Қайнонани ҳадеб айблайвериш инсофданми?

Қайнонани ҳадеб айблайвериш инсофданми?

Фейсбук – менинг энг севимли жойим, дўстларим билан диллашадиган энг қулай платформа. Аммо, мана бир неча кундан бери, унга киришдан кўра, тезроқ чиқиб кетиш ҳаракатига тушиб қолдим… Чунки, фейсбук олами ўзбек қайнона­ларига бўлган нафрат, туҳмат, ғараз, ҳасад, хуллас, негативга тўлиб кетибди, ҳаттоки, мен жуда ҳурмат қиладиган фейсбук фаоли “95 фоиз ўзбек аёллари қайнона бўлгач, ифлос маҳлуққа айланади” деб пост ҳам қўйибди…

Эвоҳ, умуман етиб келдикми дейман, келадиган жойимизга? Тўғри, одамлар жорий йилда 34 мингта ажрим бўлганини билиб, бир нималар қилишга, бир нималар дейишга ҳаракат қилишяпти. Аммо, барака топгурлар, бунда фақат қайноналарни (асосан, куёвнинг онасини) айблашни, уларни, яъни миллат оналарини балчиққа ботиришни бас қилинг­лар! Ҳар бир оиланинг ўз ички сири, ўз муаммоси бор. Олдин шуларни ўрганиб, социологик тадқиқотлар ўтказиб, кейин хулоса қилайлик. Қайноналардан бунчалик ёвуз, ялмоғиз, пасткаш, золим образини яратишга ким, нималар сабаб бўлди?

Тўғри, мен социолог ёки психолог эмасман, аммо илмий методологияни биладиган, тадқиқотларни олиб бориш, улардан хулоса чиқариш кўникмасига эга, қолаверса, олий таълимда кўп йиллар давомида меҳнат қилиб келаётган инсон сифатидаги хулосаларим қуйидагилардан иборат:

  1. Телевидение, интернет ресурслар (вайнлар, видеороликлар, сериалларда (айниқса!!!)), айрим босма нашрларда ҳам қайноналарни золим, зулмкор, ҳеч бир иш қилмай, эрталабдан кечгача жанжал қидириб, ўғли билан келинининг ширингина турмушини бузиш ҳаракатидаги салбий образ сифатида тасвирлаш авж олиб кетди. Менга бирор бир асарни айтинглар-чи, унда қайнона ижобий хислатлар билан тасвирланган бўлсин. Йўқ!

Натижада қизлар ҳали турмушга чиқмасиданоқ қайнона деганда золим ва ситамкор инсонни тушуниб вояга етишяпти, куёвнинг уйига қайнонасига нисбатан нафрат ва ҳурматсизлик ҳисси билан кириб боряпти.

  1. Психологларимиз Европа ва Америка психолог­ларининг асарларини сув қилиб ичиб олиб, шарқона дунёқараш, урфу одатларни унутиб қўйишди. Қачон қарамай, интернетда маслаҳат берувчи психологларнинг хулосаси битта – пул топмаётган эркак билан ажрашинг, ота-­онасининг хизматини қилманг, фақат ўзингиз ва болаларингиз учун яшанг ва яна шунга ўхшаган шарқона менталитетга тўғри келмайдиган шиорлар.

Барака топгурлар, сиз янги китоблардаги мақолаларни ўқийсизларми ўзи, психолог хонимлар?! Ахир уларда европаликлар, ўз қўлимиз билан болаларимиз тарбиясини бузиб, жарликка олиб келиб бўлдик, энди нима қиламиз, деб бонг уриб ётишибди-ку!

Наҳотки бизни – донишманд шарқликларни ҳам шундай қисмат кутаётган бўлса?! Унинг ўрнига оиланинг муқаддаслиги, сабр-тоқатнинг устида гуллаб- яшнаши, ривож топиши, келин катталарни ҳурмат қилса, ўзи ҳам ҳурмат кўриши ҳақида чиройли шарқона чиқишлар қилишса эди, ҳозирги келин-қизларимиз бунчалик бетгачопар, сабрсиз бўлишмасмиди?

  1. Оилавий ажримларда қизларнинг онаси ҳам жуда катта роль ўйнаяпти. Тўғри, бир хил оилаларда ҳаддан ташқари яшашга ша­роит бўлмаса, оналар қизини уйи­га қайтариб олиб келиб, тинчгина яшатиши маъқулдир. Аммо тўқликка шўхлик қилаётганлар, ношукурлар, сабрсизлар жуда кўп. Шу нимагадир айрим қайноналар (қизларнинг оналари) ҳамма нарсага бирданига эга бўлишни исташади – куёви жарақ-жарақ пул топиши керак, фақат шу қизини айтганини қилиши керак, худо кўрсатмасин, касал бўлиб қолса, тамом, ундан дарров воз кечиши керак ва ҳоказо.

Айтишмайдики, эру хотин – қўш хўкиз, яьни турмуш юкини баравар тортиши керак. Қизим, сен ҳам озгина ҳаракат қил! Йўқ, бунинг ўрнига, сени таъминлаб қўймаяптими, ажраш! Нима кўп ҳозир, ёши катта пулдор эркаклар кўп, шулардан биттасига иккинчими, учинчими хотин бўлиб оласан, масала ҳал! Эҳ, оналар, оналар, ўртадаги тирик етимларнинг масаласини қандай ҳал қиласизлар?!

  1. Аёл киши бўлсам ҳам, айрим масалаларда эркак­лар томонидаман. Аёлларининг битмас- туганмас орзулари, хоҳишлари, нафси, мақтанчоқлиги эркакларни хароб қиляпти.

Ўзи меҳнат қилишни, бир сўм топишнинг қадрини билмайди, аммо эҳтиёжлари, орзу-ҳаваслари ҳеч қачон тугамайди. Айтгани бўлмаса, кўзини лўқ қилиб “сан ҳам эркакмисан ёки санга тегиб нима кўрдим” дейди. Шунинг орқасидан жанжал қилавериб, эрини уйидан бездириб ташлайди. Олдин оналаримиз бунчалик мол-дунёга ўч бўлишмаган, борига қаноат қилиб, ўзлари ҳам, болалари ҳам отага нисбатан ҳурматни сақлаб келишган. Бечора эркаклар пул топаман деб, ўзларини ўтга, чўққа уриб, хорижга кетишади, йиллар давомида яна янги муаммолар чиқади, ўртага кўп ҳолларда хиёнат аралашади, натижа яна ўша – ажрим.

  1. Оилавий ажримларнинг жуда кўпига хотиннинг эрига, эрнинг хотинига хиёнати сабаб бўлаётган экан, бу ерда қайнонанинг айби нимада? Хуллас, ажримларга фақат ўғилнинг онасини айбдор қилиб кўрсатиш адолатсизлик ва калтабинликдан бошқа нарса эмас.

Фикримни донишмандлар­­нинг 2 та гапи билан якунлайман: 1. Дунёни ўзгартирмоқчи бўлган инсон, аввало, ўзини ўзгартириши керак.
2. Қайтар дунё. Кимки катталарни ҳурмат қилса, ўзи ҳам кексайганида иззат кўради. Ўзбек халқ мақоли: нима ­эксанг, шуни ўрасан. Хитой халқ мақоли: қовоқ эксанг қовоқ, ловия эксанг, ловиянинг ҳосилини оласан.

Саодат МУҲАМЕДОВА,
Ўзбек тили ва адабиёти
университети профессори.