуларга кўмиб борарди. Бирдан юраги ширин орзиқди. Онасини қаттиқ соғинганини ҳис этди. Шу пайт устидаги эски пальтоси ва бошига ўраган уриниб қолган пухли рўмолини буткул қор қоплаган, эгилиб қолган белига бир қўлини қўйганча оёғини зўрға судраб босиб келаётган 90 ёшлар чамасидаги кампир Каримжонларнинг дарвозаси олдига келганида тўхтади. Бироз тин олди. Кейин қаддини бироз тиклаб, қўнғироқни чалиш учун ўнг қўлини кўтарди. Лекин қўли ўзига бўйсунмай ҳавода муаллақ туриб қолди.
Жамила АРСЛОНОВА.
