Ҳуқуқий эслатмалар

Ҳуқуқий эслатмалар

Маҳаллаларда хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш ва саломатлигини мус­таҳкамлаш марказлари ҳар бир маҳаллада ташкил этилиши белгиланган. Мазкур марказларда битта ижтимоий лойиҳа доирасида 20 нафаргача хотин-қизларнинг доимий бандлигини таъминлаш мақсадида бандлиги таъминланадиган ҳар бир нафар ишсиз хотин-қиз учун тадбиркорларга 3 миллион сўмгача давлат гранти ажратилади.

* * *

Қонунчиликка кўра, жорий йилнинг 1 нояб­ридан давлат ёнғин назорати органларининг ижобий хулосасини олмасдан, қиш­лоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини аукционга чиқариш, қурилиш объектлари лойи­ҳа-смета ҳужжатларини келишиш ҳамда қурилиш-монтаж ишлари тугалланган объектлардан фойдаланиш учун рухсатнома бериш тақиқланади. Бунда, давлат ёнғин назорати органлари томонидан хулоса бериш муддати 7 кун этиб белгиланади, шунингдек, давлат ёнғин назорати органларига лойиҳа-смета ҳужжатларини келишиш учун мазкур ҳужжатларнинг барча қисмлари тақдим этилади.

* * *

Қонунчиликка кўра, истеъмолчиларга электр энергияси ва табиий газ шартнома асосида улардан фойдаланиш қоида­ларига мувофиқ етказиб берилади. Шартномада тараф­лар­нинг ҳуқуқ ва мажбурияти, ҳисобга олиш асбобларини ўрнатиш, электр энергияси ва табиий газ учун ҳисоб-китоб қилиш ва бошқа шартлар келишиб олинади. Мазкур қоидаларни бузганликлари учун томонлар қонун ҳужжатларига мувофиқ маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортилишлари мумкин.

Шунингдек, тармоқларга ўзбошимчалик билан уланиш, ҳисобга олиш асбобларига, уларнинг пломбаларига шикаст етказиш ёхуд ҳисобга олиш асбобларининг кўрсаткичларини ўзгартириш ўғрилик ёки оз миқдорда талон-торож қилиш сифатида баҳоланиб, жавобгарликка сабаб бўлиши белгиланган.

* * *

Қонунчиликка кўра, якка тартибдаги тадбиркорларга олдиндан тўлов, очилган аккредитив, расмийлаштирилган банк кафолати ва экспорт шартномасини сиёсий ва тижорат таваккалчиликларидан суғурта қилиш бўйича полис мавжуд бўлмасдан мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш ҳуқуқи берилиши белгиланган. Қонунни билмаслик жавобгарликдан озод қилмайди…

Саҳифани Саид ҲАСАНОВ тайёрлади.